Ассалому алайкум. Бугун суҳбатимизни дунёнинг энг машхур топ-модели бўлган Хайди Клумнинг гўзаллик тавсиялари билан бойитамиз. Ўзингизга яхши маълумки, дунёнинг энг талабгир ва гўзал топ-моделлари доимо ўзларига қараб юришади. Улар умуман ортиқча вазндан азият чекишмайди. Бунинг учун улар доимо маълум бир қоидалар асосида яшашларига тўғри келади. Топ-моделдай чиройли қоматга эга бўлишни истаган аёллар иродалироқ ва сабрлироқ бўлишларига тўғри келади. Келинг, Хайди Клумнинг тавсияларига ўтишдан олдин унинг ҳаётига назар ташласак. Машҳур топ-модел тўрт фарзанднинг онаси ва дунёнинг энг талабгир 10та фотомоделлари рўйхатидан ўрин олган. Асли германиялик бўлган бу қиз машҳурликка эришиш учун анчайин мураккаб йўлни босиб ўтган. Ҳайди дунё тан олган модел бўлишига баъзи қоидаларга қатъий риоя қилгани ёрдам берган.
Унинг айтишича бу қоидаларни унинг ўзи ўйлаб топган экан. Хайди аёлларга еттидан кеч уйғонмасликни маслаҳат беради. Ишончим комилки аёлларимиз ҳеч қачон еттидан кеч уйғонмайдилар. Тонггача ўйин-кулгу ва еб-ичиш саломатликни ҳам гўзалликни ҳам емиради, — дейди Ҳайди. Шунинг учун аёл киши чиройли бўлишни истаса, имкон борича кечки соат олтидан кейин овқатланишни тўхтатиб, эртароқ ётиб ухлашга одатланиши керак. Агар кимдир сизни меҳмонга таклиф қилса, уни ҳафа қилмаслик учун боринг, бироқ олтидан кейин оғир овқатлар емай, фақат мева-чева ёки шарбат билан чекланинг. Аёл рўзғор ташвишлари, иши ёки чарчаганини баҳона қилиб, ҳар кунги жисмоний машқлардан бош тортмаслиги керак. Шунинг учун ҳам суҳбатимизнинг бошида чиндан ҳам сарвиқомат ва гўзал бўлишни истаган аёллар иродали бўлишлари кераклигини айтиб ўтган эдик. Иродали аёл чарчаган дангаса танасини машқ қилишга мажбурлай олади.
Биз эркакларнинг тамаки чекиши, спиртли ичимликлар ичишини маъқулламаймиз. Худди шу чеклов аёлларга ҳам тегишли. Гўзал бўлишни истаган аёл тамаки, спиртли ичимликлардан узоқроқ юриши керак. Булардан ташқари аёлларнинг энг хавфли душмани бу – ширинлик. Аёл киши табиатан ширинликка ўч ҳилқат ҳисобланади. Улар кечки овқатдан сўнг телевизор қаршисида ўтириб олиб, ширинлик билан чой ичиб ўтиришни севишади. Айнан мана шу ёмон одат аёлга ортиқча вазн ва кўримсизликни туҳфа этади. Шифокорлар ҳам моделлар ҳам ширинлик борасида аёлларга бир хил маслаҳат беради – фақат табиий ширинликлардан истеъмол қилиш. Улар асал, майиз ва турли қуритилган мевалар. Булар табиий бўлиб, турли витамин ва минералларга бой ҳисобланади.
Сутли маҳсулотлар оз миқдорда аёл гўзаллигига кўрк қўшади. Ҳаддан ортиқ музқаймоқ, қаймоқ, сметана ва ёғли сут ичиш ҳам ортиқча вазнга сабаб бўлади. Яхшиси аёл ўзига ва организмига мос келадиган пархез турини танлаб, унга амал қилгани маъқул. Турли синалмаган пархезларга амал қилиш, аёл соғлиғини яна ҳам заифлаштириб қўяди. Ортиқча вазндан қутулишни истаган аёл ўзи танлаган пархезга қатъий амал қилиш билан ўзида иродалиликни ҳам шакллантиради. Демак бир ўқ билан икки қуённи уриш имконингиз бор.
«Доимо ўзингизга нисбатан талабчан бўлсангиз, бу ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайсиз» — дейди гўзал Хайди Клум.