2:38

Бўйсунадиган юрак

MP3

«Мен кўнглимдагидай бир одамни – Ишай ўғли Довудни топдим; бутун истакларимни у бажо келтиради.» Ҳаворийлар 13:22.

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Мен Лола сизлар билан яна дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Бугунги суҳбатимиз Худо билан муносабатимизда муҳим рол ўйнайдиган суҳбатлардан биридир. Агар Худо билан муносабатда юракларнинг жавобига қарайдиган бўлсак икки хил юрак борлигини кўрамиз. Худо Довудни тасвирлар экан: «…кўнглимдагидай бир одамни топдим», — дейди. Худонинг номи билан гапирган Шомуил пайғамбар, Шоулни рад этиб, Исроил шоҳи бўлиш учун Довудни танлаганини маълум қилади. Хўш, нега Худо Шоулни рад этди? Уни ҳам Худонинг ўзи танлаган эмасмиди? Даставвал, Шоул Худонинг кўрсатмаларига биноан Исроилга ҳукмронлик қилган бўлса, кейинчалик, Унинг кўрсатмаларидан четга чиқиб, ўз билганича иш кўришга одатланди. Худога бўйсунмайдиган бўлиб қолди. Шоул Худо учун келтириладиган энг олий қурбонликни бажармади. – Бу итоаткорлик эди. Итоаткорлик ҳар қандай қурбонликдан ҳам аъло. Ниҳоят Шоулнинг жиддий итоатсизлигидан сўнг, Худо Шомуилни Шоулнинг олдига юборди. У Худонинг номидан Шоулга шундай деди: «Сенинг шоҳлигинг ниҳоясига етди. Худо ўз кўнглидагидек одамни топди». Бу билан Худо «Шоул, сен шоҳ бўлсанг ҳам менга қарши кўп итоатсизликлар қилдинг. Энди эса мен Ўз кўнглимдагидай бир одамни топдим. У хизматимни қилиш учун энг мос келадиган одам. Унинг юраги менга қаратилган, итоаткор, менинг буйруқларимга амал қиладиган, хоҳишларимни ва иродамни адо этадиган одам», деётган эди. Бу ҳикояга кўра биз икки хил юракни кўришимиз мумкин; бири Довуднинг юраги, иккинчиси эса Шоулнинг юраги.

Довуд чин дилдан Худога итоат қилишга тайёр, бироқ Шоул эса қурбонликлар қилиш билан чекланади.

Довуд Худога хизмат қилди. Шоул эса ўз-ўзига хизмат қилиб, ўз билганича иш тутди.

Довуд Худонинг иродасига кўра иш тутиш ҳақида ўйлайди, аммо Шоул эса фақат ўз иродасига кўра иш қилади.

Довуднинг юраги Худога қаратилган, бироқ Шоулнинг юраги эса ўзи ҳақида ўйлайди.

Бир дугонам менга Довудни ёқтираман, деганида, мен ундан: «Нима учун», — деб сўрагандим. Ўшанда у менга шундай жавоб берганди: «Довуд ўша пайтларда машхур, кучли жангчи бўлса ҳам, табиатан, камтар, Худога суянадиган ва юмшоқ қалб эгаси бўлган.» Тасаввур қилинг, У ҳам кучли, ҳам машхур ҳам камтар ва юмшоқ киши бўлган. Бу икки қарама қарши сифатларнинг бир одамда жам бўлиши жуда ажойиб. Ундан ташқари у: «Худованд, менинг суянган қоям», — дейишдан чарчамасди. Шоул эса аксинча жуда мағрур, фақат ўз кучига, донолигига ишонадиган киши эди. Бу икки шахс ва икки хил юрак ҳақида гапираётганларимиз бекорга эмас, ўйлаб кўринг-чи, кўксингизда қандай юрак уриб турибди?!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top