Ассалому алайкум, гўзал ва саботли опа-сингиллар. Ҳар бир аёл саботли бўлиши шарт. Аёл ҳаётда ким бўлмасин, онами, сингилми, опами, рафиқами, ҳаётидаги яхши ўзгаришни сабр-тоқат билан кутади. Ҳаётида яхши кунлар келишига умид қилиб яшайди. Саботли бўлиш аёлнинг табиатида бор. Муқаддас Каломда Худо бизга доимо безмасдан ибодат қилиш кераклигини айтади. Ўз фарзандини севган, келажакда унинг художўй ва яхши инсон бўлиб етишишини истаган аёл, фарзанди учун муттасил ибодат қилади. Ибодат аёлнинг кучли қуроли ва умидидир. Ибодат жой ва вақт танламайди. Аёл қаерда бўлмасин, фарзанди учун ибодат қилиши мумкин. Аёл уйда, кўчада, ишхонада, йўлда ҳар жойда қалбида Худога илтижо қилиши мумкин. Ибодат борасида Исо Масиҳнинг айтган ваъдаси ҳар бир аёлга умид беради. «Сўраб туринг, сизга берилади. Излаб туринг, топасизлар. Тақиллатиб туринг, сизга очилади »(Мат 7:7).
Эшитишимча, япон буддист аёллари ўз қизларининг бахти ва келажаги учун ибодат қилаётганларида, турли ёрқин рангли ипак ипларни ўраб коптокча ясар эканлар. Коптокчанинг ҳажмига қараб, аёлнинг ўз қизи ҳақида қанча кўп ибодат қилишини билиб олиш мумкин экан. Бу коптокчанинг қандай эканини тасаввур қилишимиз мумкин, бироқ мусулмончиликка қаттиқ берилган, ибодатгўй, бобо-бувиларимизнинг уйида тасбеҳни кўрганмиз. Тасбеҳнинг нима учун ишлатилишини ҳам биламиз. Тасбеҳ уларга Худонинг исмини айтиб, Унга ҳамду-сано айтиш кераклигини эслатади. Биз аёллар ҳам бу тасбеҳни ишлатишимиз мумкин. Тасбеҳни олиб, унинг ҳар бир мунчоғини туширганингизда фарзандингиз учун бир нарсани Худодан сўранг. Бу нарса сизга фарзандингиз учун ибодат қилишингиз кераклинини доимо эслатиб турсин.
Муқаддас Каломда сиз-у бизга ўхшаш аёл Ҳанна ҳақида ёзилган. Ҳанна тўнғич фарзанди Шомуилни Худога хизмат қилиши учун маъбадда қолдириб кетгач, унинг учун ибодат қилганми? Каломда унинг ибодат қилгани ҳақида маълумот йўқ. Аммо Ҳанна ҳар йили, ўғли Шомуил учун ўз қўллари билан кийим тикиб, маъбадга олиб келган. Кийим тикаётганида ўғли учун ибодат қилмаган, деб ўйлайсизми?! Ҳанна ҳар сафар ўғли учун бирор бир кийим тикар экан, унинг имонли, меҳрибон, Худо йўлида яхши хизмат қиладиган фарзанд бўлиб етишишини сўрагани аниқ. Агар Ҳаннанинг ўрнида мен бўлсам, мен ҳам ўғлимга кийим тикаётганимда, ибодатларимни, тилакларимни, истакларимни ва меҳримни қўшиб тиккан бўлардим. Худо Ҳаннанинг ибодатига жавоб берди. У ҳар йили ўғлининг ажойиб ва имонли болакай бўлиб ўсишини ўз кўзи билан кўрарди. Шомуилнинг ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, у чиндан ҳам Худога садоқатли, имонли пайғамбар ва тўғри одам бўлди. Бу Ҳаннанинг ибодатига Худонинг берган жавоби эди.
Сиз ҳам фарзандингиз учун ибодат қилишга вақт топа олмаётганингизни баҳона қилаётган бўлсангиз, унинг учун овқат тайёрлаётганингизда, бирор нима сотиб олаётганингизда, бирор нима тикаётганингизда, совға тайёрлаётганингизда ибодат қилинг. Худо ибодатингизни инобатга олади. Исо Масиҳнинг ваъдаси ёдингиздан чиқмасин: « Сўраб туринг, сизга берилади. Излаб туринг, топасизлар. Тақиллатиб туринг, сизга очилади.»