2:47

Мисоллар

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Аёл кишининг бахти унинг оналигида. Шунга қарамай, бу бахтни бутун ва давомли қилиш сизнинг қўлингизда. Аниқроғи, имонли фарзандларни вояга етказиш сизнинг қўлингизда. Худованд сизга фарзанд берган экан, демак унинг тарбиясини сизга ишонибди. Болалар билан суҳбатлар пайтида улар сизга турли саволлар беришади. Айниқса, Худованд ҳақида. Шундай саволларга тайёр бўлиш учун эса онанинг ўзи Яратувчимиз ҳақида яхши билиши керак. Она фарзандини имонли, тўғри фарзанд қилиб тарбиялаши учун Худовандни етарли даражада билиши, тинимсиз фарзандлари учун ибодатда бўлиши керак. Бугунги суҳбатимиз орқали фарзандларда туғиладиган бир саволга жавоб топиб оласиз.

Бир куни фарзандларим билан суҳбат орасида иккинчи ўғлим, ҳаётдаги адолатсизлик ҳақида савол бериб қолди: «Нега Худованд ногиронларни дунёга келтиради?», «Нега уларнинг илтижоларига қулоқ солмайди?» Унинг саволига ўзим билганимча жавоб беришга ҳаракат қилдим, бироқ Худованд мени тўхтатиб, Каломни қўлимга олишим кераклиги ҳақида эслатди. Мен эса Каломни қўлимга олиб Юҳ 9 боб1-9 оятларни биргаликда улар билан ўқидим. «Исо ўтиб кетаётганида, Унинг кўзига бир туғма кўр одам чалинди. Шогирдлари Исодан: — Устоз, бунинг кўр бўлиб туғилишида ким гуноҳкор ўзими ёки ота-онасими? – деб сўрадилар. Исо шундай жавоб берди: — Бунда на ўзи гуноҳкор, на ота-онаси, балки Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр туғилган.»

Ҳа, шундай ҳолатлар бўладики, улар фақат Худованднинг улуғворлиги учун хизмат қилади. Худованд ҳали ҳам илгаргидек, фарзандларининг ҳаётида мўъжизалар қилади. Бироқ бу мўъжизалар Исо Масиҳ давридагидан анча кам. Бугун ҳам Худовандга чин дилдан ишонганлар ҳасталикларидан шифо топмоқдалар. Аммо ишонч борган сари камайиб кетмоқда. Афсуски, ҳар доим ҳам жисмоний камчиликларимизни тўғрилай олмаймиз. Бугун ҳаётимиз давомида шу камчиликка кўниб яшашимизга тўғри келади. Худованднинг иродаси туфайли ногирон бўлиб туғилганлар ҳам шундай. Атрофдаги соғлар эса уларнинг ҳаётини кўриб, хулоса чиқариши, Худовандга шукрона келтириши керак. Худованднинг йўллари ва фикрларини оддий инсон тушуна олмайди. Худонинг Руҳи ёрдамида қисман тушуниши мумкин, аммо тўлиқ эмас.

Биздан талаб этиладиган нарса Худовандга тўлиқ ишониш ва ҳаётда учрайдиган ҳолатларни кўриб, шукрона келтиришдир. Мана шу нарсани фарзандларингизга ҳаётдан олинган мисоллар, Каломда ёзилганлари билан тушунтириб беришингиз мумкин. Демак, хулоса шундай: «Баъзилар ота-оналарининг ёки ўзларининг қилган гуноҳлари туфайли ногирон бўлиб қоладилар. Баъзилар эса Худонинг ишлари уларда намоён бўлиши учун шундай дунёга келадилар. Бошқалари эса Худовандга ишониш синовидан ўтади.» Ҳар бир киши Худованд унга берган ҳолатни шукроналик билан қабул қилиши керак. Фарзандларингиз билан суҳбатда уларга бу ҳақида тушунтиришга ҳаракат қилинг. Албатта ҳозир сиз айтаётган нарсаларни сиз тушунгандай тушунмайди, аммо сўзларингиз ҳаётда уларга йўл кўрсатувчи бўлиб хизмат қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top