3:46

Бойлик ва камбағалчилик

MP3

Ассалому алейкум ҳурматли муҳлислар. Микрофонда яна овоз янграмоқда ва шу овознинг соҳиби мен Ғолиббек бўламан. Бугунги мавзуимиз эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган бойлик ва камбағалчилик ҳақида боради. Бойлик ўзи нима? Агар биз бу савол билан одамларга мурожаат қилсак, ҳар хил жавобларга эга бўламиз. Кимдир ўз бойлигини пулда ёки мол мулкда, фарзандларида ёки руҳий қадриятларда кўради.

Дарҳақиқат ҳар бир инсон бойликка интилади. Муқаддас китобда “Бу дунёда куя ва занг еб кетадиган ҳамда ўғри тешиб талайдиган хазиналарни жамламанглар. Аксинча, куя ва занг еб кетмайдиган, ўғри тешиб таламайдиган у дунёнинг хазиналарини жамланглар. Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлур”, деб ёзилган. Баъзи эски аҳд пайғамбарлари, бойлик бу солиҳлик учун Худонинг мукофоти деб таҳмин қилишарди. Албатта бойликни Худованд беради, чунки дунёнинг барча бойлиги Уникидир. Лекин бой бўлмаган одам Худо мени ёмон кўради, мени марҳаматламаяпти деб айтиши мутлақо нотўғри. Худованд ўзи қарор қилади, ким бой ва ким камбағал бўлишини. Худованд ҳар доим камбағаллар учун ғамҳўрлик қилади ва ҳаммамизга ҳам шуни буюради.

Бойлик синов каби ҳам бизга берилади. Катта бойликка эга бўлганингизда ҳам энг муҳими Худованд олдида сизнинг юрагингиз қандайлигидир.Масиҳга келганимда менда шундай фикр бор эди: масиҳий одам бой бўлмаслиги керак деган фикр. Ўйлайманки кўплари хозиргача шундай фикрга эга. Лекин дунёда кўплаб бой масиҳийларни кўришимиз мумкин. Ва улар шу бойликлар орқали кўплаб хизматчиларни, ҳар ҳил проектларни қўллаб қувватлайдилар. Бой бўлиш гуноҳ эмас, бироқ ҳаётингизда бойликка интилиш биринчи ўринда бўлса, ана шунда эҳтиёт бўлинг.

Доно шоҳ Сулаймон ўз ҳикматларида айтган сўзларини эслайсизларми? “Менга қашшоқлиқ ҳам, бойлик ҳам эмас, фақат насибамни бергин. Қорним тўйганда “Эгам ким ўзи?” деб айтмайин, камбағалликдан ўғирлик қилиб Уни бадном қилмайин”. Агар Раббимизга қарайдиган бўлсак, Унинг на уйи, на мол мўлки, на бойлиги бор эди. Шу билан бирга У қашшоқ ҳам эмасди. Қашшоқликда яшаш ҳам яхши эмас деб ўйлайман. Чунки бу ниманинг оқибати? Ўйлайманки, дангасаликнинг, беҳудаликнинг, алкогол истеъмол қилишнинг ва ҳатто хасисликнинг натижаси ҳам бўлиши мумкин. Бир куни шоҳ Сулаймон дангасанинг даласидан ўтиб шундай хулосага келди: “Ана, ҳамма ёқ тиканзор, ҳамма ерда қичитқи ўт, тош девор ҳам қулаб, ер билан битта бўлиб ётибди. Қараб, ўйлаб кўрдим, уни кўриб сабоқ олдим. “Бироз ухлай, бир мизғиб олай, ёнбошлаб бирпас дам олай”, дейди. Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай, муҳтожлик эса қароқчидай устига келади”.

Умид қиламанки, сизлар ҳам мана шу мавзудан керакли хулосаларни чиқариб уларни ҳаётингизда қўллайсизлар. Бойликда ҳам, камбағалчиликда ҳам энг муҳими Худога содиқ қолишимиздир. Ва ҳаворий Павлус сингари “ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукр қилинглар. Бу Худонинг иродаси, чунки сизлар Исо Масиҳ умматисизлар”. Шу ажойиб сўзлар билан бугунги мавзуимизни якунлаб сизлар билан хайрлашамиз.Ўз фикрларингизни www.najot.com сайти орқали бизга билдиришингиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top