3:15

Ўзни тушуниш

MP3

«Менга ақл-идрок бергин, токи Қонунингга риоя қилайин. Уларга чин қалбдан риоя қилайин» (Заб 118:34).

Ассалому алайкум. Мен Лола сизларга бугун шундай савол бермоқчиман: «Нега бошқаларни осонроқ тушунамиз-у, ўз-ўзимизни тушуниш қийин?» Шундай кунлар бўладики, ҳисларимиз назоратимиздан чиқиб кетади. Олдимиздан чиқадиган ҳар бир воқеага, ҳолатга ҳисларимиз билан жавоб қайтарамиз. Нимадир бизни асабийлаштирса асабийлашамиз, кимдир жахлимизни чиқарадиган иш қилиб қўйса, жахлимиз чиқади. Кимдир билмай бизга нисбатан бирор ножўя гап айтиб қўйса, хафа бўламиз. Хуллас аёллик бисотимиздаги жамики ҳис-туйғуларни ишга соламиз. Шоҳ Сулаймон пайғамбар ўзининг маталлар китобида бизга шундай маслаҳат беради: «Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир» (Мат 4:23).

Киши ўз-ўзини тушуниши, ўзининг қандай инсонлигини билиш учун ҳам қалбига назар солиши керак. Ўзимизга маъқул келадиган ва энг муҳими Худога маъқул келадиган аёл бўлишимиз учун ҳам бор кучимиз билан қалбимизни асрашимиз, уни ёмон фикрлар, ҳислардан тоза сақлашимиз керак. Худо бизга ҳисларни берган экан уларни бошқариш бизнинг зиммамизда. Агар биз уларни бошқармасак, табиийки улар бизни бошқаради. Ўз ҳисларини бошқара олган одам, оғир-босиқ, ҳамма нарсани мулоҳаза билан ҳал қиладиган бўлади. Атрофидагилар олдида ҳам ҳурмат қозонади. Ҳисларингиз доимо бошқарувда бўлишни истасангиз, нима яхши ва нима ёмонлигини яхши тушуниб олишингиз зарур бўлади. Сулаймон пайғамбар бизга шундай дейди: «Мен шу нарсани аниқ тушундимки, инсон учун ҳаётлигида хурсанд бўлиб, яхши ишлар қилиб яшашдан аълоси йўқ экан» (Воиз 3:12).

Исо Масиҳ бизга бирор қарорга келишдан олдин юрагимиз билан ақлимизни ишлатиб иш кўришимизни айтади. «Юзаки ҳукм қилманглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин» (Юҳ 7:24). Олдимизда қийин вазият турганида ҳар доим ҳам танлашнинг иложи бор. Фақат танлашда адашмасак бас. Ҳис-туйғулар сизни безовта қилаяптими, улар назоратингиздан чиқиб кетаяптими? Сиз ўз-ўзингизни идора қила олмаяпсизми? Шундай пайтда ким-кимни бошқараётганига эътибор қилинг. Шундай пайтда нима қилишни танлайсиз, Худо сизга буюрган иш – ҳисларингизни бошқаришними ёки ҳисларингизга тобе бўлиб, ҳаётингизни барбод қилишними? Мусодан кейин Исроил халқини бошқарган Ëшуада ҳам муаммолар бўлган экан. У қандай йўл тутди?

Бизга ўхшаган халққа нима деди: «Бироқ агар Худога хизмат қилишни истамасангиз, бугуноқ кимга хизмат қилишингизни аниқлаб олинг: дарё ортида яшаб ўтган ота-боболарингиз Худосига хизмат қиласизми, ёки сиз юртида яшаётган Аморийлар худоларига сиғинасизми. Менга келадиган бўлсак, мен ва бутун оилам Худога хизмат қиламиз» (Ëшуа 24:15). Азизлар ҳисларингизни бошқаришни ўрганишни истасангиз, бизнинг кейинги суҳбатимизни тинглашни унутманг. Агар ҳис-туйғулар мавзусидаги аввалги суҳбатларимизни тингламаган бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга мурожаат қилинг. Шунда ҳис-туйғуларингиз ва ўзингиз ҳақингизда тўғри фикрга келасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top