Ассалому алайкум қадрдонлар. Тўй-ҳашамлар бўлгани яхши, бироқ англаётган бўлсангиз, ўзимиз шу тўйларни ҳашамга, одамлардан олқиш олиш учун қиладиган бўлиб қолдик. Атрофда ҳамма тўйга сарфланадиган ортиқча чиқимларни камайтириш ҳақида гапиради. Бу фикр ҳаммага ёқади, бироқ ҳеч ким амалда шу ишни қилишга журъат қилмаяпти. Нега? Биз одамларнинг тўйга нималар қилганини кўрганмиз, уларнинг ошини еганмиз, энди биз ҳам шунча одамга ош беришимиз керак. Мен қизимни ёки ўғлимни тўйини мана шундай қилиб ўтказим бермасам, одамлар нима дейди? Шу ўй-фикрлар, ҳавотирлар бизни қул қилиб қўйган. Агар ўтириб дўппинии бир четга олиб қўйиб ўйлайдиган бўлсангиз, тўй турмушдан кўра муҳимроқ эмас. Асосийси, ёшлар тўй кунидан кейин бахтли яшашда давом этсинлар. Бунинг учун уларга пуллардан кўра кўпроқ нарсалар керак.
Масалан, вақтида ота-онанинг доно ўгити, отанинг масъулиятли бўлиш ҳақидаги ўрнаги, ота-онанинг муҳаббатга, ҳурматга ва муросага йўғрилган ўз ҳаётлари, йигит қизнинг тўғри тарбия олганлиги уларнинг келажакда бир бирларига тўғри муносабатда бўлишига ва бахт қўрғонини мустаҳкам қуришига пойдевор бўлади. Никоҳ тўйи яқинлашгани сари нафақат ота-оналарни балки икки ёшни ҳам деярли бир хил нарса ташвишга солади. Биринчиси, ўша кунни ҳавотирланиб кутиш, иккинчиси аччиқланиб ортга қараш. Тим Келлер шундай дейди, “Хавотирланиш – Худо буни тўғри бажаришига ишонмаслик, аччиқланиш эса Худо буни албатта нотўғри бажаришига ишонишдир”. Қойил! Жуда ҳам топиб айтилган доно гап. Агар сиз ҳам энди турмуш қурмоқчи бўлсангиз ёки ўғлингизни уйлантирмоқчи ёки қизингизни турмушга бермоқчи бўлсангиз, сизга тинчланишингиз учун бир-иккита маслаҳат бераман. Турмуш ўртоғингиз билан 60 йил ёки ундан ҳам кўпроқ бирга вақт ўтказиш оилангиз ва дўстларингиз олдида 24 соатни бирга ўтказишдан кўра муҳимроқ.
Турмуш қураётганингиздан миннатдор бўлинг, бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Вақтингиз, кучингиз ва пулингизни турмуш ўртоғингиз билан биргаликдаги ҳаёт учун сармоя сифатида сарфланг. Ота-оналар эса, қуввати ва пулини ҳамда ижобий тажрибаларини фарзандларининг келажаги ва турмуши тинч-бахтли бўлишига сарфласинлар. Тўй олдидан ёки ўша пайтда аччиқланиш ярамайди. Турмуш никоҳ тўйидан ҳам муҳимроқ эканини унутманг. Никоҳ тўйида ҳамма нарсани орзу қилганингиздек ёки кўнгилдагидек қила олмаслигингиз мумкин, бироқ сиз қилаётган дабдабасиз ҳам бахтли ва мазмунли ҳаёт кечириб юрганларга қаранг. Бундай тажрибали жуфтликлар тўйини тасвирга олиш тугул ҳатто тўйи куни суратга ҳам тушмаганлар. Бироқ бу уларни ташвишга солмайди, сабаби улар учун ўша кун эмас, кейинги ҳаётлари муҳим. Яна аччиқланишга қайтадиган бўлсак, ўша куни бўладиган асабийликларни, бировнинг аччиқ гапларини унутинг.
Уларни кечириб юборинг, акс ҳолда тўй ҳеч кимга татимайди. Содир бўлган нарсалардан тўғри хулоса чиқариб, яхшиликка йўйиб, вақтингиз, пулингиз ва кучингизни турмушингизга йўналтириб яшашда давом этинг. Тўй куни фақат учта шахс муҳим: Худо, келин ва куёв. Қолганлари аҳамиятсиз одамлар. Албатта, келган меҳмонларга ундай деб айтмайсиз, бироқ буни ёдингиздан чиқарманг. Шундай экан, бу кунни ота-оналар ҳам, келин-куёв ҳам келажакка яхши умид ва ҳаракат билан ўтказсинлар. Муҳими бу тўй эмас, ундан кейинги ҳаёт.