Ассалому алайкум. Биз аёллар нафақат чиройли балки, ширин ифорли бўлишни ҳам истаймиз. Гўзал кўринишимизга яна ҳушбўй исни ҳам қўшсак, биздан гўзалроқ ва муаттар инсон топилмайди. Шунинг учун ҳар бир аёл ўзига қандай ҳидли атир тўғри келишини уларни қандай танлашни ҳам билиши лозим. Атирни тўғри танлай билиш ҳам бир санъат. Атир ҳиди атрофдагиларни ўзидан қочирмаслиги, балки ўзига жалб қилиши, мафтун этиб, асир қилиши лозим.
Маълум бўлишича аёл терисининг ранги қанчалик оқ бўлса, шунча қуруқ бўлар экан. Шунинг учун ҳам оқ-сариқдан келган аёллар узоқ сақланадиган атирлардан фойдаланиши зарур. Аксинча қорачадан келган аёлларнинг териси одатда ёғлироқ бўлар экан. Уларнинг терисида атир ҳиди узоқ вақт сақланар эмиш. Бу мутаҳассисларнинг фикри. Ҳар бир аёл ўзининг дидига мос келадиган, терисига тўғри келадиган атирни ҳеч иккиланмай танлай олади. Ҳар бир фаслнинг ўзига ҳос ифори бўлганидай, кишининг ёшига қараб атир танланади. Ëш қиз билан кекса аёлнинг териси хусусиятига кўра фарқ қилади. Шунинг учун атир танлашда ёшга ҳам эътибор бериш керак. Қиз бола ва ёш аёлларга бинафша, атиргул, сунбул, ясмин, марваридгул ва кўкатлар ҳиди тўғри келади. Негаки, ёш ҳонимлардан ҳаддан ташқари ўткир ҳид анқиб турмаслиги керак.
Атирлар, шунингдек кийимга ҳам мос келиши зарур. Кўпчилик атир танлашда реклама ва русумга эътибор беради. Бу нотўғри. Биринчидан, одамга ҳар қандай атир ҳам тўғри келавермаслиги мумкин. Иккинчидан, реклама соҳасидаги мутахассислар истеъмолчиларни қизиқтириш мақсадида янги-янги композициялар ўйлаб топишади. Бунинг устига, сизга қайси ҳид тўғри келишини фақат ўзингизнинг ҳид билиш қобилиятингиз билдириши мумкин. Негаки, ҳеч ким сизчалик услубингизни, кийинишингизни, таъбингизни билмайди. Борди-ю, миянгиз организмингиз учун бегона ҳидни қайд этса, у қабул қилмаслик реакциясини ишга туширади. Натижада бошингиз оғриши, кайфиятингиз ёмонлашиши, ноқулайликни ҳис қилишингиз мумкин. Шунинг учун маълум мавсумда урф бўлган атирни танлаш ақлдан эмас. Улар сизга мутлақо тўғри келмаслиги мумкин. Шунингдек, кимнингдир атири ёқиб қолса ҳам, сотиб олишга уринманг. Эсингизда бўлсин, битта атир ҳамма одамда ҳар хил ис таратиши мумкин.
Ëқимли исни тўғри танлашни ҳам билиш керак. Кўчилик атирни шиша қопқоғига сепиб, кейин ҳидлаб кўради. Бу юзаки ҳид ҳисобланади. Негаки, муаттар ис бевосита терига суртилгандан сўнг ўзгаради. Энг мақбул йўл: бир неча топчи атирни билагингизга суртинг: ундан олдин билагингизда крем, совун, атир каби бошқа ҳидларнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Сўнг спирт учиб кетиши ҳамда тери янги ҳидни ўзлаштириши учун 10 дақиқа кутиб туринг. Шундан кейин кўзингизни юмиб, бошқа фикрларни ҳаёлингиздан чиқариб, атирга диққатингизни жамланг.
Атир, пардоз суви ва одеколонни ёруғлик тушмайдиган, салқин жойда бир йилгача сақласа бўлади. Атир пуркагич парфюмерия маҳсулотларининг умрини узайтиради. Чунки у ҳавонинг шиша ичига киришига йўл қўймайди.