3:15

Гўзал юзлар

MP3

Ассалому алайкум гўзал ва бетакрор бекалар. Ëз аллақачон ўтиб, салқин ва бироз маҳзун куз кунларини кечирмоқдамиз. Кузнинг ҳам ўзгача таровати бор. Куз ойларида киши ўтган кунларини, йилларини сарҳисоб қилади. Ўйлашга, хулоса чиқаришга уринади. Бу инсоннинг кейинги қадамларини босишида жуда муҳим ҳисобланади. Кунлар совуса ҳам, юракларимиз, муҳаббатимиз совумасин. Кунлар совуганда гўзал юзларимиз, нозик қўлларимиз ва меҳнаткаш оёқларимиз алоҳида парваришга муҳтож бўлиб қолади. Шуни ҳисобга олган ҳолда куз фаслида ўз гўзаллигингизга эътиборлироқ бўлинг. Бу фаслда кўпроқ озиқлантирувчи ниқоблардан фойдаланишингиз керак. Юзингизни ҳозирдан яхшилаб озиқлантириб олсангиз, қишнинг аёзли кунларида ҳам ортиқча ташвиш қилишингизга ҳожат қолмайди.

Куз қиш учун турли консервалар ёпишга эмас, тўйиб мевалардан истеъмол қилишга ҳам, юзимизга озуқа беришга ҳам бирдек фойдали.

Кўпчилик аёллар косметик воситалардан фойдаланишни, тунги ва кундузги кремлардан фойдаланиб, гўзаллигини сақлаб қолишни маъқул кўришади. Бироқ ҳамма аёллар ҳам бирдек оммабоп бўлган косметикадан фойдалана олмайди. Юзлар ҳаддан ташқари таъсирчан ва юз териси юпқа бўлса, унга мос келадиган косметикани топиш қийин. Уй шароитида эса бемалол истаган ниқобни, тайёрлаб олиш мумкин. Энг муҳими бундай ниқоблар ҳар қандай терига бирдек мос келади. Бироз вақт топиб уй шароитида юзни парваришлаш борасидаги маълумотларга, тавсияларга амал қилсангиз, юзингиз тиниқ, кўнглингиз равшан бўлади. Уйда тайёрланган ниқобларнинг самараси бошқа косметик воситаларникидан анча фойдалироқ эканини ҳатто мутахассислар ҳам алоҳида эътироф этишади.

Энг аввало юз терингиз қандайлигини билиб олинг. Ҳар сафар совунли ёки кўпикли сувда юзни тозалаганингиздан сўнг терида тиришишни ҳис этсангиз, демак, юзингиз жуда қуруқ. Ëғли юз териси эса кечгача бир неча марта қайта-қайта упа суришни талаб этади. Акс ҳолда дарҳол йилтиллаб кетади.

Агар куз ҳавосида юзингизнинг ранги кетиб қолганини сезсангиз, кечқурун ётишдан аввал бирор тозаловчи восита ёрдамида ювиб ташлайсиз. Бу муолажани бир ҳафта давомида тинимсиз бажарсангиз натижаси билинади. Сўнг шу усулдан мунтазам фойдаланишга одатланинг. Юзингиз ёғли бўлса, сутга бир неча томчи лимон кислотаси, қуруқ бўлса, уч-тўрт томчи бодом ёки зайтун ёғи қўшиб юборишни унутманг.

Уй шароитида тайёрланган ниқоблар безарар ва самарадорлиги билан сунъий косметик ниқоблардан фарқ қилади. Айниқса, мевали ва сабзавотли ниқоблар юздаги толиқиш ва чарчоқни олади, юз терисининг нафас олишини енгиллаштиради. Кузда мева ва сабзавотлар таркибидаги витаминлар ва озиқлантирувчи моддалар маромига етган бўлади. Мевали ва сабзавотли ниқобларга сут маҳсулотлари, тухум ҳамда ўсимлик ёғларидан қўшиб ишлатиш мумкин. Ниқоб тайёрлашнинг энг оддий усули – мева ёки сабзавотлардан бирортасини олиб майдалаб туйиб дарҳол юзга қўйишдир. Агар туюлган мева шарбати жуда қуюқ бўлса, унга озгина сут қўшиб юбориш, аксинча, шарбат суюқроқ бўлса, ун аралаштириб, юзга суртган маъқул. Муҳими ҳар фаслда юз, қўл ва оёқ парваришига бир озгина вақт ажрата олсангиз бас. Ана ўшанда гўзаллик сизни асло тарк этмайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top