3:05

Меҳмондорчилик 61

MP3

Ассалому алайкум радиоэшиттиришимизнинг азиз муҳлислари. Бугун мен сизлар билан меҳмондорчилик ҳақида сўз юритмоқчиман. Меҳмондорчилик – бу, албатта, яхши, эзгу, хайрли ишдир. Ҳаворий Павлус Ефесликлар мактубида ёзганидек, “Биз Худонинг ижодимиз. Худо бизни Исо Масиҳ орқали хайрли ишлар қилишимиз учун яратди, бу ишларни эса биз учун азалданоқ тайёр қилиб қўйди”. Бугун эса меҳмондўст бўлиш вақтидир. Меҳмондўстлик миллатга, ёки ментолитетга, ёки урф-одатларга боғлиқ бўлиши керак эмас. Бу – Худованд томонидан бериладиган инъом, ажойиб фазилатдир.

Менинг бир чет элик дўстим бор. У оиласи билан саккиз йил мамлакатмизда яшади.

Ўзбекларнинг меҳмондўстлигига хавас қилади. Ўз юртига борганда у ота-онасига ўзбекларнинг меҳмондўстлиги ҳақида кўп гапириб берарди. Энди эса унинг ота-онаси уйларига келган одамни ичкарига таклиф қилиб чой билан меҳмон қилар эканлар. Бу биз учун албатта одатдагидек нарса, бироқ бу қариялар меҳмондўст бўлишни ўрганганларидан жуда хурсанд.

Раббимиз Исо Масиҳ дунёга келиб хизмат қилганида, У ҳам меҳмондорчиликка муҳтож эди ва Жалиладаги аёллар унга уйлари билан хизмат қилардилар. Раббимизга сув, овқат ва паноҳ берганлар ҳам бор эди. Ҳар бир биродаримиз, айниқса хизматчилар бизнинг меҳмондўстлигимизга муҳтож. Бу эса юрагимизга боғлиқдир. Меҳмондорчилик кўрсатолмаслигимиз учун бизда минг ҳил бахона топилади: уйим тор, шароити йўқ, музлаткич бўм-бўш, болаларим касал, вақтим йўқ каби бахоналардир. Бироқ юракда севги ҳукмрон бўлса ушбу барча бахоналарни Исо Масиҳнинг ёрдами билан енгамиз.

Албатта биз нафақат биз севадиган биродарларимизга нисбатан меҳмондўст бўлишимиз лозим, балки атрофимиздаги барча одамларга нисбатан ҳам. Уйингизнинг эшигини очиб сиз мана шу меҳмонларингизга Нажот ҳақидаги эзгу хабарни эшитиш учун имконият берасиз. Балки сиз буни сўзлар билан айтолмассиз, лекин яшаш тарзингиз орқали ҳам сиз Хушхабарни етказишингиз мумкин, токи “сиззнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар”.

Шундай қилиб, азиз тингловчилар, келинглар Осмондаги Отамизга ухшаб меҳмондорчиликда ҳам баркамол бўлишга ҳаракат қилайлик. Агар биз меҳмондўстлигимизни фақат бизни севадиган ёки биз ёқтирадиган одамларга кўрсатсак, бундан бизга раҳмат булурми? “Солиқчилар ҳам худди шундай қилишмайдими? Агар сиз фақат биродарларингиз билангина саломлашсангиз, қандай фазилатли иши қилган бўласизлар? Бутпарастлар ҳам шундай қилишмайдими? Шундай қилиб, осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сиз ҳам баркамол бўлинглар”. Спортчи ғалаба тожига эга бўлиш учун қанча меҳнат қилади. Биз ҳам меҳмондўст бўлишни ўрганайлик, машқ қилайлик ва шундагина ғалаба қозонамиз. Энди эса сиз билан келгуси радиотулқинлари орқали учрашгунча хайрлашиб сизларга тинчлик, соғ-саломатлик тилаймиз. Ҳайр, омон қолинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top