Ассалому алайкум. Агар ёши катта онаҳонларимизнинг гапларига қулоқ тутсангиз, улар оила борасидаги, жуда кўп ақлли маслаҳатларини берадилар. Масалан, улар «Оилада қарорни эринг чиқарсин, сен жим тур» — дейишади. Бу билан аёл ҳеч қандай қарор чиқаришга ҳақли эмас, деган фикрга келиш ҳам нотўғри. Аёл ҳам қарор чиқариши мумкин. Бироқ аёлнинг қарор чиқариши ҳақида гаплашишдан олдин, қарорларнинг икки хил бўлиши ҳақида билиб олсак. Биринчиси бошлиқлик қарори, яъни буни эркак қарори дейишимиз мумкин. Иккинчиси эса бўйсунадиган қарорлар. Биринчи турдаги бошлиқлик қарорларини оиланинг боши бўлган эркаклар чиқаради. У оиланинг қаерда яшашини, қаерда ишлашини, бюджетга боғлиқ қарорларни, бола тарбияси борасидаги ҳолатларда қарор чиқаради. Буларнинг ҳаммаси унинг оила боши, ҳимоячи ва таъминловчи сифатидаги қарорларига киради.
Бўйсунувчи қарорларни эса, аёл киши чиқаради. Аёл эри чиқарган асосий қарорлар ичида оилага зиёни тегмайдиган истаган қарорини чиқариши мумкин. Оилани бошқариш, оила бюджетига кўпроқ маблағ қўшиш борасида турли йўлларни излаб топиш, эр белгилаган стандартлар асосида болалар тарбиясига тегишли қарорлар чиқариши мумкин. Аёл эрининг қарорларига қарши чиқмаган ҳолда, қарор чиқарар экан, ўзини ишончли, хавфсиз ва ҳотиржам ҳис қилади. Бироқ баъзи ҳолларда эрининг рухсати керак бўлади. Масалан, оилавий бюджетдан катта миқдордаги пул олиб ишлатмоқчи бўлса. Аммо оилага кунда керак бўладиган нарсаларни сотиб олиш учун эрнинг рухсатини олиш шарт эмас. У ўз ақлига таяниб, керакли нарсаларни сотиб олаверади.
Қарорларни эр чиқарган тақдирда ҳам эрнинг қандай қарор чиқаришига аёл киши таъсир ўтказиши мумкинлигини унутманг.
Эрининг ҳислатларини билгани ҳолда, аёл қарор чиқариш олди суҳбатда бемалол ўз фикрини айтиши мумкин. Баъзи эрлар тушунган бўлиб, аёлининг ҳам фикрини ҳурмат қилади, шунинг учун ҳам унинг сўзларига қулоқ тутади. Аммо оҳирида қарорни у чиқаради. Бошқа эркаклар эса аёлининг умуман унинг қарорларига аралашмаслигини истайди. Бундайлар аёл кишини етарлича ақлли ҳисобламайди. Аммо шундай ҳолатларда ҳам ақлли аёл аста секин ўз фикрини айтиб олиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркакнинг қарор чиқаришига аёл кишининг озми-кўпми таъсири бўлади. Бироқ баъзида аёлнинг таъсири оила учун хавфли бўлиши мумкин. Аёлнинг ўз эрига, унинг қарорларига бўлган таъсири фойдали бўлиши учун аёл таъсирини жуда эҳтиётлик ва яхшилаб ўйлаб кўрилган ҳолда ишлатиши керак.
Эрининг ўз бошлиқлик вазифаларидан, мажбуриятлари ва жавобгарликларидан қочиши мумкинлигини билган аёл ўз фикрларини унга мажбурлаб сингдирмаслиги керак. Агар ҳар сафар эрига ўз сўзини ўтказишга, қарор чиқаришда фикрларини мажбурлаб сингдиришга уринса, эркак бошлиқ сифатида ўсишдан тўхтайди. Бундай аёл эрининг ҳақиқий бошлиқ бўлишига ҳалақит беради. Бугунги кунда мана шундай эркаклар кўпчиликни ташкил этади. Улар индамай, аёлининг қарорларига бўйсуниб яшаб юраверишади. Бундай эркак оилада ҳақиқий бошлиқ бўла олмайди. Аёлга ва оилага ҳақиқий бошлиқ керак. Аёл киши кўп ҳолларда эрини ҳақиқий эркаклик сифатларига эга бўлгани ва бошлиқ бўлгани учун ёқтиради. Аёл киши табиатан шошқалоқроқ бўлади. У ҳамма нарсани тезроқ ва ҳозироқ бўлишини истайди. Аммо қарор чиқаришда ва уни амалга оширишда эрнинг сабрлилигига ҳам суяниш керак.