3:33

Ягона фарзанд

MP3

Ассалому алайкум меҳрибон опа-сингиллар. Фарзанд аёлнинг жону-дили, бу дунёдаги қувончи ва овунчоғи. Фарзандсиз яшаш қийин. Бу аёл киши учун катта бахтсизлик ва шармандалик ҳисобланади. Баъзи аёллар серфарзандлигидан шодланса, баъзилар фарзандининг ёлғизлигидан кўнгли тўлмайди. «Шу фарзандимга шерик бўлса эди» — деб ўкинадилар. Ëлғиз фарзандни тарбиялаш, бир нечта фарзандни тарбиялашдан ҳам қийинроқ. Атрофимизда ёлғиз фарзанд тарбиялаётганлар оз дейсизми? Қадимда ҳам ёлғиз фарзанд вояга етказган момоларимиз бўлган. Каломда ёлғиз фарзандлар ҳақида жуда кўп ёзилган. Келинг, улардан бирини эътиборингизга ҳавола қилай: «- Иброҳим!, Иброҳим. – Лаббай, — деди у. Фаришта: — Ўсмирга қарши қўл кўтарма, унга ҳеч ёмонлик қилма, Мен энди биламанки, сен Худодан қўрқасан, яккаю ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг, — деди.» (Ибт 22:11-12)

Ëлғиз фарзанднинг тарбияси унга бериладиган эътибор ҳаддидан ошмаслиги керак. Фарзандим ёлғиз, деб ортиқча эркалатиб юборсангиз, ҳамма талабларини бажарсангиз, келажакда маъсулиятсиз, тантиқ, ҳаммани бошқаришга уринадиган фарзанд бўлиб етишади. Болам эрка бўлмасин деб, ҳаддан ташқари тергайверсангиз, кўпчиликка қўшилмайдиган, қўрқоқ ва ичимдагини топ бўлиб ўсади. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Калом бу ҳақида нима деркин? «Мен ота-онамнинг ёлғиз, ёш ўғли эдим. Болалигимда отам менга шундай дерди: «Сўзларимни юрагингга жо қилиб, амрларимни бажаргин, шунда яшайсан» (Маталлар 4:3-4). Ëлғиз фарзандни ёлғиз дея эркалатмай, тўғри тарбия берилса, унга вақтида қилган ишига жавобгар бўлишни, ўзига берилган ишлар учун маъсулиятли бўлишни, катталарга ҳурматли ва ота-онага итоаткор бўлишни ўргатилса, бундай фарзанд ота-онаси учун ўнта ўғил – қиздан аълороқ бўлади.

Бироқ бунинг акси бўлса-чи?! Унда ота-онанинг аҳволи қандай бўлади? Муқаддас Калом бундай болани бузғунчи деб атайди. «О, ҳалқим эски-туски кийимларингни кийиб, кулга белан. Аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкиб ғам чек, худди ягона вайронкор ўғил тўсатдан келиб қоладигандай қайғуга бот» (Еремия 6:26). Чиндан ҳам тўғри тарбия олмаган, ҳаддан ташқари талтайтирилган бола, бир куни келиб ота-онасига фақат ғам-қайғу келтиради. Агар фарзанд шундай катта бўлаётган бўлса, Худованд бундай фарзанднинг ота-онасига иккинчи имкониятни бериши мумкин. Фарзандларини тўғри тарбиялаш учун ота-онанинг кўзларини очиши ва уларга тўғри йўл кўрсатиши мумкин. «Исо шаҳарнинг дарвозасига яқинлашганида, бир бева аёлнинг яккаю ягона ўғли ўлигини кўтариб чиқаётган эдилар…» (Лук 7:12)

Раббимиз Исо онани кўргач унга раҳми келиб йигитчани тирилтирди. Бу она фарзандини қандай тарбиялаганини билмаймиз, аммо унга иккинчи имконият берилди. Фарзандини тўғри йўлда Худога итоат қиладиган қилиб тарбиялаши учун имкон берилди.

Тўғри тарбия берилган фарзандлар ота-онани ҳам, инсонларни ҳам ва ниҳоят Худони ҳам мамнун қилади. Нотўғри тарбия берилган фарзандлар эса, ҳаётда ёки ўта худбин ва эрка, ёки тортинчоқ ва журъатсиз бўлиб вояга етадилар. Шунинг учун ҳам суҳбатимиз бошида, ёлғиз фарзандни тарбиялашга катта эътибор зарур деган фикрга келгандик. Азизлар, бу ёки бошқа мавзулар ҳақида ўз фикрларингизни билдирмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга кириб фикрингизни биз билан бўлишинг. Бундан фақат мамнун бўламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top