3:27

Ишончли бўлиш

MP3

Ассалому алайкум. Сизнинг-ча, ҳаётда эркак ёки аёл кишининг асосий вазифаси нима? Статистика шуни кўрсатадики, эркак киши қадриятлари бўйича биринчи ўринга ўз обрўсини қўяди. Агар хотин қандайдир йўл билан эрини камситса ва унинг обрўсини ерга урса, эр ё аразлайди ёки бўлмаса жаҳл отига минади. Бошқа томондан эса, аёл киши ишонч туйғусини қадрлайди: етарли миқдордаги пулни, атрофидагиларнинг беҳатарлигини, бироқ ҳаммасидан кўпроқ эрига бўлган ишончни қадрлайди. У эрига инонган пайтида кўплаб бошқа соҳаларнинг таъсири камаяди. Ажабланарлиси шундаки, ишончли бўлиш – бугунги кунда эътибордан четда қолиб кетган. Бироқ ишонч – узоқ муддатли ва яқин муносабатнинг, эр-хотинлик ва жинсий алоқанинг асоси ҳисобланади. Яқин муносабатга эришиш мақсадида эр-хотинлар “биз” деган муносабатни шакллантириш учун шахсиятларини бирлаштиришлари лозим.

Эр-хотин бир-бирига нисбатан ҳалоллик ва очиқликка интилиши керак. Ишонч омилисиз ҳалоллик ва яқинлик бўлиши мумкин эмас. Агар турмуш ўртоғингизнинг содиқлигига, ишончга муносиб эканлигига, сиз ҳақингизда ва сиз учун яхши нарсаларни ўйлашига ишонмасангиз, у билан самимий ва узоқ давом этадиган яқин муносабатда бўла олмайсиз. Сизлар бир уйда яшашингиз мумкин, лекин иккалангиз ҳам ёлғиз бўласизлар. Бундай ёлғизликка изоҳ бериб, Ричард Стросс шундай ёзган: “Ёлғизлик – даҳшатли нарса бўлиб, бўшлиқ, камчилик, мулоқотнинг етишмаслиги, шахсий боғлиқликнинг етишмаслигидир. Ёлғизлик – сизни тушунадиган, ўзаро мажбуриятлар ва ишончни баҳам кўрадиган кишига қалбини очиш имкониятининг етишмаслигидир”. Худди феъл-атвор каби, ишонч ҳам бир кечалик танишиш натижаси эмас.

Ишонч узоқ вақт давомида пайдо бўлади. Тобора кўпроқ инсонлар муносабатларга бўлган ишончни, айниқса, жиддий муносабат ўрнатишга умид қилганларида, ривожлантириш зарурлигини англаб етишмоқда. Социолог ва психолог Лонни Барбах ҳамда психотерапевт Линда Левин маслаҳатчилик ишлари давомида ишонч – боғланишни кучайтирадиган ва яқинликка олиб келадиган омил эканини сезганларини таъкидлагандлар. “Муносабатларида ишонч ва муҳаббатни ҳис қиладиган аёллар жуфтларига ишонганлари ва бу эркаклар уларни қабул қилишларини билганлари учун камроқ уялишларини ва кўпроқ ҳиссиётларга берилишларини айтишган”. Ишонч – аслида ким эканимизни ва ўзимизни қандай тасаввур қилишимизни ифода этади. Қалбимизда бундай сифатни ривожлантириш учун вақт керак. Шубҳа йўқки, ишонч омили жисмоний муносабатларда жуда муҳим роль ўйнайди. Эр-хотин ўртасида ишонч бўлса, бахт тўкис бўлади.

Эри узоқ сафарга кетганида ҳам ундан ҳавотир олмайди. Эр ҳам уйда бўлмаган пайтларда ташвишланмайди, чунки аёлининг яхши она эканини билади. Фарзандларига тўғри ва фойдали овқат беришига ишонади. У сафарда бўлган пайтларда аёли беҳуда пул сарфламаслигини ёки бемаъни зиёфатлар уюштирмаслигини билади. Сизлар қилаётган ишлар, муносабатларда биргаликда ташлайдиган ҳар бир қадамингиз ишончга асосланган бўлиши лозим. Бу – никоҳингизнинг асосидир. Агар кимгадир ишонсангиз, унга суянишингиз осон бўлади. Агар менда қандайдир жиддий муаммо туғилса, мен кимга мурожаат қилишим керак? Албатта, ўзим ишонган, қандай бўлсам, шундайлигимча севадиган, қилган ишим учун мен ҳақимдаги фикрини ўзгартирмайдиган инсоннинг ёнига бораман. Бу инсон – эрим, чунки мен унга тўлиқ ишонаман. Бунинг сабаби – унинг ишончга сазоворлигидир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top