3:11

Тайм менежмент

MP3

Ассалому алайкум қадрдон бекалар. Ёш оналар ҳамма нарсага улгуриши қийин кечади. Фарзандли бўлгач, аввалги турмуш тарзи ва бемалол бўлишга вақт қаёқда дейсиз. Болага қараш, овқатлантириш, тез-тез кийимларини ювиш, сайрга олиб чиқиш ва шунга ўхшаш кўпгина ишлар билан бирга бека эканлигингизни ҳам унутмаслигингиз керак. Уйни тоза тутиш, вақтида овқат тайёрлаш, кирларни ювиш ва дазмоллаш, тозалаш ва бу каби ишларга деярли вақт қолмаётгандек. Буларнинг ҳаммаси ёш онани чарчатади. Ҳамма ишларга улгуришнинг иложи йўқ. Аммо сиз муҳим нарсаларни қандай қилиб биринчи ўринга қўйиш ва ўзингиз учун вақт топиш ҳақида билиб олишингиз мумкин. Ўзгарувчан режалар тузинг. Фарзандингиз туғилгач, чексиз юмушлар оқимида ниманидир режалаштириш бутунлай имконсиздек туюлади. Аммо кунни вақтга қатъий боғламасдан туриб режалаштириш мумкин.

Ўзингиз учун кун давомида бажариш керак бўлган учта юмушни белгилаб олинг. Барчасига улгуриб, яна ортиқча вақтингиз ҳам қолса, эртанги кунни енгиллаштириш ёки ўзингиз учун ҳордиқни бугун уюштириш борасида қарор қабул қилинг. Бироқ учта юмушга улгурмасангиз ҳам ўзингизни койиманг. Бошингизда доимо Б плани бўлсин. Агар бола сиз режалаштирган вақтда ухламаса, бошқа ишга ўтинг. Масалан, бола ухлаганда мақола ёзишни режалаштирган бўлсангиз, у ухламаган тақдирда чангютгични олинг-да, фарзандингиз билан биргаликда ҳамма жойни тартибга келтиринг. Озиқ-овқат харид қилиш учун дўконга чиққанда албатта олдиндан рўйхат тузиб олинг. Бунинг учун бир ҳафта учун таомнома тузиб чиқинг, шунга қараб ҳафта давомида зарур бўладиган масаллиқларни билиш мумкин. Яхшиси, рўйхатда маҳсулотлар дўкондаги бўлимлар бўйича гуруҳланган бўлсин.

Плита олдида узоқ туришни ва кўп миқдордаги масаллиқларни талаб қилмайдиган оддий таомларни тайёрланг. Агар мураккаброқ овқат пиширмоқчи бўлсангиз, тайёрлаш жараёнини бир нечта босқичга бўлинг. Масалан, манти пишириш учун эрталаб хамир қориб қўйинг. Кундузи қиймани тайёрлаб қўйинг. Кечқурун эса хамирни ёйиб, мантиларни букинг ва пиширишга қўйинг. Fly Lady тамойили бўйича, уй ичида сизнинг кўнглингизни хира қилиб, тўзғиб турган нарсаларни йиғиштиришга кунига 20 дақиқа сарфланг. Кимдир йиғилмаган ўрин-кўрпадан жиғибийрон бўлади, кимнидир ювилмаган идишлар уюми ғазаблантиради. Жаҳлни чиқарувчи элементдан халос бўлинг, шунда уй дарҳол ёқимлироқ кўринишга келади. Катта йиғиштириш учун алоҳида кун ажратманг, балки йўл-йўлакай йиғиштириб кетинг. Хонадаги гулларга сув қуйиш учун гулчелакни олдингизми, қайтишда компьютер ёнида тўпланиб қолган чашкаларни ҳам йиғиб олинг.

Бола ҳали жуда кичиклигида узоқ вақт давомида кўкрак сутини эмиб ётиши мумкин, демак сизда қизиқарли маърузалар ва китобларни ўқиш ёки уларнинг аудиоформатини тинглаш имконияти бор. Фарзандингиз билан очиқ ҳавога сайрга чиққанда дугоналарингиз билан қўнғироқлашинг ва бошқа оналар билан танишинг. Фитнес-клубга аъзо бўлинг ёки йога билан шуғулланинг. Бу барча ташвишлардан ҳеч бўлмаса, 1,5 соатга «қочиб кетиш» ва қоматингизни тартибга келтириш учун ажойиб имконият. Агар машғулот пайтида болага қараб туриш учун ҳеч ким бўлмаса, уйда ҳам спорт билан шуғулланиш мумкин. Энг асосийси, бола ухлаб қолганида бўш вақтингизни уй юмушларига сарфламанг, балки бу вақтни ўзингиз учун фойдали тарзда ўтказинг. Уй ишларини эса бола уйғоқ вақтда, у билан бирга бажаринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top