MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Ҳаёт қувонч ва ташвишларга тўла. Ҳар бир инсон ўзига берилган ҳаётни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилади. Аммо ҳаётда яшаш осон эмас. Ҳаёт қувончларидан кўра ташвишлари кўпроқ. Ҳаётда азоб чекаётган киши, «Бошқаларнинг ҳаёти меникидан яхшироқ ўтаяпти», деб ўйлайди. Чиндан ҳам кимдир бошқасидан кўра осонроқ ҳаёт кечиради. Бундай одам кўп ҳолатда умрнинг асл мақсади ва мазмуни ҳақида ўйламасдан ўтиб кетади. Ҳаётда азоб чекаётган бўлсангиз, асло бундан тушкунликка тушманг. Мана шу азобли, ташвишларга бой кунлар сизга жуда кўп нарсаларни ўргатади. Бугунги суҳбатимиз ҳам оғриқ ва азоб ҳақида. Оғриқ – ҳеч ким хушламайдиган, ёқимсиз бир нарса. Бироқ бугун унга Худонинг назари билан қарашга қарор қилдик.

Narrator 2 Художўй киши бўлсангиз, оғриқ сиз учун бошқача маъно касб этиши керак. Аслида оғриқни кучли интилишнинг ёқилғиси дейиш мумкин. Чунки айнан оғриқ ва азоблар бизни Худовандга томон интилишимизга қувват беради. Азоб чекканимизда, «Худованд мени ёқтирмас экан-да», — деган ўй ҳаёлимизга келади. Аммо ундай ўйламанг. Бу сизни руҳий мудроқликдан уйғотадиган Худонинг усули ҳолос. Киши ҳаёти бир текисда яхши ва муаммоларсиз кечса, Худони унутиб қўяди. Бундай ҳолат Худони таниб биладиган имонли кишида ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Худованд сизга оғриқли вазиятни беради. Ҳаётингизда бўлаётган муаммолар ва оғриқларни Худонинг жазоси деб қараманг. Улар доим ҳам Худонинг жазоси бўлавермайди. Баъзан улар севгучи Худованднинг сизни руҳий уйқудан уйғотадиган чақириғи бўлиши ҳам мумкин.

Narrator 1 Инсон табиати жуда қизиқ, у то жисмонан азоб чекмагунча, қилган хатоларига қайрилиб ҳам қарамайди, Худони эсламайди. Қачон қийинчиликка дуч келганимизда Худовандни эслаб ёрдамга чақирамиз. Қадамларимизни сарҳисоб қила бошлаймиз. Қандай хатога йўл қўйганимизни ўйлаймиз. Топиб, Худога тавба қиламиз. Аслида оғриқли вазиятларни беришга Худовандни мажбур қилмай, доимо У билан яқин муносабатда яшашимиз мумкин-ку?! Бироқ кўп ҳолларда ундай бўлмайди. Худованднинг Ўзи ишга киришишига тўғри келади. Шунда Унинг ғазабини руҳан ҳис қиламиз. Худо сиздан ғазабланмайди, У сизнинг қилган ишларингиздан ғазабланади. У сизни эмас, гуноҳни ёмон кўради. У сизнинг эътиборингиз, юрагингиз дунёдаги бир ёки бир нечта нарсага қаратилганини, ҳаётингиздан улар биринчи ўринни эгаллаганини ёқтирмайди.

Narrator 2 Ҳаётимиз тахтига Худони эмас, бошқа нарсаларни қўйиш эса, энг катта гуноҳдир. Худованд сизни нима учун яратганини унутманг. Сиз У билан яқин муносабатда бўлиш учун яратилгансиз. Сиз У билан яқин муносабатда бўлмагунингизча, Худованд сизни ҳар турли ҳолатлар билан бунга ундайверади. Буни тушуниш учун жуда ҳам ақлли бўлиш шарт эмас. Азобли онлар тез-тез такрорланаётган бўлса, Худодан сўранг. Уларнинг сабабини фақат Унинг Ўзи очиб бера олади. Балки бу гуноҳларингизнинг натижасидир, балки Худога яқинлашиш учун чақириқ. Нима бўлганда ҳам Худованд ҳаётингиз тахтини эгаллашни истайди. Оғриқлар келишига йўл қўймай, Худованд билан яқин муносабатни тикланг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top