3:37

Холиб ва Ëшуа

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳар биримиз ҳаётда ўзимиз ҳал қила олмайдиган муаммоларга дуч келганмиз. Инсон юрагидаги имонга қараб, муаммога турлича муносабатда бўлади. Бу муносабатлар ҳақида аниқроқ билиш учун Мусо ва Исроил халқи дуч келган муаммога қарайлик. Мусо Канъон юртига ўн иккита айғоқчини юборгани ёдингиздами? Шулар орасидан Холиб билан Ëшуагина тўғри фикрлади ва тўғри йўл тутди. Агар Худо сиз билан бирга Мисрдан чиққан, йўл-йўлакай, кечалари олтингизда, олов устуни шаклида, кундузлари эса булут устуни шаклида кўрсангиз, керак пайтида у сизни самовий нон манна билан, гўшт билан, сув билан таъминлаб турган бўлса, сиздан бақувватроқ бўлган халқдан қўрқармидингиз? Шундай ҳолатда Худога қарармидингиз ёки ўз имкониятингизгами?

Narrator 2 Албатта ҳаммамиз бир овоздан, Худога , деб жавоб берамиз. Чунки биз Худони Исроил халқи каби кўрмаганмиз-да! Бугун Худо имонлиларга кўринмаётган бўлса ҳам, ҳаётларида ишлаяпти. У сизга керакли руҳий ва жисмоний озуқани бераяпти. Унга суяниб иш кўрганингизда сизни қийинчиликлардан олиб чиқаяпти. У ҳар доим сиз билан бирга. Аммо буни ҳар доим ҳам пайқайвермаймиз. Руҳий ҳаётни кўриш қийин бўлгани учун, дунёвий ҳаётимизга қараб иш кўрамиз. Бироқ ўнта айғоқчи билан бирга борган Холиб билан Ëшуа доимо Худонинг ишларини ёдда сақлаган кўринади. Улар Канъон юртидаги одамларнинг баҳайбатлиги, шаҳарларининг мустаҳкамлигини маълум қилиш билан бирга шундай дедилар:

Narrator 1 «- Биз кўриб турган юрт – жуда ҳам яхши жой! Агар Эгамиз биздан мамнун бўлса, У бизни ўша юртга олиб киради, сут ва асал оқиб ётган ўша юртни бизга беради. Фақат Эгамизга қарши исён қилманглар! У юртнинг халқидан қўрқманглар! Улар биз учун осон ўлжа бўлишади. Улар пушти паноҳидан айрилган, Эгамиз эса биз билан бўлади. Улардан қўрқманглар! » (Саҳрода 14:7-9). Халқ Канъон юртини эгаллаб олиш учун келаётган эди. Худо йўл бўйи бу юртни Исроил халқига бериш ҳақидаги ваъдаси эслатиб келди. Улар Худонинг ваъдасига ишонишлари, одамлари баҳайбат, шаҳарлари мустаҳкам бўлса ҳам, бу ёғига нима қилишни Худога қўйиб беришлари, Ундан йўл-йўриқ сўрашлари керак эди. Холиб билан Ëшуа ҳам шу фикрда эди. Улар Худонинг берган ваъдасига заррача ҳам шубҳаланмасди. Бундан буёғига Худо қандай иш тутишини, уларга нима бўлишини билмаса ҳам, «Худо ваъда берган, ва ваъдасини қандай қилиб бўлса ҳам амалга оширади», — деган фикрда эдилар.

Narrator 2 Бунга ишончлари комил эди. Шу ишонч билан халқни ҳам тинчлантиришга уриндилар. Халқ, ўнта айғоқчи ва Холиб билан Ëшуанинг ҳаракатлари ўртасида қандай фарқ бор эди. Холиб билан Ëшуа ҳам халқ дуч келган муаммо қаршисида эди. Уларнинг ҳолати бир хил, худди битта кемага тушгандай. Аммо бундай ҳолатда улар ўзларига эмас, Худонинг қудратига қарашди. Албатта улар ўз кучлари билан баҳайбат одамларни, мустаҳкам деворлар билан ўралган шаҳарни забт эта олмасликларини билардилар. Шундай бўлса ҳам, Худо берган ваъдасини бажаришига ишончлари комил эди. Сиз-чи азиз тингловчи, қийин ҳолга тушганингизда кимга қарайсиз, ўзингизгами ёки Худогами? Худонинг йўллари ҳақида кўпроқ билишни, ўз фикрларингиз билан ўртоқлашишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top