“Мен ўйлайманки, Худо биз – ҳаворийларни гўё намойишда охиргилар қаторида юргизиб, ўлимга маҳкум бўлганлар каби майдонга келтирди. Биз фаришталарҳамда инсонлар олдида, қолаверса, бутун коинот олдида бир томоша бўлдик. Бизлар Масиҳ учун гўё алқсизмиз, лекин сизлар Масиҳ соясида ақллисизлар! Биз заифмиз, сизлар эса кучли! Сизлар шон-шуҳратли, биз эса эътиборсизмиз! Ҳатто шу вақтгача оч-яланғочмиз, чанқоқлик ва калтакларга чидаймиз, саргардон бўлиб юрибмиз. Ўз меҳнатимиз билан кун кўряпмиз. Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз; зулм қилсалар, чидаймиз. Ғийбат қилсалар, юмшоқ жавоб берамиз. Ҳозиргача биз ҳамманинг ахлати, ҳатто дунёнинг супуриндиси бўлиб юрибмиз… Шунинг учун сизлардан ялиниб сўрайман: мен Масиҳдан ўрнак олганимдек, мендан ўрнак олинглар”. (1 Коринфликларга 4) Салом азизлар.
Ёзувдан олинган бугунги парчада Павлус ҳосил берадиган, етук масиҳийларнинг баъзи-бир “танитувчи белгилари”ни кўрсатади: одамларнинг кўз ўнгида улар ўлимга ҳукм қилинганлар, дунё учун улар – фақатгина томоша, Масиҳ учун эса улар — телба, бемадор, азоб-уқубатда юрганлар, оч ва яланғочлар, хўрлик ва калтаклашларни бошдан кечирадилар, дарбадарликда юрадилар, уларни ҳақоратлашади, қувишади, сўкишади, улар дунё учун чиқинди ҳисобланадилар, ҳамма жирканадиган тирик мурдалардир.
Агар буларнинг ҳаммаси мен билан юз бермаган бўлса, мен ҳеч кимга керак эмас, хом имонли ҳисобланаманми? Асло йўқ. Мабодо агар юқорида санаб ўтилганлардан биронтаси ҳам биз билан содир бўлмаса, демак, бу бошқа мамлакатдаги бизнинг биродарларимиз ва сингилларимиз билан юз бераётганлиги ҳақида биз ўйлаб кўришимиз керак. Бизнинг орамиздан қувғинга учрамаётганлар ўз эътиқоди учун қувғинда ва таъқибда юрганларни юпатишимиз, қўллаб-қувватлашимиз керак.
Ҳаворий Павлус Коринфликларга Биринчи Мактуб 11-боб, 1-оятда шундай ёзади: “Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар”. Павлус Масиҳга фақатгина эргашишни даъват этадими, ёки Масиҳ учун азоб-уқубат чекишга ҳам чорлайдими? Луқо баён этган Хушхабардаги Павлуснинг даъватини (9:23) Масиҳ амри нуқтаи назаридан кўриб чиқинг: “…Агар ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ҳар куни ўз хочини кўтариб, ортимдан юрсин”.
Юҳаннонинг Биринчи Мактубида (3:2) шундай дейилади: “…Эй маҳбубларим, ҳозир биз Худонинг болалари бўлсак-да, келажакда нима бўлишимиз ҳануз ноаниқ. Фақат шуни биламизки, Исо Масиҳ зоҳир бўлганда, биз У сингари бўламиз: У қандай бўлса, шундай ҳолда кўрамиз”. Ҳар бир инсон Худо Ўғлининг қиёфасига киришини Худо хоҳлайди. Ишаё китобининг 53:1-10-оятларини ўқинг. Биз фақатгина Масиҳга ўхшаб қолмаслигимиз керак. Биз Унинг ажойиб ва ғалаба қозонувчи Келинига ўхшашга даъват этилганмиз. Сулаймоннинг гўзал Қўшиқларини, Ҳикматлар Китобидаги 31-бобни ва Ваҳий Китобидаги 21:9-27-оятларни ўқиб чиқинг. Барча фикрларингизни телеграм каналимизда кутиб қоламиз. Биз билан бўлганингиз учун раҳмат. Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.