4:08

Фактлар мантиқан асосли бўлиши керак

MP3

Ассалому алайкум қадрдон ва мехрибон аёллар. Мен Лола яна сизларнинг хузурингиздаман. Биз аёллар ўзимизнинг қандай эканимизни яхши биламиз. Ўз аёллигимиздан келиб чиққан холда фикр юритамиз. Оилада шундай холатлар бўладики, ўз фикримиз бўйича ўйлаганимизда, эримиз бу нарсақа қандай қараши хақида унутиб қўямиз. У хам биздай ўйлайди деб ўйламиз. Бироқ ундай эмас. Аёл киши бир муаммони бошқача кўрса, эркак киши бутунлай бошқача кўради. Шундай экан оиладаги ёки ўзимиздаги мухтожликларни аниқ, қатъий айтишдан олдин, эрларимизнинг фикрига кўра ўйлаб чиқсак. Жуда кўп эркаклар аёли илтимос қилаётган нарсалар учун мантиқан факт талаб қилади. Бирор қарор қилиши учун уларга факт керак. ШУнинг учун хар сафар эрингиздан бирор нарсани илтимос қилишдан олдин, ўзингиз қуйидаги нарсалар хақида ўйлаб кўринг: 1) Бу нарса менга нега керак? 2 ) Бозордаги энг яхши товар қайси? 3) Қаердан арзон сотиб олишим мумкин? 4) Агар шуни сотиб олмасам нима бўлади? Бу саволларни биргаликда кўриб чиқамиз. Биринчи савол: Менга бу нарса нега керак? Бу саволга жавоб эркак кишининг бу нарсанинг мухимлигини кўришига ёрдам беради. Хатто янги кўйлак сотиб олиш ёки гўзаллик салонига киришингиз хам ижобий таъсирга эга. Юзаки қаралганда, фақат худбинлик билан сўралаётгандай бўлиб туюлган нарсанинг ортида оилага яхши таъсир кўрсатадиган натижаси бор. Қандай дейсизми? Агар сиз гўзаллик салонига бориб, сочингизни янгича турмаклатсангиз, ёки косметолога борсангиз, ўзингизни қандай хис қиласиз? Бу сизга яхши таъсир қилади, шундайми? Натижада эса болаларингизга ва эрингизга муносабатингиз хам аъло даражада бўлади. Сиз қандай нарса харид қилманг, бу нарса болаларингизга ва эрингизга яхши таъсир бериши кераклигини унутманг. Кейин эса бу фактларни хотиржамлик билан эрингизга айтинг. Энди иккинчи саволга ўтамиз: Бозорда энг яхши товар қайси? Агар сиз уйингизга диван ёки кресло керак деб ўйласангиз, унинг нима учун кераклигини хам ўйлаб қўйдингиз. Энди яхши товарни қаердан олиш хақида бош қотириш керак. Масалан сиз диван сотиб олмоқчисиз. Сиз 400 минг сўмга диван кўрдингиз. Агар 400 мингга диван олсангиз бу сиз учун омадли харид бўларди. Аммо арзон сотиб олган диванингиз сифатсиз ёғочдан ишланган. У фақат икки йил яхши туриши мумкин. Энди ўйлаб қарасангиз бу диванни ишлатишингиз йилига 200 мингга тўғри келади. Ўша тўрт юз минглик диван ёнида 600 минглиги хам бор. Бу диван қимматроқ кўриняпти. Бироқ у сифатли ишланган. Бу диван сизга камида 6 йил хизмат қилиши мумкин. Албатта нариги дивандан 200 минг қиммат, бироқ бу қиммат диван сизга йилига 100 мингдан тушади. Демак иккинчи диван сизга фойдалироқ бўлади. Албатта хар доим қиммат нарса сотиб олиш керак демаяпман. Баъзан оилавий маблағимиз бундай қиммат нарсани сотиб олишга етмайди. Бироқ хар қандай холатда хам сиз учун фойдали бўлган ва узоқ вақт хизмат қиладиган нарсани сотиб олиш хақида ўйлаш керак. Энди учинчи саволга қараймиз: Қаердан арзон сотиб олишим мумкин? Менимча бу саволни кўриб чиқишимизга хожат бўлмаса керак. Чунки хаммангиз бу хақида мендан хам яхшироқ биласиз. Бу саволни кўриб чиқишимиздан мақсад, эрингиз энг яхши товарни қаердан арзонга сотиб олиш мумкинлиги хақида сўраб-суршитирганингизни билишидир. Агар сиз сотиб олмоқчи бўлган нарсангизни уч-тўрт магазиндан сўраб суриштириб, кейин худди шу нарсани бошқа магазинда, бошқаларидан кўра арзонроққа кўрсангиз, бу хақида эрингизга айтинг. Шундан у магазинчилар алдамаётганликларига ишончи комил бўлади. Энг асосийси у топаётган пулни бекорга совурмаётганингиздан, унинг мехнатини қадрлашингиздан хурсанд бўлади. Энди энг охирги саволга келдик: Агар сотиб олмасам нима бўлади? Баъзан бирор нарсани йилнинг қайсидир фаслида сотиб олиш яхшироқ ва унумлироқ бўлади. Чунки айнан сизга керакли бўлган нарса ўша фаслда арзон бўлиши мумкин. Бироқ бу саволни хар томонлама ўйлаб кўриб, кейин бир фикрга келиш керак. Азилар сизлар билан қайси мавзуда гаплашмай, уларнинг хар бири сиз билан эрингиз ўртасидаги муносабатни мустахкамлашини истайман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top