Ассалому алайкум азиз биродарлар. Ваҳий китобининг охиридаги сўзлар бизни ҳозирги вақтдаги ҳаётга қайтариб, Исонинг келишини кутар эканмиз, давомий кураш бориши ҳақида эслатади.
Шундай экан, бу дунёдаги масиҳий ҳаётни шакллантирадиган бир неча омиллар мавжуд бўлиб, улар ҳақида Янги Аҳдда бир неча жойларда айтиб ўтилган. Албатта, уларнинг биринчиси — Хушхабар воқеасидир.
Иккинчиси эса, Хушхабар натижасида содир бўладиган барча нарсаларнинг якунига етишидир. Демак, бизнинг ҳозирги вақтдаги имондаги ҳаётимиз ўтмиш ва келажакдаги мана шу икки воқеа билан алоқадор экан.
Колосаликларга мактубининг 3 боби 1 оятидан 5 оятларигача бўлган жойлар жуда муҳим оятлар бўлиб, уларда мана шу воқеалар ўртасидаги муносабат лўнда қилиб тушунтириб берилган.
Бу оятларни синчиклаб текшириб кўрадиган бўлсак, ўтмишдаги Хушхабар воқеаси ва келажакда содир бўладиган Хушхабарнинг якунига етиши ҳодисаси бизнинг ҳозирги вақтдаги масиҳий ҳаётимизни шакллантириб боради.
Ушбу оятлардаги “экансиз, чунки, шундай қилиб” сўзлари мана шу воқеалар ўртасидаги муносабатни кўрсатиб беради. Ўз ўрнида яна икки нарса ҳақида тўхталиб ўтишимиз керак.
Биринчидан, барча нарсаларнинг якунланиши фақат Хушхабар туфайлигина содир бўлади. Ўшанда Хушхабарнинг натижаси ва аҳамияти бутун яратилган мавжудотда намоён бўлиб, ҳамма буни тан олади.
У пайтда Худо нажотини қабул қилишга кеч бўлади, чунки унда Масиҳ ҳукм қилиш учун қайтиб келади. Шунга қарамай, масиҳийлар учун бу воқеа ҳукмдан қўрқув эмас, балки умид манбаидир.
Шундай экан, улар қўрқув туфайли эмас, балки Масиҳ каби бўлишни истаганлари туфайли муқаддас ҳаёт кечиришга ҳаракат қилишлари керак. Иккинчидан, Масиҳнинг қайтиб келиши бизга далда беради, чунки бу воқеа Хушхабар воқеасига боғлиқ ва унга асослангандир.
Масиҳ қайтиб келганда биз “Масиҳда” имон орқали эришган нарсалар энди чинакамига ичимизда содир бўлади, унгача эса, ичимизда ишлаётган Муқаддас Руҳ орқали биз ўша мақсад томон интилиб борамиз.
Демак, ўтмишдаги Хушхабар воқеаси ва ҳозирги вақтдаги ҳаётимизда кураш бориши ўртасида яқин алоқа мавжуд, аммо баъзан биз буларни бир-биридан ажратишга ҳаракат қиламиз.
Азизлар, Янги Аҳдда муқаддас ҳаёт кечириш ҳақида кўпгина буйруқ ва насиҳатлар мавжуд. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: www.dilkashradio.com хайр саломат бўлинг.