Ассалому алайкум. Олимларнинг фикрига кўра аёллар билан эркаклар оғриқни турлича сезар эканлар. Бундан ташқари, бизнинг чой ҳақидаги баъзи фикрларимиз нотўғри экан. Қайси бири дейсизми? Биз ёшлигимиздан, “Чойни иссиқ-иссиқ ичиш керак”, деган гапларни кўп эшитиб катта бўлганмиз. Ҳатто оналаримиз, овқатимизни ҳам иссиқ ейишга ундашган. Аммо тадқиқотларнинг кўрсатишича, кўп миқдорда қайноқ чой (ёки бошқа ҳар қандай қайноқ ичимлик) ичиш хавфли ва катта эҳтимол билан қизилўнгач саратонининг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. 50 мингдан зиёд инсон қатнашган кенг кўламли тадқиқот шундай хулоса билан якунланган. Тадқиқот Эроннинг шимолий-шарқида бўлиб ўтган. Олимлар 10 йилдан ошиқроқ вақт давомида 45 ёшдан 70 ёшга қадар бўлган қайноқ чой ичувчи эркак ва аёлларни кузатиб борганлар. Тадқиқот мобайнида ичимликнинг ҳарорати ва истеъмол қилинаётган миқдори ҳамда пиёлага қуйилишидан то ичилгунга қадар ўтган вақт қайд этиб борилган.
Тўпланган маълумотлар турли давлатлар ва маданиятлар кўра фарқланади. Маълум бўлишича, ҳарорати Цельсий бўйича 60 даражадан юқори бўлган ичимлик аксарият одамлар томонидан чидаб бўлмас даражада иссиқ чой сифатида қабул қилинади. Олимлар келган хулосага кўра, бир кунда ҳарорати 60 даражадан юқори бўлган чойдан икки пиёладан кам бўлмаган миқдорда ичган одамларда қизилўнгач саратони ривожланиш хавфи бунча миқдорда чой ичмайдиганлардан кўра икки карра юқори бўлади. АҚШда саратоннинг бу тури энг кенг тарқалган онкологик хасталиклар рўйхатида саккизинчи ўринни эгаллаган. Қизилўнгач саратони билан касалланиш хавфи эркакларда 1:132, аёлларда 1:455 нисбатни ташкил қилади. Бироқ бошқа мамлакатларда манзара умуман ўзгача. Масалан, Эрон ва Хитойда қизилўнгач саратони анча кенг тарқалган касаллик ҳисобланади.
Бунга овқатланиш маданияти ва чекиш каби омиллар сабаб, дея кўрилади. Аёлларнинг сезгиси эркаклар сезгисига қараганда бир неча баробар юқори эканлиги исботланган. Аммо бир аёл Паркинсон касаллигини ҳидидан сеза олар экан. Паркинсон касаллиги ташхис орқали жуда қийин аниқланувчи нейродегенератив хасталиклар қаторига мансуб. Унда лаборатория усуллари орқали аниқлаш мумкин бўлган биологик маркерлар мавжуд эмас. Бироқ англиялик Жой Милн ҳали илк аломатлари пайдо бўлмасидан олдин ҳам Паркинсон касаллигини ҳид орқали сеза олиш қобилиятига эга. У бундай қобилиятидан биринчи бор эрининг терисидан келаётган иснинг ўзгариб қолганини пайқаган вақт хабар топган. Орадан 10 йил ўтиб, турмуш ўртоғига Паркинсон касаллиги ташхиси қўйилади. Милн хоним ўзи мулоқотда бўлган бошқа инсонлардан ҳам шундай ис келаётганини сезади.
Ўшандан бери олимлар бу аёл касаллик исини қандай сезаётганини аниқлашга уриниб келмоқдалар. Тахминларга кўра, Милн хоним ҳар бир инсонда мавжуд бўлган тери шираси ёки тери мойи исини ҳис қилади. Паркинсон касаллигига учраганлардан бу ҳид кучлироқ ажралиб чиқади. Олимлар Манчестер университетида Жой Милн ва 64 кўнгилли иштирокида тадқиқот ўтказиб кўрдилар. Иштирокчилардан баъзилари Паркинсон касаллиги билан оғриган эди. Натижалардан аён бўлишича, Паркинсон касаллигига чалинганлар тери шираси таркибида уч модданинг миқдори юқори бўлади: гиппур кислотаси, эйкозан ва октадеконол. Бу аёл саратоннинг бир қанча турларини ҳам ҳид орқали сеза олишини маълум қилади. У сил касаллигини аниқловчи ташхис тестини ишлаб чиқиш бўйича олимлар билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида.