Ассалому алейкум дастуримизнинг қадрли муҳлислари. Мана шу қисқа вақт ичида сизлар билан яна мен Ғолиббекман. Эшиттиришимизнинг мавзусини эса лидерларга, яъни етакчиларга бағишлаймиз. Етакчи сўзнинг маъноси нима? Етакчи бу бошқаларни ўз орқасидан етаклай оладиган инсон. Бироқ дунёвий ва масиҳий лидерлар орасида катта фарқ мавжуд ёки мавжуд бўлиши керак. Дунёвий етакчилар кўпроқ бошқаларни мажбурлашга ёки ўзига бўйсунтиришга интиладилар. Улар ҳар доим олдида бўлишга ҳаракат қиладилар. Дунёда ҳам, масиҳийликда ҳам етакчиларнинг турлари жуда кўп. Хизматим туфйли кўплаб ибодатхоналарнинг етакчилари билан алоқада бўлиб бунга ўзим амин бўлдим.
Битта ибодатхонада етакчини ҳурмат қилишини кўриб оғзим очилиб қолган эди. Ўша ҳурмат менга кўпроқ қурқувдек туюлди. Етакчи ўзини катта тутиб, бошқаларга дўстона муносабат билдирмаган эди. Севгидан маҳрум бўлган қуруқ ҳурмат. Ҳурматни эса талаб қилса бўлади ёки қозонса бўлади. Албатта қозонган ҳурмат яхшироқдир. Нима бўлганда ҳам етакчини ҳурмат қилгандай оддий ибодат аъзосини ҳам худди шундай ҳурмат қилиш керак деб ўйлайман. Бунинг аксини бошқа бир ибодатхонада кўрганман. Тушлик қилганимиздан кейин етакчи енгини кутариб идиш товоқларни ювишга тушди. Мана шу жойда унга нисбатан менда катта ҳурмат пайдо бўлди.
Баъзи етакчилар эса бутун ҳокимиятни ўз қўлига овволиб ўзлари яртган “шоҳликда” ҳокимлик қилдилар. Фақат ўзининг фикрини маъқуллаб, бошқаларга қулоқ солмасдан хоҳлаганини қиладилар.
Энг яхшиси Муқаддас каломда берилган етакчининг образига назар ташлайлик. Агар етакчи биринчи Коринфликларга мактубининг ўн учинчи бобини ўқиб чиқса ва севги сўзнинг ўрнига ўз исмини қўйиб ўқиса етакчининг ижобий образига эга бўлади деб ўйлайман. Яна Раббимизнинг Марк хушхабарининг унинчи бобида айтган сўзларини келтирмоқчиман: «Орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизматда бўлсин. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, ҳаммангизга қул бўлсин. Чунки Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган”. Буюк Устозимиз, Етакчимиз шундай қилган бўлса, нима учун биз бундай қилмаслигимиз керак? Обрўимиз пасаядими, ё ҳурматимиз йўқоладими? Аксинча, Худонинг Шоҳлигида охиргилар биринчи бўладилар.
Биринчи Бутрус мактубининг бешинчи бобида яна ажойиб бир насиҳат бор. “Назоратингиздаги Худонинг сурувини яхши боқинглар. Бу ишни мажбурий эмас, балки Худога ёқадиган даражада кўнгилдан чиқариб қилинглар. Қабиҳ, ғаразгўйликсиз, сидқидилдан иш тутинглар. Қўлингиз остидаги сурувга ҳукмронлик қилмасдан, яхши ўрнак кўрсатинглар. Ана шунда, Бош Чўпон осмондан намоён бўлганда, сизлар сўлмас, улағ жамол тожига сазовор бўласизлар”
Шу сўзлар билан эшиттиришимизга якун ясаб сизлар билан хайрлашамиз. Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти ҳаммаларингизга ёр бўлсин. Соғ саломат бўлинглар!