3:27

Масиҳийнинг севгиси ва жасорати

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Биласизки, Худонинг халқи Исо Масиҳ номи туфайли қувғинлар ва таъқибларда бўлган. Шунга қарамай Худованд Ўз халқининг ҳақлигини нурдек таратмоқда. Бугунги гувоҳлигимиз ҳар бир биродарни ўз ҳаёти ва юрагини текшириб кўришига ундаса ажаб эмас. 1983 йиллар эсимда. Жамоатлар деярли йўқ, бўлганлари ҳам коммунистлар таъқибига учраган йиллар эди. Бир масиҳий бева аёл ўз ўғли билан кичик шаҳарчада яшарди. Бу аёл тез-тез одамлар учун Исо Масиҳ номи билан ибодат қилар, улар эса шифо топиб кетардилар. Бир куни ўлар ҳолатдаги касал одамни унинг олдига келтиришди. Шифокорлар умид йўқ дейишган бўлса-да, оиласи умидини йўқотмай, Исо Масиҳ номи билан ибодат қилиши учун уни ўша ерга келтиришган эди. Касал кишининг ўтиришга ҳам мажоли бўлмагани учун уни ётқизишди. Масиҳий бева аёл унинг учун Худога ибодат қила бошлади. Бироқ ибодат охирига етмасидан олдин, касал ўлди.

Narrator 2 Уларнинг қонунига кўра, агар бирор киши бошқа бир одамнинг қўлида жон берса, ўша одам унинг ўлимига жавобгар бўлади ва ўша одам учун хун олиниши керак. Яъни, қотиллик қилгани учун у ҳам ўлиши керак. Милиция ходимлари келиб бева аёлни, унинг ўғли билан келинини ҳибсга олишди. Ниҳоят, суд куни келди. Уч масиҳий ҳукм курсисида ўтирар эди. Бу хабар аллақачон бутун шаҳарга овоза бўлган эди. Суд зали бир неча юз одамга тўлиб кетган эди. Баъзилар масиҳийларнинг жазо олишини кўриш учун келган бўлса, масиҳийлар ўз биродарлари учун ибодат қилишга келган эдилар. Бева аёлни сўроқ қилишди. Кекса аёл шундай деди, “Ҳурматли судья, мен айбимни тан оламан. Марҳумни менинг уйимга олиб келишди ва мен унинг учун ибодат қилаётганимда у ўлиб қолди. Шунинг учун мен ўлим ҳукмини бўйнимга оламан. Ўғлим билан келинимнинг айби йўқ. Мен ёшимни яшаб бўлдим. Улар эса ҳали ёш. Ҳали халқимизга кўп хизмат қилишлари керак.”

Narrator 1 Ўғил ҳам сўроққа тутилди. Ўғли эса бундай деди, “Ҳурматли судья, мен оиланинг боши ва шу уйнинг эркагиман. Бўлган ишга мен жавобгарман, онам кекса ва у беозор. Хотиним эса бу ишга аралашмаган. Шунинг учун мен ўлим ҳукмини ўз бўйнимга оламан.” Судья ва бутун зал уларнинг жавобидан ҳайратланди. Келинни чақиришди, у ҳам ўшандай бошқаларни қўйиб юборишни уларнинг ўрнига ўзини ўлимга ҳукм қилишларини сўради. Судья нима қилишни билмай қолди. Уларнинг ҳар бири ўлимга рози эканликларини айтишарди. Судья иш фаолияти давомида ҳали бунақасини кўрмаган эди. Бу хабар бутун вилоятга тарқалиб кетди. Бу масиҳийча севги ва жасоратнинг гувоҳлиги эди. Судья шундай деди, “Ҳеч бирингиз марҳумнинг ўлимида айбдор эмассиз.” Сўнг уларнинг бирини 8 йилга, бошқаларини эса 7 ва 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Narrator 2 Бу уч масиҳий кўнгилларини чўктирмай, қамоқ жазосини Худонинг имконияти деб қабул қилишди. Қамоқда юзлаб жонларга хушхабар айтиш ва уларга Худонинг севгисини кўрсатиш хизматини бажонудил қабул қилдилар. Улар чиндан ҳам қамоқда Худога чин дилдан хизмат қилдилар. Худованд берган имкониятдан фойдаланиб, бир неча юз инсонларга хушхабар айтдилар. Бунинг оқибатида қамоқ ичида қийноқларга тутилдилар, аммо кўпчилик Худонинг нажотига ишонди. Бугун улар яна бир оила бўлиб бирлашишган. Ҳар уччаласи ҳам Худога хизмат қилишда давом этмоқда. Аввалгидек, хушхабар айтиб, биродарларга далда бериб, ҳасталар учун ибодат қилишни канда қилганлари йўқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top