3:16

Фактлар

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Инсон қандай фикр қилмасин, нималарни ҳис қилмасин, ҳаётда баъзи нарсаларга тегишли фактлар ва ҳақиқатлар бўлади. Инсоннинг ҳис туйғуси бу фактларни ўзгартира олмайди. Ўтган сафарги суҳбатларимиздан бирида, Худованд бизга узоқ туюлганда нималарни ҳис қилишимиз ҳақида суҳбатлашган эдик. Аёл зоти табиатан ҳис-туйғуга бой, у нимани бошидан кечирса, ўша нарсани ҳис қилишни истайди. У турмуш ўртоғининг севгисини, фарзандларининг ҳотиржамлигини ва яқин атрофдагиларнинг миннатдорчилигини ҳис қилишни истайди. Бу ҳис қилиш истаги Худо билан муносабатда ўшандайлигича қолади. У Худованднинг ҳузурини ҳис қилишни истайди. Албатта Худованд ҳам Ўзининг ҳузурини ҳис қилишингизни истайди, аммо биринчи ўринда Унга ишонишингизни кутади.

Сиз ўзингизни қандай ҳис қилишингиздан қатъий назар Худованд сиз билан бирга. Ҳаётингизда бўлаётган ёқимсиз ҳолатларда ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизга қарамай, Худованднинг ўзгармас сифатларига диққатингизни қаратинг. Ҳаёт ташвишлари ичида кўзлари ёшга тўлган аёл Худовандга қарашга қийналади. Шундай дамларда ҳар бир аёл Худованд ҳақида билганларини эсга олиши керак. Бу сифатлар ҳеч қачон ўзгармайди. У меҳрибон, сизни севади, У ҳар доим сиз билан бирга, гарчи буни ҳис қилмасангиз ҳам. У сизнинг ҳолатингизни тушунади, сизга ғамхўрлик қилади ва ҳаётингиз учун Унинг Ўз режаси бор. Раймонд Эдман деган бир киши шундай деган экан: «Худованд сенга ёруғликда айтганларига, ҳеч қачон қоронғуликда шубҳа қилма».

Ҳаётимизнинг яхши дамларида Худовандга ишониш осон бўлади. Бундай пайтларда Худованд сизга қандай яхши бўлса, қоронғулик дамларида ҳам Унинг сизга бўлган муносабати ўзгармайди. Ҳар бир аёл Худованднинг сифатлари ўзгармаслигини билиш учун Аюб пайғамбар ҳаётини кўз олдига келтириши керак. Аюб пайғамбар ҳар бир имонли учун сабр-тоқат, садоқат намунаси бўлиб қолган. У ҳеч нарсасиз қолганда ҳам Худованднинг сифатлари ўзгармаганини тан олиб, Уни улуғлади. У Худованднинг яхшилигига, қудратлилигига, ҳаётидаги ҳар бир ҳолатни кўриб билиб турганига, ҳамма нарса Унинг назорати остида эканлигига, Аюбнинг ҳаёти учун Ўз режаси борлигига ва ниҳоят уни ўша қийинчиликлардан қутқаришига ишониб, Худовандни улуғлади.

Биз аёллар ҳам шундай қила оламиз. Қийин дамларда Худованднинг ўзгармас сифатларига қаранг. Юрагингиз ҳаётингизда бўлаётган қийинчиликдан қанчалик оғримасин, қанчалик умидсиз ва тушкунликда бўлманг, Худованд ўша сиз аввал билган Худованддир. Шундай экан, бор кучингизни тўплаб, У ҳақидаги ҳақиқатга назар солинг. У ўзгармаган. У ҳали ҳам сиз ҳақингизда ғамхўрлик қилаяпти, фақат сиз буни кўрмаётган ёки сезмаётган бўлишингиз мумкин. Ҳатто ҳаётимда Худовандга шукрона қиладиган ҳеч нарса йўқ, ёки ҳеч нарса қолмади, деб ҳисоблаганингизда ҳам, биргина Исо Масиҳнинг сиз учун ҳочда азоб чекиб жон берганининг ўзи Худованддан чексиз миннатдор бўлишга арзийди. Шунинг учун ҳам оғир дамларда Худованднинг ўзгармас сифатларига қаранг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top