3:12

У биз ҳақимизда ўйлайди

MP3

«Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар» Фил 4:6.

Кимнингдир доимо сиз ҳақингизда ўйлаши, ёқимли. Сизни ўйлаган одам, сизни севади, сизга ғамхўрлик қилади. Кимдир доимо сизни ўйласа, сиз ҳақингизда ғамхўрлик қилса кўнглингиз ҳотиржам бўлади. Самода ҳам бизни ўйлайдига Зот бор. У бизнинг Яратгувчимиз, бизни севадиган, бизни назаридан қочирмайдиган, энг муҳими фақат бизни ўйлайдиган Зот. Биз Худонинг фарзандлари бўлсак-да, кўпинча дунёвий ишларга, муаммолар ва ташвишларга ўралашиб қолиб, Ундан ёрдам сўрашни унутамиз. Энг майда иш учун ҳам Худони безовта қиламанми, деб ўйлаймиз.

Ўз кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Албатта баъзи ишларни ўз кучимиз билан қила оламиз, бироқ бунда Худонинг иродаси бормикан; дея ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бир танишим айтган эди:

«Ҳатто пайпоғимни ҳам Худодан сўраб оламан». У биздан шуни кутади. Директорларимизга ўхшаб куннинг маълум бир қисмида кел, демайди. Унинг офиси биз учун доимо очиқ. Унга мурожаат қилиш учун маълум бир кунни кутишимиз шарт эмас. Ишхонамизда иш кунининг қоқ ўртасида ҳам Унга мурожаат қилаверишимиз мумкин. У биз билан худди энг муқаддас хонада гаплашгандай гаплашади. У биздан Унинг олдига куннинг истаган вақтида келишимизни истайди.

Биз ўз ташвишларимиз билан Унинг бизни кутаётганини унутиб қўйишимиз мумкин, бироқ Худованд биз ҳақимизда ўйлашни тўхтатмайди. Худони унутишимизга сабаб бўлган фикрларни онгимизда суғуриб ташлашимиз кераклигини унутманг. Ҳаворий Павлус бу ҳақида шундай деган эди: «Худо билимига қарши бош кўтарган ҳар қандай баланд иддаони қуритиб юборамиз. Ҳар қандай фикрни Масиҳга бўйсундириб асир қиламиз.» Шунинг учун ҳам Худованд каломда тинмасдан ибодат қилишимиз кераклигини айтади. Унинг қудрати ва ёрдами билангина Худо билимига қарши бош кўтарган баланд иддаоларни қурита оламиз. 1 Салоникаликларга 5 боб 17 оят бизга шундай ўргатади: «…тинмай тоат-ибодат қилинглар». Римликларга 12:12 оят ҳам шундай дейди: «Умидворлик ила хурсанд бўлиб юринглар. Қайғуда сабрли, тоат-ибодатда саботли бўлинглар».

Яқинда ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим. Худванд олдида уятга қолдим. Қийинчиликлар келганида, чидай олмай Худодан аччиқландим. Худо менга берган баракаларни кўролмадим. Худо эса менинг олдимга мендан ҳам баттарроқ аҳволда, бироқ тилида шукрони туширмаган биродарларни олиб келди. Энди эса Худо каломи орқали қайғуда сабрли ва тоат ибодатда саботли бўлишимиз кераклигини айтмоқда. Колоссаликларда ҳам ҳар қандай қийин ҳолатларга қарамай, сабот билан ибодат қилишда давом этиб, Худога шукрона қилиш кераклиги уқтирилган: «Тоат-ибодатга астойдил берилинглар; ибодат қилишда ҳушёр бўлиб, шукрона қилинглар.» Азизлар ҳаётимиз давомида Худо бизни икки хил йўл билан ҳомток қилади: Каломи ва ҳолатлар орқали. Доно бўлсангиз биринчи йўлни танланг. Худованд сизга иккинчи йўлни тутишга мажбур бўлмасин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top