Ассалому алайкум қадрдонлар. Уйини энг ёқимли маконга айлантиришни истаган ҳар бир аёл тезлик билан ишга киришиши, юрагининг ҳолатини ўрганиши ва оила аъзоларига ёқимли муносабатда бўлиши керак бўлади. Бироқ булар ҳаммаси эмас. Яқинда газетада бир мақолага кўзим тушиб қолди. Унда чойшабни тўғри қўйишнинг ўнта яхши сабаблари ҳақида ёзилган эди. Уйда тартиб ўрнатиш чиндан ҳам ётоғингизни тўғри жойлаштиришдан, уни чиройли қилиб текислашдан бошланади. Уйқудан тургач дарҳол ётоғини, ётоқхонасини йиғиштиришга ўрганган аёл, бошқа ишларни ҳам уддалай олади. Тез-тез хонадонга янгича услуб киритиш, уй бекасини ҳам бошқа оила аъзоларини ҳам хурсанд қилади.
Яқинда бир уйга боргандим. Бир хонали уйда бир аёл тўртта қизи билан туради. У хонага кириб ҳайрон бўлиб қолдим. Хонанинг гилами қизил лента билан тўртга бўлинган эди. Яъни қизил ленталар гиламга тикиб чиқилган эди. Ҳайрон бўлиб сўрадим. Уй бекаси эса менга, ҳар бир қизим ўз бурчаги учун жавобгар. Улар ўзларига белгиланган бўлакни тоза ва озода сақлашлари керак – деди. Бу жуда ажойиб ва оқилона иш эди. Болаларни ёшлигидан тартибга ва ўз ишлари учун жавобгарликка ўргатиш — доно аёлнинг иши.
Уйни ҳақиқий уй қилишни истаган аёл энг биринчи ўринда доноликни тушуниши керак. Доно аёл Худодан келган вазифа у учун нима эканлигини яхши билади ва уйни уй қилиш учун доимий ҳаракатда бўлади. Доно аёл уйни уй қилмайдиган сифатлардан узоқлашиб доноликни кўпайтиради. Доноликни бизга Худованд беради. Каломда шундай ёзилган: «Агар сизлардан бирор кишининг ҳикмати камлик қилса, ҳаммага самимият билан, таъна қилмасдан берувчи Худодан сўрасин, Худо унга беради.» (Ëқуб 1:5). Бу биз аёлларга Худонинг ваъдаси.
Уйни ўзингиз учун, эрингиз ёки фарзандларингиз учун қураётганингизда ҳам сизга донолик керак бўлади. Оилада фарзандлар кўп бўлса, бу уйни тоза-озода сақлаш бир аёлнинг зиммасига оғирлик қилади. Шунинг учун ҳам аёлга донолик керак. Қизлар ўсаётганида улар ўз хоналарини ўзлари тозалашлари керак бўлади. Қизлар бу ишни қанча эрта бошласалар шунча яхши. Куни келиб улар ҳам ўз уйларини ўзлари қуришни билиб оладилар. Уй ишларига қизларни ўргатиш, онага ёрдам бериш уларни келажакда яхши бека бўлишга ўргатади.
Қизларни, фарзандларни уйда онага ёрдам беришга ўргатиш ҳали ҳаммаси эмас. Аёл киши уйини ҳақиқий уйга, севги тўла маконга айлантириши учун у баъзи нарсаларга қарор қилиши керак бўлади. Ҳар бир аёл ўзининг салбий сифатларини ўзи яхши билади. Шундай бўлгач, у ўзидаги вайрон қиладиган одатларини тўхтатишга қарор қилиши керак. Инсон ўзидаги ёмон иллатларни Худонинг ёрдами билан йўқота олади. Бунга қанча вақт кетмасин, ҳаракат қилишда ҳар куни ўша ёмон иллати билан курашишда давом этиш керак. Бу жараён албатта Худо билан бирга кечса самарали бўлади.
Бу иш муҳаббатга тўла, илиқ уй яратиш истагида бўлган ҳар бир аёлнинг қўлидан келишига ишонаман.