Ассалому алайкум. Яқинда аёл зоти эркаклардан кўра кўпроқ қизиқувчан ва билимга ташна бўлиши, баъзи нарсаларни тез уқиб олиши ва умри давомида ўрганишга интилиши ҳақида қизиқ бир маълумот ўқидим. Мен ҳам бўш вақтим қолди дегунча, ўзим ва оилам учун фойдали бўлган маълумотларни олишга, китоб ўқишга ва бошқа машғулотлар билан шуғулланишга ҳаракат қилман. Вақтим ҳеч нарса ўрганмай бекор кетиши менинг тинчимни ўғирлайди. Яқинда бир китоб ўқий туриб, бу ҳислатни Худованд бизга яратилиш пайтидаёқ тақдим қилганини билиб қолдим. Бу ҳислат жуда фойдали ва айни пайтда зарарли ҳам бўлиши мумкин. Нега дейсизми? Келинг бу ҳақида қизиқ бир маълумотни эътиборингизга ҳавола қиламан. Азалда Худованд эркак билан аёлни яратди. Аёлни Худованд эрига – Одам Атога тобе қилиб яратди.
Аёлга бўйсуниш ҳислатини берди. Бу жуда ҳам ажойиб ҳислат. Бироқ шайтон унинг бу ҳислатини ўзининг ёвуз режаси йўлида ишлатди. Аёл ҳам шайтонга эмас, Худога ва эрига бўйсуниши кераклигини унутди. Шу тариқа шайтон аёлнинг Худо берган ажойиб ҳислати унинг ожизлиги ҳам эканини билиб олди. Шайтон уни шундай алдади: «Ростан ҳам боғдаги ҳамма мевалардан ейишингиз мумкин эмасми?. Йўқ боғдаги ҳамма мевалардан ея оламиз, фақат яхшилик ва ёмонликни билиш дарахти мевасидан емаслигимиз керак. Худованд бу дарахт мевасидан ейишимизни маън қилган. Агар есангиз ўласизлар-деган. Шайтон эса «йўқ ўлмайсизлар, аксинча яхши ва ёмонни билиб Худо каби бўлиб қоласизлар. Худо шуни билгани учун ҳам, сизларга буни маън қилган» Шунда аёлда ҳозиргидан ҳам ақллироқ бўлиш истаги туғилди.
Шайтон аёлнинг Худо берган ҳислатини осонлик билан ёмонлик учун ишлата олди. Ўша ҳислат, яъни билим олишга бўлган иқтидори унга панд берди. Шунинг учун ҳам шайтон учун энг осон йўл, аёлнинг олий билимга эга бўлиш истагини уйғотиш эди. Аёл киши шайтонга алданган бўлса ҳам, эркак ҳам алданмаган, Худога итоатсизлик қилмаган эди. Аёлда эркакка таъсир қиладиган куч бор эди. У эркакни била туриб, итоатсизликка ундади. Эркак ҳам аёлнинг бошқарувига юриб, Худо берган бошқарувчилик ҳислатидан узоқлашди. У аёлга бўйсуниб, ўзининг энг заиф томонини кўрсатиб қўйди. У аёлнинг таъсирига тушиб қолди. Бугунгача ҳам эркакларнинг энг заиф томони бу – аёл ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда эркак аёл ўртасида оилада ким устун деган баҳс давом этади. Шунинг учун ҳам бугун эркаклар бегона аёлларнинг алдовига ва нозу-карашмаларига алданиб, оиласига ҳиёнат қилмоқдалар. Эркакнинг аёлга бўлган интилиши шу қадар каттаки, у ҳатто ўзининг принципларини ҳам унутади.
Аёл эркакка таъқиқланган мевани ейишга таклиф қилганида, ўзининг кўмакчилик вазифасидан четга чиққан эди. Ўшанда аёл кўмакчи эмас, етакчи сифатида иш тутди. Худди шу каби аёлнинг таклифини қабул қилиб, эркак ҳам ўзининг етакчилик, бошлиқлик вазифасидан четга чиқди. У худди тобе одамдек тутди ўзини. Ўшандан буён шайтон аёлнинг ҳам эркакнинг ҳам энг заиф томонларини билиб олиб, ҳозиргача уларни шу томондан васвасага солишга ҳаракат қилади.