Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлар орқали учрашиб турибмиз. Шундай имконият берилгани учун Худовандга шукроналар бўлсин. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Раббимиз Исо Масиҳга хамду санолар бўлсин. Чунки Раббимиз ҳар биримизга шайтоннинг устидан ғалаба қилишимиз учун куч берди.
Азиз биродарлар, ҳар биримиз Худованд билан ярашганимизда Раббимиз Исо олдига қандай қилиб келдик ва энг муҳими нима учун келдик яхши билишимиз керак. Лекин кўплар нима учун Исо Масиҳга ишонганимизни тушунмайдилар. Айримлар абадий ҳаётга эга бўлиш учун кўп ибодатхонага боришим керак деб ўйласа, яна бошқалар кўп Муқаддас китоб ўқишим керак деб ўйлайди.
Азизлар келинг, бир оддий мисол келтирайлик. Агар бирон бир корхона, завод, умуман бирон бир ташкилотга ташриф буюрсак, дарвоза олдида ўтирган ходим албатта тўхтатиб киришимиз учун керак бўладиган рухсатнома борми деб сўрайди. У учун бизнинг кимлигимиз, келиб чиқишимиз, қаерда ишлашимиз қизиқ эмас, чунки унга энг муҳими кириш учун рухсатномани текширишдир.
Азизлар, энди биз Худовандни олдига боришимиз учун, Унинг ҳузурига киришимиз учун қандай рухсатнома керак ёки нимага эга бўлишимиз керак? Албатта Исо Масиҳнинг исми ҳар бир имонли биродар учун гувоҳномадир. Осмон Шоҳлигига киришимизни Худованд ҳар бир имонли кишига ваъда қилган, бунинг учун Раббимиз Исонинг исмига ишонмоғимиз керак экан.
Раббимиз Исо ҳар бир хоҳловчи кишига Осмон Шоҳлигига кириши учун ягона йўлдир. Азизлар, биз Худовандга ибодат қилганимизда ҳам Исо Масиҳ номидан илтижо қиламиз. Раббимиз жаннатга кириш эшигидир. Албата бизнинг Исо Масиҳ номига имон келтиришимиз, дунёдаги дўстларимиз учун ва бошқа инсонлар учун тушунарсиз ҳолатдир.
Уларнинг кўпчилиги айнан абадий ҳаётга эга бўлиш нима эканлигини тушунмаганлиги учун шундай йўл тутадилар. Исо Раббимизни ҳам кўпчилик тушунмади, Уни ўз юртидан ҳайдаб чиқаришди. Лекин Раббимиз айнан шу инсонларни севди. Исо Масиҳ ,ҳар бир Унга имон келтирган кишини огоҳлантирган. Демак биз, масиҳийларни бошқалар тушунмаслиги, қувғин қилиши ҳар биримиз учун шарафдир.
Исо Масиҳ айтганидай, бизга қарши бўлганларни доимо дуо қилайлик. Уларнинг ҳам юраклари очилиши учун Отамизга илтижо қилайлик. Дунёдаги ҳар бир инсон Худованднинг абадий ҳаётидан бахраманд бўлсин. Демак азизлар, Худовандга чин юракдан ишониб имон келтириш жуда муҳим. Кўпчилик ўйлаганидек савоб ишлар, кимларгадир кўрсатадиган ёрдамларимиз эмас, бизни имонимиз қўтқарар экан.
Албатта савоб ишлар ҳам, бировга ёрдам бериш ҳам ҳар биримизнинг вазифаларимидан бири. Лекин шу нарсалар бизга нажот бера олмайди. Нажот берувчи бу Раббимиз Исодир. Азизлар, келгуси эшиттиришларимизгача сизлар билан хайрлашамиз, доимо соғ-саломат бўлинглар.