3:25

Сапфира

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Ҳаворийлар китобида бир ҳикоя борки, уни биринчи бор ўқиганингизда сизни ҳам ҳайратга солган бўлса керак. Ҳа бу ҳикоя чиндан ҳам баҳсларга сабаб бўладиган ҳикоя. Келинг, буни сирли қилиб гапирмай, ўша ҳикоянинг ўзини ўқиб эшиттира қолай. Демак, бу ҳикоя Ҳаворийлар 5 боб 1-11 оятларда ёзилган. Диққат қилинг, ҳикоя шундай баён қилинади: “Ҳанания деган бир одам хотини Сапфира билан келишиб, мулкидан бир қисмини сотди. Ҳанания пулнинг бир қисмини ўзига олиб қолди. Хотини бу ҳақда биларди. Ҳанания пулнинг қолганини ҳаворийларга олиб бориб берди. Бутрус ундан сўради: — Ҳанания, нимага шайтонга қалбингдан жой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг? Ернинг пулидан бир қисмини олиб қолдинг–ку! Мулкингни сотмасингдан олдин, у сеники эди, сотганингдан кейин ҳам пул сеники эди. Бундай иш қилишга қандай журъат этдинг?!

Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг! Ҳанания бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди. Бу воқеани эшитганларнинг ҳаммаси қаттиқ ваҳимага тушиб қолди. Йигитлар келиб, унинг жасадини кафанладилар, кейин уни олиб чиқиб, дафн қилдилар. Уч соатлардан кейин Ҳананиянинг хотини келди. Юз берган ҳодисадан у бехабар эди. Бутрус аёлдан сўради: — Менга айт–чи, сен билан эринг ерларингизни фалон–фалон нархга сотдингизларми? — Ҳа, ўшанча нархга сотдик, — деб жавоб берди аёл. Шунда Бутрус аёлга деди: — Нима учун сизлар Эгамизнинг Руҳини синашга қарор қилдингизлар? Ана, эрингни дафн қилган одамлар эшикдан кириб келишяпти. Энди улар сени ҳам олиб чиқадилар. Шу заҳоти аёл ҳам йиқилди–ю жон берди. Йигитлар кириб келиб кўрдиларки, аёл жон берибди. Улар аёлни ҳам олиб бориб, эрининг ёнига дафн қилдилар.»

Илк жамоат ташкил қилинганда, имонга келганлар якдил ва ҳамжиҳат эдилар. Улардан биронтаси ўзига қарашли бирон нарсани “Бу меники”, деб айтмас, бор мол–мулкларини умумий деб билишарди. Имонлилар орасида левилардан бўлган Юсуф исмли бир одам бор эди. У асли Кипрдан эди. Ҳаворийлар унга Барнабо, яъни “далда берувчи” деган ном берган эдилар. Юсуф ҳам даласини сотиб, пулини ҳаворийларга инъом қилди. Табиийки, унинг бу қилган ишини кўпчилик маъқуллаб, шунча қурбонлик қилганини анча вақтгача гапириб юрган бўлишса керак. Ханания билан Сапфира ҳам Худодан эмас, одамлардан олқиш олиш, уларнинг ҳурматига сазовор бўлиш учун шундай ишга қўл уришди. Хўш, шундай қилган бўлса, нима бўпти, бунинг учун ўлишлари шарт эмас эди, дейсизми? Муаммо шундаки, улар имонли бўла туриб, Худони алдашди ва одамларнинг ҳурматига сазовор бўлишни исташди. Энг ёмони уларнинг мақсадлари нотўғри эди. Улар Худодан фақат пулларини эмас, юракларини ҳам қизғанишди.

Бу иккиюзламачилик эди. Бу сўз аслида Юнон тилидан таржима қилинганда “ актёр” деган маънони беради. Юзига ниқоб тақадиган иккиюзламачи. Худо ҳам бундайларга қарата шундай деган, “Бу халқ Мени тилдагина иззат қилади, Юраклари эса Мендан узоқдир. Улар Менга беҳуда сажда қиладилар, Инсон яратган қоидаларни илоҳий қонун деб ўргатадилар.” Бу оятлар яна бир марта ўзимизга, юрагимизга назар солишга сабаб бўлади. Сиз аслида қандай бўлсангиз, бошқаларга ҳам шундай кўринасизми? Имонлилар сифатида бизнинг асосий мақсадимиз ҳақиқатда қолишдир. Биз ҳақиқатдан қанча узоқлашсак, ёлғонга шунча яқин бўлиб қоламиз ва қийналмай ёлғон гапиришни одат қилиб оламиз. Бундай имонлиларга Худо қандай муносабатда бўлар экан-а? Ханания билан Сапфира ҳам ёлғончи эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top