Ассалому алайкум гўзал опа-сингиллар. Гўзаллик табиатан аёл кишига ошно ҳисобланади. Ҳеч бир аёл Худованднинг гўзаллигидан бебаҳра қолмаган. Фақат бу гўзалликни кимдир юзага чиқара олади, кимдир эса йўқ. Эркаклар орасида шундай бир гап юради: «Энг гўзал аёл ўзининг гўзаллигини билмаган аёлдир». Чиндан ҳам гўзал бўла туриб, ўзини у қадар гўзал деб билмайдиган камтар аёллар қалбан гўзал ҳисобланади. Бугунги суҳбатимиз давомида ҳар бир аёл ўзига қандай оро бериш кераклигини ва қандай косметик воситалар унга тўғри келишини билиб олади. Ҳар бир аёл киши ўттиз ёшдан кейин вақт таъсирида хиралашаётган гўзаллигини юзага чиқариши керак.
Шундай экан юзни тиниқлаштириш ва камчилигини яшириш ҳақидаги баъзи бир маълумотлардан бошлаймиз. Юз шаклини тўғрилаш учун зарур воситалар бу – юз терисига айнан мос келадиган тонал крем, юз рангидан сал тўқроқ упа ва ялтироқ зарли упа. Бу косметик воситалар қандай суртилишини деярли ҳар бир аёл билади. Шундай бўлса ҳам яна бир бор эслатиб ўтамиз. Тонал кремни суришдан аввал пардоз асоси бўлган намлантирувчи крем суринг. Чунки бу нарса юзингизни қуриб кетишдан асрайди. Аммо намлантирувчи крем юз терисига бутунлай сингиб кетгандан кейингина тонал крем суришингиз керак. Тонал кремни суриб бўлгач, ёноқларни тортиб туриб, пайдо бўлган чуқурчага тўқроқ упани суртинг.
Бурун, пешана ва кўз атрофини ажратиб кўрсатиш учун ялтироқ зарли упа билан яхшилаб бўянг. Шу ўринда яна бир маслаҳат: тонал кремини ҳеч қачон қўлингиз билан сурманг. Унинг учун алоҳида спонж сотиб олиб, спонж билан суринг. Бу кремнинг бир текисда сурилишига ёрдам беради. Кўзларингиз қанча шаҳло бўлса, юзингиз ҳам шунчалик гўзал кўринади. Аммо ҳамма аёлларнинг ҳам кўзлари шаҳло эмас-да! Ҳеч қиси йўқ, бунинг ҳам иложи бор. Кўзларингизни каттароқ қилиб кўрсатиш учун юқори киприкларга қуюққина қилиб туш суртинг. Тушни асло пастки киприкларга суртманг, йўқса, у кўзни чегаралаб қўяди. Умуман кўзни катталаштириб кўрсатиш учун юқори киприкларни узайтириш, қайириш яхши самара беради.
Агар қандай ранглар сизга тўғри келишини билмасангиз, сизга ҳамма учун бирдек тўғри келадиган рангларни тавсия этамиз. Шафтолирангдаги румяналарни қанча кўп суртсангиз ҳам табиийликни сақлаб қоласиз. Малларанг сочли аёллар уни юзининг «олмачасига» қора сочли аёллар ёноқ суяклари туртиб чиққан қисмига чакка томон йўналтириб суртганлари маъқул. Бинафшаранг тенлар қора кўзларга чуқурлик бағишлаб, янада ёрқинроқ кўринишини таъминлайди. Айниқса, тунги бинафшаранг пардози ниҳоятда ажойиб саналади. Қора рангли тен билан пардоз қилингандан кўра бундай образда қатъийлик, драматиклик акс этади. Яна бир кичик маслаҳат, пардозни ёруғ хонада амалга оширинг. Бу рангларни аслидагидек кўришингизга ёрдам беради. Хуллас, гўзаллик ва жозиба сизни асло тарк этмасин.