Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Атрофдаги катталар ва тажрибали эр-хотинлардан, “жанжалсиз оила бўлмайди”, деган гапларни эшитамиз. Албатта, бундай оила бўлмайди, аммо қандай қилиб жанжал пайтида ғазабни тийиб туриш мумкин? Бу саволга бугун имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Афсуски, биз асабийлашишлар ва доим ишлар тиғиз ва ҳамма нарсага улгуриш асрида яшаяпмиз. Асабийлашиш ҳаётимиз учун оддий ҳол бўлиб қолди. Бироқ бундай пайтларда жаҳлга эрк бермасликка ҳаракат қилинг. Чунки жаҳл энг мустаҳкам муносабатларни ҳам бузади. Шунинг учун ҳам баҳс ва жанжаллар пайтида ғазабни тийишни ўрганиш жуда ҳам муҳим. Хўш, қандай қилиб жанжаллашганда жаҳлни тийиш мумкин? Бундай қила олсак, соғлиғимизга ҳам анча ёрдам қилган бўламиз.
Narrator 2 Оилавий психологлар ва бошқа олимларнинг фикрича, энг аввало тўғри овқатланиш бир қатор касалликларнинг олдини олиб, улардан қутулишга ҳам ёрдам берар экан. Яхши муносабатларнинг душмани бу очлик. Агар оч бўлсанг, демак жаҳл қилишга мойилсан. Буни ҳамма билади. Очлик пайтида организм серотонин моддасига эҳтиёж сезади. Бу моддани эса овқатдаги аминокислоталар ишлаб чиқаради. Шунинг учун жаҳлдор бўлмаслик учун оч қолмаслик керак. Бироқ, ортиқча ейиш ҳам яхши тўймаслик каби зарарлидир. Кераксиз ҳиссиётларни уйғотувчи моддалардан бири бу спиртли ичимлик. Нима қилиш кераклигини англаган бўлсангиз керак. Ундан ташқари турли зираворларни ҳаддан ташқари кўп ишлатмаслик керак.Уларни ортиқча даражада ишлатиш салбий ҳисларни уйғотади. Яна ўтмишни унутмаслик ҳам жахлни тийишга ёрдам беради. Қандай қилиб дейсизми?
Narrator 1 Аввалги жанжалларингизни эсланг, ундан кейин қандай хулоса чиқарганингизни эсланг. Аввалги жанжалларни эсласангиз, ҳозирги жанжалга тайёр бўласиз. Ўз-ўзингизни яхши якунга программалаштиринг. Жанжалдан яхши нарса чиқмаслиги ёдингизда бўлсин. Имкон қадар танқид қилмасликка ҳаракат қилинг. Агар сизни танқид қилишаётган бўлса ёки ҳақорат қилишаётган бўлса, унда бунинг сабабини билишга ҳаракат қилинг. Сизни ҳақорат қилган одам билан гаплашиб олинг. Бундай гаплар айтишига нима сабаб бўлганини билиб олинг. Албатта бу осон эмас. Чунки кимдир бизни ҳақоратлаганда, жахлимиз чиқади, бироқ шу дамда диққатингизни ҳақоратга эмас, унинг ортидаги сабабга қаратинг. Ҳолатни таҳлил қилиб, муаммога тўғри ёндошишга ҳаракат қилинг. Бу келишмовчиликни пасайтириб, жанжал пайтида ғазабни тийишингизга ёрдам беради. Кейинги усул бу сабр-тоқат.
Narrator 2 Жанжални босиш унинг олдини олишдан кўра қийинроқ, шунинг учун жанжал чиқишини кўнглингиз сезиб турган бўлса, бу жанжал чиқмаслигининг олдини олинг. Бу пайтда шошқалоқлик қилмай, сизга гапираётган ва сиз билан баҳслашаётган одамни ҳотиржамлик ва сабр-тоқат билан тингланг. Баҳслашишга шошилманг, чунки баъзилар билан баҳслашишнинг фойдаси йўқ. Унинг фикрларига қарши фикр айтишга шошилманг. Баъзи одамлар табиатан баҳслашишни ёқтирадилар. Бундай одамлар билан баҳслашмай, уларнинг фикрларига қўшилганингизни кўрсатганингиз энг яхши йўл бўлади. Бу одатингиз қаршингиздаги жанжалкашни кучсизлантириб қўяди. Агар яхши ҳазилкаш бўлсангиз, чиройли ва шахсиятига тегмайдиган қилиб ҳазиллашинг. Бу ҳам жанжални ва баҳсларни юмшатади. Хуллас, энг муҳими, жанжал бўлишини олдиндан сезсангиз, буни бошламасдан тўҳтатишга ҳаракат қилинг. Шундай қила олсангиз, ўнта шаҳарни енгган паҳлавондан ҳам кучли бўласиз.