3:08

«Йўқ» дейишни ўрганинг

MP3

Ассалому алайкум. Баъзида кимдир бировни мақтаётганда «Жуда яхши аёл, ҳеч қачон «йўқ», — демайди», деган гапларни эшитамиз. Ҳар доим ҳам киши ўзига ёки бошқаларга «Ҳа» дейиш, унга фойда келтирмайди. Сиз бирор бир кишининг илтимосига «Ҳа» дер экансиз, нафақат ўз имкониятингизни балки уйдагиларнинг ҳолатини ҳам ҳисобга олишингиз керак. Сизнинг «Ҳа» деган жавобингиз сизнинг вақтингизни олибгина қолмай, ўз вазифангизни тўғри ва рисоладагидек бажаришингизга ҳалал беради. Агар шундай бўлса, «Ҳа» дейиш сизга катта зиён етказади. Ақлли аёл эса ўзига зиён етказадиган ишлардан қочади. Сиз бошқаларга яхшилик қиламан, деб ўзингиз ва оила аъзоларингизга зиён етказиб қўясиз. Худонинг назаридаги аёл бундай бўлмайди. Худо назаридаги аёл энг бирини ўринда оила аъзоларига зиён келтирмайди. Шунинг учун ақлли аёл бирор кимнинг илтимосига «Ҳа» дейишдан олдин, шу сўзнинг ортидан келадиган натижани ҳисобга олади. Сизга маслаҳатимиз, агар сизнинг «Ҳа» деган сўзингиз ўзингизга ва оила аъзоларингизга зиён етказадиган бўлса, яхшиси бу сўзнинг ўрнига «Йўқ» деган сўзни ишлатинг. Бу сўз ҳар доим ҳам ёмон бўлавермайди. Ўз вақтини қадрлаган аёл, «Йўқ» дейишни ҳам билиши керак. Бу сўз сизнинг вақтингизни тежайди, сизни тартибга ўргатади. Шу билан бирга бошқаларда ҳам сизга нисбатан ҳурмат уйғотади. Сиз нафақат бошқаларга, ўз-ўзингизга ҳам «йўқ» дейишни ўрганишингиз керак.

Инсон танаси дангасаликка мойил бўлади. Ишингиз тиғиз пайтларида телевизор кўргингиз келиб қолади ёки пича мизғиб олишни истайсиз. Шундай пайтларда ўз-ўзингизга «йўқ» дейишингиз керак. Чунки бу телвизор кўриш ёки мизғиб олиш учун яхши вақт эмас. Аслида бироз телвизор кўришнинг ёки мизғиб олишнинг ёмон жойи йўқ. Фақат мана шу машғулотларни тўғри вақтга кўчириш керак бўлади. Вақтингизни тежашга ҳалал берадиган ҳар қандай нарсага «Йўқ» дейишингиз керак. Масалан, бирор бир иш билан бандсиз. Шу ишни бажариш учун вақт белгилагансиз. Ҳар бир дақиқангиз қадрли. Шунда ногоҳ телефон жиринглаб қолди. Олмасликнинг иложи йўқ. Бориб оласиз. Дугонангиз экан. Шунда унинг кўнглини ранжитмаслик учун «йўқ» деёлмай, у билан суҳбатлашасиз. Бу суҳбатлашиш сизга қимматга тушиши мумкин. Ахир сиз вақтингизни бекорга йўқотаяпсиз. Бунинг ўрнига сиз жуда ажойиб усулни қўллашингиз мумкин. Масалан, сиз дугонангизга ёки қўнғироқ қилаётган бошқа бир кишига шундай денг: «Агар айтадиган гапингиз жуда зарур бўлмаса, кейинроқ ўзим сизга қўнғироқ қилсам майлими?». Буни мулойимлик билан айтинг. Шунда телефон қилаётган киши ҳам ранжимайди. Сиз ҳам вақтингизни йўқотмайсиз.

Вақтингизни тежаш сизнинг кундалик вазифангизга, шиорингизга айланиб қолсин. Кун давомида қилиниши зарур бўлган ишни биринчи бўлиб бажарсангиз, елкангиздан тоғ ағдарилгандай бўлади. Кейин эса қолган майда-чуйда ишларни бажараверасиз. Уйқуга ётишдан олдин кейинги кун учун режа тузинг. Эртага қиладиган ишларингиз, пиширадиган овқатингизгача бир кун олдин режа қилиб қўйинг. Бу сизнинг ишингизни осонлаштиради. Бу каби кичик қадамлар сизни тартибли, ҳар бир дақиқатни қадрлашга ўргатади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top