Ассалому алайкум назокатли ва фусункор опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимизда аёл макри ҳақида гаплашишдан олдин унинг қачон пайдо бўлганига бир назар ташлаб олсак. Азал-азалдан аёл ожиза ҳисобланган ва унга шундай муносабатда бўлинган. Эркак идеали қаттиққўл, баъзан шафқатсиз, жасур, мард деб тан олинган. Шундай эркакнинг қисман бўлса-да эътиборига эришиш учун унинг маҳрамидаги аёл турли усуллардан фойдаланган. Бундан ташқари, қўш никоҳдаги аёллар ўртасидаги рақобатда ҳам қайси аёл устунлик қилса, эътибор унга қаратилган. Буни тарихий кинофильмларда, бадиий асарларда учратиш мумкин. Аёлнинг макридан эса опа-сингиллари, яқинлари хабардор бўлишган. Бунинг оқибатида макр авлоддан авлодга, онадан болга, опадан сингилга ўтиб келган.
Аёл эрининг эътиборини ўзига қаратолмаса, албатта ўртада совуқчилик пайдо бўлади. Бунда эркак аёлидан узоқлашади. Эркакнинг аёлга эътиборсиз муносабатда бўлиши нафақат унинг оилавий шароитига, балки жамиятдаги мавқеига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Эркак назарига тушмайдиган аёл ҳатто аёллар жамиятида ҳам ёлғизлатиб қўйилган. Бугунги кунга келиб эса, ҳар бир аёл сирларини яқин кишисига айтади ва ўз макрини ошкор этади. Шу билан у макрнинг давомийлигини таъминлайди. Макрнинг тарихий кўриниши билан ҳозирги ҳолатида бироз ўзгариш кузатилса-да, барибир, асосий этибор эркакка қаратилган. Эркаклар аёл макрига салбий қарайди. Аслида аёл макри, айёрлиги ҳаётда керакли воситадир. Фақат у ижобий бўлиши, нохуш вазиятни келтириб чиқармаслиги керак.
Аёл макрини дипломатия билан тенглаштирса бўлади. Яъни макр ўз нияти, хоҳишини эркак тўғри қабул қила оладиган тарзда етказиб бериш йўлидир. Аёл ўз мақсадига эришиш учун турли усуллардан фойдаланади. Бу орқали аёл эркакни жалб қилади, уни маълум бир ишга кўндиради ва ҳоказо. Макрнинг асосий мақсади бу – эҳтиёжни бажарадиган ҳар қандай инсоннинг эътиборини ўзига қаратишдир. Оддий макр. Мисол учун, эрингизга ёқимсиз бир вазият ҳақида айтишингиз керак. Ишдан чарчаб келиши билан бу ҳақида гапирмасдан, уни мазали таом билан сийлаб, кейин вазиятни бўрттирмасдан, ётиғи билан айтсангиз, унга бу унчалик ёмон таъсир қилмайди ва сизни осон кечира олади. Бу ҳам эркакнинг эътиборини жалб қилиш ва шу орқали унда салбий таассурот уйғотмаслик учун ўйлаб топилган оддий макрнинг бир кўринишидир.
Аёл макрининг асосий кўрсаткичлари бу – эркаланиш, нозланиш, ибо, юмшоқлик ва сабр. Унинг асосий мақсади эркакнинг эътиборини ўзига тортишдан иборатдир. Ëнида гўзал аёл, чиройли безатилган дастурхонни кўрган ва ширин сўзларни эшитаётган ҳар қандай эркак аёлга эътиборсиз бўла олмайди.
Аёл макр ишлатиши учун ҳам бироз тер тўкишига тўғри келади. Бунинг учун аёл ўз кўринишига эътибор қаратиши, мазали таомлар сирини ўрганиши ҳамда эрининг кайфиятини кузатиши керак бўлади. Ҳар бир аёл эрининг характеридан келиб чиқиб макрнинг у ёки бу турини танлайди. Теран фикрлайдиган, кўп китоб ўқийдиган, психологлар тоифасига мос аёллар дипломатик усулдан фойдаланишади. Улар бундай макрнинг уддасидан чиқишади ҳам. Азиз аёллар, аёл макри ва унинг рўзғорда ишлатадиган кичик сирларидан боҳабар бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга ташриф буюринг.