Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бир неча минг йиллардан буён, Масиҳ издошларини азоблайдиганлар масиҳийларнинг нега бунчалик ўз имонига ва Худога садоқатини кўриб ҳайратга тушганлар. Бу ҳайратланиш йилдан йилга такрорланиб келаверган. Бугун 1950 йилларнинг охирида бир қамоқхона қўриқчисининг гувоҳлигини эътиборингизга ҳавола қиламиз. “Бунга жуда кўп йиллар бўлган бўлса ҳам ўша воқеа худди кеча бўлгандек ёдимда аниқ муҳрланиб қолган. Коммунистик партия ҳукм сурган йиллар, сиёсат ҳам ҳеч қандай динни ва удумларни тан олмайдиган пайтлар эди. Ким ўша даврларда яшаган бўлса, бу давр сиёсати қандай бўлганини яхши билади. Мен ўшанда ёш, эндигина хизматни тугатиб, ишга кирган пайтларим эди. Мени қамоқхонага кичик зобит қилиб ўтказишди. У ерда аввал ҳеч қачон кўрмаган ишларимни кўриб, эшитмаган даҳшатларни эшитдим.
Narrator 2 Қамоқхонадан ташқарида оддий одамлар Масиҳ ва масиҳийлар ҳақида ҳеч нарса билмайди, сабаби уларни масиҳийлиги учун эмас, коммунистик партияга қарши сиёсат олиб боргани учун, деб қамашарди. Ишга кираётганимда мени таниган билганлар дўстона маслаҳат бердилар. Қамоқхонада кўзинг кўр, қулоғинг кар бўлсин. Сенинг ишинг фақат зиммангдаги ишни бажариш ва партияга садоқат билан хизмат қилиш, дедилар. Мен ҳам уларнинг маслаҳатига амал қилиб ишлаб юрдим. Аста-секин бу қамоқхона ичида масиҳийлар деган маҳбуслар борлигини эшитдим. Уларни бошқа маҳбуслардан кўра қаттиқроқ ва аёвсиз азоблашарди. Уриб дўппослашар, товонларига резина таёқ билан уришарди. Бу жуда узоқ давом этадиган азобнинг тури эди. Баъзиларини ўзларининг бўйи билан тенг бўлган михлар қоқилган қутига тик турғизиб қўйишарди.
Narrator 1 Бир неча соатлаб тик туриш чарчатар, михларга суяниш эса азоб берарди. Ҳолдан тойган пайтда маҳбусларнинг боши айланарди. Яна бир азоб усулидан бири жинсий аъзоларига уриш эди. Хушдан кетиб қолмаслик учун ҳамширалар укол қилар, ўзига келтириб яна азоб берардилар. Бундай қийноқлардан масиҳий маҳбуслар матонат билан ўтар, баъзилари чалажон ҳолда камераларга судраб олиб кириб ташланса, бошқалари ўлар ҳолатга келиб қолардилар. Ўлиши яқин бўлган маҳбусларга эса охирги марта хотини ва оиласи билан кўришиш имконини берардилар. Бир куни менинг навбатим куни шундай бўлди. Мен ўладиган маҳбусни рафиқаси билан кўриштиргани олиб келиб, четда ўзим улардан кўз узмай турдим. Бу маҳбус азоблардан силласи қуриган, зўрға гапирар аммо бу имкониятдан миннатдорлиги сўзларидан билиниб турарди.
Narrator 2 У рафиқасига шундай деди: “Азизам, унутма. Мен мени азоблаб ўлдирганларга нисбатан севги билан Раббимнинг олдига кетяпман. Улар нима қилаётганларини билмайдилар. Сендан илтимос қиламан, сен ҳам улардан нафратланма. Сен билан самода учрашамиз.” Унинг сўзларидан шундай ҳайратландимки, узоқ вақтгача ўзимга келолмадим. Қандай қилиб бир одам ўзини азоблаганлар ва ўлдирганларга нисбатан севгини ҳис қилиши мумкин? Бу қандай ишонч бўлди? Уларни шундай гапиришга ва шундай иш тутишга нима мажбур қилади? Шу кундан бошлаб, масиҳийларни яхшироқ кузатадиган ва улардаги севги ва қудратнинг манбаини топишга ҳаракат қила бошладим. Улар ҳақида суриштира бошладим. Кўпроқ нарса билиб олгач, яширинча масиҳий чўпонлардан бири билан учрашиб, мен ҳам Масиҳни ҳаётимга киритмоқчи эканлигимни айтдим. Менинг масиҳий эканлигим маълум бўлгач, ишдан бўшатиб мени ҳам ўзим ишлаган қамоқхонага тиқдилар. Ўша ерда масиҳийлик учун ҳақиқий азоб қандай бўлишини татиб кўрдим. Ўша ерда Масиҳ биз учун қандай азоб чекканини ўз танамда ҳис қилдим.