2:46

Гурунг қилиш қийин…ми?

MP3

Ассалому алайкум. Аёлларнинг энг севимли машғулоти бу суҳбатлашиш. Аммо ҳамма аёл ҳам суҳбатлашиш маданиятидан боҳабар эмас, уларнинг ҳаммаси ҳам дилкаш ва киришимли эмас. Шуни хисобга олган ҳолда бугунги суҳбатимиз мавзусини сухбатлашишга бағишладик. Инсон умрининг қанчаси уйқуга, яна қанчаси меҳнату тирикчиликка сарф бўлиши алоҳида ҳисоб қилинган. Маълум бўлишича, умримизнинг катта қисми суҳбатлар, ўзаро мулоқотлар билан ўтар экан. Бусиз яшай олмас эканмиз ҳам. Ўтмишда яшаб ўтган улуғ алломалар суҳбатга кўп ва хўп таъриф беришган. Бу бежиз эмас, албатта. «Бирдан-бир ҳақиқий неъмат одамларнинг бир-бири билан мулоқотидир», деган эди машҳур француз ёзувчиси А.Сент-Экзюпери.

Рус ёзувчиси Лев Толстой эса «Одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган ва узоқлаштирадиган сўзлар бор, кейинги тоифа сўзлардан эса эҳтиёт бўлиш керак», дея огоҳлантирган. Ҳар нарсанинг ўзига яраша одоби бўлгани каби суҳбатнинг  ҳам одоби, маданияти бор. Зеро, инсоннинг ўзлиги, фазилатию нуқсонлари, аввало, унинг айтар сўзида, суҳбатида намоён бўлади. Баъзи одамлар табиатан тортинчоқ, уятчан бўлади, шу боис бошқалар билан тил топишишга қийналади, суҳбатга қўшилолмай, ийманиб туради. Кейинчалик ҳаёт қозонида обдан қайнаб, кўзи очилгач, секин-аста бу нуқсондан қутулиш мумкин. Ота-боболаримиз узун қиш кечалари тез-тез гап-гаштакларга йиғилиб туришган.

Мақсад фақат ейиш-ичиш эмас, балки дилкаш суҳбатлар, мароқли гурунглардан маънавий қониқиш бўлган. Суҳбати дилтортар одамларнинг ажиб бир оҳанрабоси бўлади, ҳамма уларга интилади. Аммо яхши суҳбатдош бўлиш ҳам осон эмас. Кўп нарсадан хабардор, илмли ва билганини мароқ билан ҳикоя қила оладиган одамнинг суҳбати ширин, қизиқарли, мазмунли бўлади. Табиийки, бундай суҳбатдош самимий сўзлайди, ҳамсуҳбатининг феъл-атворини, қизиқиш доирасини ҳам ҳисобга олади. Бу эса ҳамсуҳбатда хайрихоҳлик, ўзаро ишонч туйғусини уйғотади. Мароқли сўзлай билиш қобилияти катта истеъдод саналади. Бу неъмат ҳаммага ҳам берилавермайди. Нима қилиб бўлса-да, ўз фикрини ўтказишга уриниш, ҳамсуҳбатини назар-писанд қилмаслик ҳеч кимда яхши таассурот қолдирмайди, албатта.

Зеро, ўзгалар фикрига сабр-тоқат ва ҳурмат-эътибор билан муносабатда бўлиш юксак аҳлоқдан дарак беради. Одамларнинг дилига, феъл-атворига қараб иш тутишни, яхши суҳбатдош бўлишни тақозо этадиган касб-ҳунарлар ҳам бор. Шифокорлик, ўқитувчилик, журналистлик шундай касблардан ҳисобланади. Ўзаро суҳбатлардаги энг катта иллат бу -эзмаликдир. Эзма одам ҳамсуҳбатининг фикри билан қизиқмайди. Тинмай гапираверади. Суҳбатларда керакли гапни айта билиш, кераксизидан тийилиш, пайти келганда сукут сақлаш ўта муҳимдир. Ҳар қандай техника воситаси мароқли суҳбатларнинг ўрнини асло босолмайди. Зеро, одамнинг тафтини одам олади. Биз ҳам умримиз давомида ана шундай тафтли инсонлар сирасига киришга интилмоғимиз даркор.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top