3:39

Калом билан Ибодат қилиш

MP3

Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худонинг фарзандлари истаган пайтларида Худонинг олдига дадиллик билан яқинлашишлари мумкин. Каломда ёзилишича, “Агар Худо ибодатларимизни тинглаётганини билсак, ибодатларимизга жавоб олганимизни ҳам биламиз”. Ибодат жуда кучли қудратга эга эканлигини биз имонлилар кўп ҳам тушуниб етавермаймиз. Ибодат бизнинг руҳий қуролимиз. Ибодатда Худонинг Каломини ишлатсак, Унинг кучи ва таъсири яна ҳам ошади, аммо ёдингизда бўлсин, ибодат қилаётганингизда, каломни ишлатаётганингизда бу нарсага ишончингиз бўлмаса, бундан фойда йўқ. Каломда қандай ёзилгани ёдингиздами, “иккиланувчи бундай одам, Худодан бирор нима оламан деб ҳаёл қилмасин”. Забур 101:16-19 “Халқлар Эгамиздан қўрқади, Унинг шуҳратидан ер юзи шоҳлари титрайди. Зеро, Эгамиз Қуддусни барпо қилади, Ўзининг шуҳрати ила зоҳир бўлади.

Йўқсилларнинг ибодатига У эътибор беради, Уларнинг илтижоларини рад этмайди. Ҳали туғилмаган халқ ҳам Эгамизга ҳамду сано айтсин, Келажак насл учун бу ёзиб қўйилсин:” Бу оятга кўра Худованд бизга келажак авлод учун ибодат қилишга ундаяпти. Кўпинча биз энг зарур бўлган муҳтожликларимиз учун ибодат қиламиз. Бу яхши. Аммо фарзандларимиз, невараларимиз, эвараларимиз учун ҳам ибодат қилсак, ибодатлар албатта вақти келиб таъсирини кўрсатади. Ибронийларга 11 боби имон боби деб аталади. Унда ёзилишча, Иброҳим пайғамбар имон билан йўқ бўлган шаҳарни қидирди. Албатта Худо ваъда қилган шаҳар Қуддус, бир неча юз йиллардан кейин пайдо бўлди. Аммо Иброҳим пайғамбар бунга олдиндаи ишонди. Шунинг учун сабрли ибодат шошилинч ибодатдан яхшироқ. Баъзида биз Худонинг жуда тез жавоб беришини истаймиз. “Худо менга бу нарса керак, аммо бу менга ҳозир керак!”, деймиз.

Биз кўрмаган инсонларимиз учун ибодат қиламиз. Бизнинг ибодатимиз, Худонинг олдига боради ва бир кун келиб Худо албатта мана шу ибодатларимизга жавоб беради. Агар ибодатларингиз жавобини кўрмаётган бўлсангиз, саросимага, тушкунликка тушманг, Худо албатта вақти соати билан сизнинг ибодатингиз ижобатини беради. Сиз балки бу ибодатнинг жавобини кўрмассиз, аммо Худо буни охирига етказиб қўяди. Бир сафар шундай бир воқе эшитгандим. Бир одам имонда жуда ҳам кучли ва Худога яқин ва итоатли инсон бўлиб ўсган эди. Атрофдариларнинг кўпчилиги бу одамнинг характери, имони ва ҳаёти бошқаларга ҳам намуна бўладиган даражада эканлигини тан олишарди. У одам эса бу ҳақида шундай дейди, “Менинг бир холам бўлган. Мен уни кўрмаганман, аммо у мен учун ибодат қилган экан.” Кўрдингизми, ўша аёл жиянинг шундай ажойиб инсон бўлиб етишганини кўрмади, аммо Худо у аёлнинг ибодатларига жавоб берди.

Сиз энг ожиз бўлган пайтингизда фарзандларингиз учун ибодат қилсангиз, бу шайтоннинг энг кучли қуролидан ҳам кучли бўлади. Сизнинг ибодатларингиз Худо то унга жавоб бермагунча тирик бўлади. Баъзи пайтларда умидсиз бўлиб қоламиз. Ибодат қилгимиз келмай, сўзларни зўрға айтаётган пайтимизда ҳам Худованд ибодатларимизни эшитади. Ишаё 44 боб 3-5 оятларда Худованд шундай ваъда беради. “Чанқоқ ерга Мен сув бераман,
Қақраган тупроқда ирмоқлар оқизаман. Наслингга Руҳимни бераман, Зурриётинг устига Ўз баракамни ёғдираман. Улар оқар сув бўйидаги тол дарахти каби, Майсалар орасидан ўсиб чиқади. Бири: «Мен Эгамникиман», деб айтади, Бошқаси Исроил халқига қўшилай, деб келади. Яна бири қўлига: «Эгамники», деб ёзади–да, Исроил халқининг бириман, деб айтади.” Фарзандларингиз учун ибодат қилар экансиз, Худонинг Каломини ишлатган ҳолда ибодат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top