3:36

Болани мактабга тайёрлаш

MP3

Ассалому алайкум. Боласини мактабга бориши олдидан ҳаяжонланмайдиган она топилмаса керак. Болажон энди катта бўлиб, ўқийдиган, таълим оладиган бўлиб қолди. Аммо мактабга қабул қилишларидан олдин, болакай суҳбатдан ўтиши лозим. Айниқса, фарзандини махсус мактабга бермоқчи бўлган ота-она боладан суҳбат жараёнида нималарни сўрашлари мумкинлигини боласи ҳали олти ёш бўлмай туриб билиши керак. Болангиз қобилиятли, тетик ва мактабга боришга қизиқиши кучли эканини билсангиз, ҳеч бўлмаганда ярим йил олдин бола мактабга чиқиши учун нималарни билиши кераклигини ўзингиз билиб олишингиз керак. Кўпгина оналар мактаб суҳбатига олиб борилган болалардан қандай саволлар сўралишини билишмайди. Бундан боҳабар бўлсангиз, фарзандингизни бу суҳбатга олдиндан тайёрлай оласиз.

Бугун суҳбатимиз давомида болани мактабга тайёр бўлиши учун нималарни билиши лозимлигини билиб оласиз. Ундан ташқари суҳбатга олиб бориладиган болаларга қандай топшириқлар берилади? Бу ҳам қизиқ. Болангизни мактабга тайёрлашни анча эртароқ, 4-5 ёшларидан бошланг. Фарзандингиз ота-онасининг исмини, фамилиясини, уларнинг қандай ишда ишлашини билиши лозим. Кейин эса ҳар сафар туғилган куни бўлганида, неча ёшга кирганини бот-бот такрорлаб туриш керак. Агар боланинг хотираси яхши бўлса, туғилган ойи ва кунини ҳам яхши эслаб қолади. Хавфсизлик томонидан, болага қаерда яшаши, доми ва квартирасининг рақамларини ҳам ёдлатиб қўйиш керак. Кейин эса фаслларга доир эртаклар тўқиб айтиб беринг. Ҳар бир фаслда қандай гуллар ўсиши, қушлар ва ҳайвонлар ҳақида, об-ҳавонинг қандай ўзгариши ҳақида маълумот берадиган ҳикоялар ва эртаклар ўқиб беринг.

Шундай қилсангиз, болангизга бериладиган саволларга уни олдиндан тайёрлаган бўласиз. Суҳбат жараёнида шундай саволлар берилади. Бўш пайтларингизда фарзандингиз билан рақамлар ўйинини ўйнанг. Кимда катта сонли рақам бор? Ўйини бола учун ҳам қизиқарли ҳам фойдали. Геометрик шаклларни ҳам бола ҳали мактабга бормай туриб билиши, уларни ўзи чизиб, бўяй олиши керак. Хуллас, бола сонларни, рангларни, ҳафта кунларини, фасллар ўзгаришидаги ҳолатларни, ҳайвонларни, айириш ва қўшишнинг содда амалларини билиши керак.

Мутахассислар иштирокида ўтадиган махсус суҳбатда эса болага график диктант ёзишни буюришади. Болага геометрик расм кўрсатилади ва худди шундай расмни катак дафтарга чизиши талаб этилади.

Иккинчи усулдаги геометрик диктантда эса топшириқни катталар беради, боладан эса уни эшитиб, ёзиш талаб этилади. Масалан ўқитувчи, «бир катак юқорига, икки катак ўнгга, бир катак пастга» дейиши мумкин. Руҳшунос эса болага мантиқий саволлар беради. Катта одам учун оддий бўлган жумбоқ болакай учун жуда қийин бўлади. Масалан, руҳшунос шундай дейди: «Олма дарахти. Унда иккита шох бор. Ҳар бир шохда эса иккитадан олча. Ҳаммаси бўлиб нечта олча бор?» Ҳеч қанча. Чунки олма дарахтида олча бўлмайди. Суҳбат жараёнида саволлар хилма-хил бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам болани ана шу саволларнинг ҳаммасига жавоб беришга мажбурлаш эмас, балки шунга ўхшаш саволларга жавоб топа билишга ўргатиш муҳим. Болакайни мактабга руҳан тайёрлаш керак. У кўпчилик орасида гапиришдан қўрқмаслиги, уялмаслиги, лозим бўлганда топшириқни қайта сўраб олиши керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top