3:40

Руҳий қадриятлар

MP3

Narrаtor 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Ҳали Худода ўзининг шахсини тўлиқ тушуниб етмаган, Худонинг ҳаёти учун режалари ўзиникидан аълороқ эканини англаб етмаган имонлилар ўзининг жинсидан, ёшидан, бўйидан ва ҳатто ҳаётидан ҳам нолийди. Бейсболни ёки футболни ёқтирадиган қизлар ўғил бола бўлишни, ёшлар каттароқ ёшда бўлиб қолишни, қарилар эса ёшаришни, паст бўйлилар баландроқ бўлишни исташади. Баъзилар ҳатто, дунёга келганидан ҳам нолиб, “Бундай яшагандан кўра ўлганим яхши эди”, дейишади. Қанчалик кулгули! Масиҳийлик бу ҳаётимизга Худодан келган ўзгартириб бўлмайдиган ҳамма нарсани камтарлик ва миннатдорчилик билан қабул қилиш, дегани. Бу бизнинг Худодан берилган тақдиримиз, уни биз имкон қадар Уни улуғлаш ва бошқаларни марҳаматлаш учун ишлатишимиз керак.

Narrаtor 2 Биз ҳаворий Павлус билан бирга қуйидагиларни такрорлашимиз керак, “Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир.” Биз ташқи камчиликларимиз ҳақида унутиб, Худонинг Шоҳлиги пайида бўлсак, атрофимиздаги биродарларимиз бизни ташқи чиройимиз учун эмас, ички руҳий шахсиятимиз учун севишини билиб оламиз. Кейинги 10-11 оятларда Ёқуб бой одамга мурожаат қилади, “Бой биродар эса Худога муҳтож эканлигидан шодлансин. Чунки ўз бойлигига таянган киши дашт гулидай хазон бўлади. Қуёш жазирама иссиғи билан даштнинг ўт–ўланларини қовжиратиб юборади. Гулларнинг гўзаллиги йўқолиб, хазон бўлади. Бойлик орқасидан қувиб, давлатига таянганлар ҳам худди шу сингари нобуд бўлишади.”

Narrаtor 1 Қизиқ, у бойларга қарата, “Бой одам бойлиги билан мақтансин”, дегани йўқ. Аксинча, ўзининг Худони олдида фақир эканлигидан, Унга муҳтож эканлигидан шодлансин, дейди. Шу жойда Худованд Еремия пайғамбар орқали айтганлари ёдимга тушди, “Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Донолар донолиги билан мақтанмасин. Кучлилар кучи билан мақтанмасин. Бойлар бойлиги билан мақтанмасин. Ким мақтанмоқчи бўлса, Худони биламан, деб мақтансин, Худони тушунаман, деб мақтансин. Мен Эгангизман. Мен меҳр–шафқат кўрсатаман, ер юзида адолату ҳақиқат ила иш тутаман. Бундай қилишдан Мен завқланаман.” Эгамизнинг каломи шудир.” Аслида бой одам ҳам бутун моддий бойлигидан маҳрум бўлса ҳам мақтанишнинг асл сабабини топа олади. Эҳтимол, бундай омадсизликлар ва моддий инқирозлар уни Худога етаклар. Бироқ агар у аллақачон масиҳий бўлса, бир кун келиб самода ердагидан, йўқотганидан кўра яхшироқ бойликка эга бўлиши билан шодланса бўлади.

Narrаtor 2 Ердаги бойлик худди ўт каби қурийди — ҳаммаси ўтиб кетади. Агар инсон бу дунёда фақат моддий манфаат учун яшаётган бўлса ва шу учун яшаган бўлса, унинг ҳаёти қабр оғзидаёқ тугайди. Ёқуб ўтларнинг қуришини бойлигига таянган одамнинг ҳаётини тугашига ўхшатади. Асосий диққат қаратиш керак бўлган нарса бу – қуёш ва шамол ҳам руҳий қадриятларни йўқота олмайди. Бизнинг диққатимизни ердаги қадриятлардан самодаги қадриятларга қаратадиган ҳар қандай синов ва қийинчиликлар бу Худонинг яширин марҳаматидир. Бу мавзунинг охирида Ёқуб шундай дейди. “Синовларга бардош берган одам бахтлидир. Чунки у синовдан ўтгач, ҳаёт тожи билан тақдирланади. Бундай тожни Худо Ўзини севганларга ваъда қилган.” Чиндан ҳам синовларга сабр-тоқат қилган, қийинчиликлар пайтида Худодан донолик олиб тўғри яшаб ўтган имонли нафақат у дунёда Худонинг ҳаёт тожига эга бўлади, балки бу дунёда ҳам Руҳнинг самарасига эришади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top