3:00

Аёлнинг бошқа аёлга таъсири

MP3

Ассалому алайкум. Аёл зоти, бола тарбиялашга, билганларини бўлишишга ва бошқаларга насиҳат қилишга уста бўлади. Икки аёл бирга бўлиб қолса, дунёда бўлаётган гаплардан тортиб, то бозордаги охирги янгиликлар-у, маҳаллада нима бўлаётгани ҳақида гаплашишади. Демак бир-бири билан ахборот алмашади ва бир-бирига ниманидир ўргатади. Ундан ташқари аёл эркакдан фарқли равишда ўзига қизиқ бўлган масалада ҳеч тортинмай бошқа бировдан маслаҳат, ёрдам сўрай олади. Масалан аёллар бир-бирларидан салатлар, пишириқлар тайёрланиш сирини сўрайди. Бола тарбияси бўйича бир-бирига шикоят қилиб, маслаҳатлар олади. Мана шунинг ўзиёқ аёл кишининг ўрганишга ва ўргатишга лаёқати борлигини билдиради. Муқаддас Каломда ҳам бу ҳақида шундай ёзилган:

«Шунингдек кампирлар ҳам…ёш ҳотинларга … таълим-тарбия берсинлар» (Тит 2: 3а-4а). Ëши катта аёллар ҳар доим ҳам ҳамма замонда бўлганидай, ёш аёллардан тажрибалироқ бўлишган. Улар ёш аёлларга ҳаётдан, оиладан ва турмушда бўладиган масалалардан сабоқ беришган. Катта ёшдаги имонли аёллар Худо билан муносабатда ҳам ёшлардан кўра анча тажрибалироқ, улар Худонинг нима исташининг Унинг қонун – қоидаларини анча яхшироқ билишади. Шунинг учун ҳам ёшлар ҳаётидаги руҳий муаммоларнинг туб илдизини – асл сабабини яхшироқ билишади. Шунинг учун маслаҳатларни момолардан, бувилардан олсангиз, энг тўғри ва синалган масалаҳатларни оласиз. Журналлар, китобларда берилган ёки ўқитиладиган оила, фарзандлар, ўсмирлар муаммолари ҳақидаги маълумотларда Худонинг бу масалага бўлган муносабати ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Аслида мана шу муаммоларга энг биринчи ечим Худодан келади. Худованд ёши катта аёлларга ёш аёлларни ўқитишни буюрганида, Худонинг Каломи қораланмаслигини мақсад қилган. Доимо Худонинг Каломи ёш аёлларнинг дилларида, ҳаётида ишлашида ёши катта аёлларнинг маслаҳати, таълими асқотади. Фарзандлар яхши ўсиши учун ҳам, оилада жанжаллар ва келишмовчиликлар камроқ бўлиши учун ҳам, қайнона-келин ўртасида ёки қариндошлар орасида тушунмовчиликлар камроқ бўлиши учун ҳам ёши катта аёлларнинг кўрсатмаси ва маслаҳатлари керак. Шундай деймиз-у, ҳозирги ёш аёллар катталарнинг гапини олармикан? Улар кўпроқ тажрибали ва бошидан кўп нарсани кечирган доно кампирларнинг гапига қулоқ солишдан кўра, муқоваси чиройли замонавий журналлардан маслаҳат олишни маъқул кўришади.

Ўша журналларда ишлайдиганлар ҳам асосан ёшлар. Шунинг учун ҳам балки бугунгки кунда ажрашишлар, эркак ва аёл қалб оғриқлари, фарзандларнинг етим бўлиши ҳоллар кўпроқ кузатилаётгандир. Бундай ҳолатлар бўлмаслиги учун ёш аёлнинг ёнида онаси, бувиси ёки бўлмаса катта ёшли дугонаси бўлиши керак.

Бироқ ҳамма катта ёшдагиларни ҳам ақлли-доно деб бўлмайди. Катталарнинг маслаҳатини олиш керак дегани, маслаҳатининг сифатига, яшаш тарзининг қандайлигига, характерига қарамай, сўзларини қабул қилавериш дегани эмас.

Калом бу ҳақида шундай дейди: «Шунингдек, кампирлар ҳам ғийбат ва майхўрликка ружу қўймай, балки муқаддасликка мувофиқ, ҳар қандай ҳайрли ишда ибрат бўлиб турмуш кечирсинлар.» (Тит 2:3).

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top