Ассалому алайкум меҳрибон опа-сингиллар. Биз йиғилиб қолган хафачиликлар, норозиликлар, қайғу ҳамда синган юраклар билан тўлиб-тошган оламда яшамоқдамиз. Агар биз буларга эътибор бермасак ва уларни бартараф қилмасак, бу муаммолар Масиҳнинг Танаси бўлган жамоатнинг бирлигига таъсир кўрсатади, муносабатларни бузади, Муқаддас Руҳнинг инсонлар ҳаётига таъсирини камайтиради ва уларни оиладан ажратиб, талабалик ҳаракатларига айлантириб қўяди. Биз кечиримга муҳтожмиз! Кечирим – яқин муносабатлар учун малҳамдир. У зиддиятларни камайтиради ва одамларни бир-бирига яқинлаштиради. Агар сиз кимнидир кечиришга қодир, деб ҳисобламасангиз, ҳеч қачон унга нисбатан очиқ ва самимий бўла олмайсиз. Кечирмайдиган инсон узоқ давом этадиган яқин муносабат яратишга қодир эмас. Сизнинг қанчалик ақлли ёки тажрибали эканингизнинг аҳамияти йўқ.
Агар кечира олмасангиз, яқин муносабат ярата олмайсиз – улар унутилмаган зиддиятлар туфайли барбод бўлади, чунки бу зиддиятлар бартараф қилинмаган. Бундан ташқари, агар сиз кечира олмасангиз, ёлғиз қолишингиз аниқ, чунки одамлар сизнинг ҳузурингизда очиқ бўлишга қўрқишади. Ўз атрофингизни баланд девор билан ўраб оласиз. Кечиримсиз дўстлик узоққа бормайди. Дўстлик мустаҳкамланиши ва ривожланиши учун дўстингиз кўз олдида қайта-қайта қоқилишингиз ва аввалгидек севимли инсон бўлиб қолишга ва бутунлай кечирилишга ишонч ҳосил бўлиши керак. Оилада кечирмайдиган турмуш ўртоқ муносабатлардаги, айниқса мулоқотдаги яқинликни барбод қилади. Унинг жуфти мунтазам равишда уни хафа қилиб қўйишдан чўчиб яшайди, шунинг учун у кечирмайдиган умр йўлдоши унинг ҳимоясизлигидан фойдаланишидан қўрқиб, самимий мулоқот қилишга ҳаракат қилмайди.
Оқибатда эса, бундай муносабатларда хафачилик ва норозиликлар ҳукмрон бўлади. Бошқа томондан, эр-хотинлик муносабатларида мунтазам равишда қўлланиб келинадиган кечирим янада яқинликка олиб келади, чунки бу очиқ мулоқотга сабаб бўлади. Агар камчиликларингизга қарамасдан кимдир сизни севса ва уни хафа қилганингиздан кейин ҳам сизни қабул қилса, сиз ўша инсонга янада кўпроқ севги билан жавоб қайтаришдан бошқа чорангиз қолмайди. Кечирим ҳамда кейинги ҳаракатлар борасидаги қарашларингиз зиддиятни қандай бартараф қилишингизни белгилайди. Ўзингиздан сўранг: Кечирим талаб қиладиган ҳар бир вазиятда муносабатларимизни мустаҳкамлаш ҳамда ўз феъл-атворимни яхшилаш учун имконият кўраманми? Мени хафа қилган инсоннинг эҳтиёжлари мени қизиқтирадими ва мен уни тушунишга ҳаракат қиляпманми?
Мени хафа қилган инсонга нисбатан Худо адолатли йўл тутушини, агар жазолаш керак бўлса, қасос олиш менинг ишим эмаслигини тушунаманми? Мен билан содир бўлаётган ҳодисалар учун Худога шукур айтаманми ва шу орқали Унинг севгиси ва раҳм-шафқати менда униб-ўсишига имкон беряпманми? Муносабатлар ва никоҳ камдан-кам ҳолларда биргина сабаб билан барбод бўлади. Ҳар қандай портлаш – одатда бартараф қилинмасдан тўпланиб қолган ва кечирилмаган зиддиятларнинг сўнггиси бўлади. Доктор Тим Лахэйи шундай ёзади: “Қайси биримиз ёмон кайфият, асабийлашиш, рад қилиниш ҳамда танқидий қарашларга дуч келмаймиз? Умуман олганда, бундай нарсалар масиҳий оилаларда бўлмаслиги лозим, бироқ улар мавжуд. Кундалик турмушларида кўплаб “шикоятлари” бўлмаган жуфтлик йўқ. Бироқ, кўпгина бундай жуфтликлар муносабатларидаги муҳаббатдан, ҳамжиҳатликдан ва тинчликдан завқ олаётганини кўрамиз. Бунинг сири кечиримда”.