2:56

Мартанинг ҳаёти

MP3

Ассалому алайкум. Қувғинлар мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.

Марта – ёшгина Хитойлик масиҳий қиз келин бўлишга фотиҳа қилиб қўйилган эди. Лекин тўйни икки йилга суришга қарор қилди, чунки баъзи ҳудудларда Муқаддас Китобга ўта эҳтиёж сезилганлиги туфайли ўша жойларга Муқаддас Китобларни етказиб бериш учун Худонинг даъватига “Лаббай!” деб жавоб берди. Дэвид Уонг бизга қуйидаги ҳикояни сўзлаб берди:

«Мен Сиань шаҳрида Марта билан бўлиб ўтган учрашувни эслайман. Учрашувни соат 9 га белгилаган эдик, аммо кечаси бирда учрашдик. Яқин атрофдаги қишлоқларнинг бирида Муқаддас Китобларни тарқатаётганлиги туфайли қиз кеч қолибди. Маҳаллий аҳоли ҳукумати унинг фаолиятидан хабар топгач, Мартани тутиб олиб калтаклашибди, бор-бутини олиб қўйиб, саҳронинг ўртасида ташлаб кетишибди. Қизнинг учрашувга кеч қолиб бўлса ҳам етиб келгани қандай мўъжиза!

Мартанинг аҳволи оғирлиги яққол кўриниб турарди. Ўзи озғин, калтакларнинг зарбидан юзлари шишиб кетган. “Нима бўлди? Сени шунчалик калтаклашдими?”

“Йўқ, анчадан бери ўзи шундай”, — деб жавоб берди қиз оёқларидаги куйган жойларининг ва пашша чаққанидан кейин қолган чандиқларни кўрсатиш мақсадида шалварининг пойчаларини шимарди. Хитойнинг узоқ қишлоқ худудларида саёҳат қилиб юрар экан, қиз кўпинча ташландиқ харобаларда ухларди, ҳатто баъзида очиқ далаларда тунашига тўғри келарди. Уни том маънода пашшалар ва қумурсқалар еб тугатган эди. “Эртага биз иккимиз шифокор қабулига борамиз”, — мен уни кўндиришга ҳаракат қилдим.

“Йўқ, йўқ, — деб эътироз билдирди у, — эртага Ички Монголия худудларига жўнайдиган поездга улгуриб боришим керак. Муқаддас Китоблар қани?” Мартани фақат бир нарса хавотирга соларди – Ички Монголияга тезроқ Муқаддас Китобларни етказиб олиб бориш!

1983 йилнинг август ойида Марта кўздан ғойиб бўлди, бедарак йўқолди. Буларнинг ҳаммаси Хитойда, “урушга қарши кампания” вақтида юз берди. Ҳамма жойда масиҳийларни тутиб қатл қилишар эди. Биз Мартадан жуда хавотирландик.

Кейинроқ қиз биродарларимиздан хат бериб юборибди. Аслида бу хат эмас, бир парча қоғоз эди. Қизни “диний афъюн”ни тарқатувчи сифатида айблаб, Хитой Халқ Республикасида тутиб олишибди.

Қисқача хатда шундай дейилган эди: “Мени қандай жазо кутаётганлигини билмайман, аммо сизлардан ўтиниб сўрайман, мен учун ибодат қилинглар”. Марта ўз хатини Павлуснинг сўзлари билан якунлабди: “…Ҳар турли дуо ва ёлворишлари билан, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилинглар. Ибодатда ҳушёр ва саботли бўлиб, барча Худонинг азизлари учун илтижо қилинглар” (Эфесликларга 6:19, 20).

Бир неча кундан кейин эндигина йигирма тўрт баҳорни қаршилаган Мартани қатл қилишганлиги тўғрисидаги шум хабар бизга етиб етиб келди. Эътиқод учун тўланган ҳақ мана шундай эди». Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top