MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Эфирда сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бир. Бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек бир неча дақиқа давомида сиз азизлар билан бирга бўламан. Азиз тингловчи, биз барча гуноҳларимизни қолдириб Худованд олдида тавба қилганимизда абадий хаётга эга бўлишимизни, Отамиз Худованд ваъда қилган.

Лекин биз ҳар биримиз вақтинчалик бўлсада мана шу дунёда яшаймиз. Ҳар биримизнинг хабаримиз бор. Бу дунёда халол яшаб, доимо Худованд айтганидек ҳаёт кечириш нафақат оддий одамлар учун балки художуй инсонлар учун ҳам бирмунча мушкулдир. Шундай экан азизлар, биз қандай қилиб янада Худовандга яқинроқ бўлишимиз мумкин деган савол пайдо бўлади.

Келинг азизлар, Муқаддас китобдан бир оят келтириб ўтайлик: ушбу оят Ёқуб мактубининг4: 8 оятида ёзилган: ” Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади! Эй гуноҳкорлар, қўлларингизни гуноҳдан тозаланглар!” Шу оят орқали аниқ билишимиз мумкинки, ҳар бир инсон Худовандга яқинлашиши учун гуноҳлардан тўлиқ воз кечиши ва қолдириши кераклигини.

Шундагина биз Худовандга, Худованд эса бизларга яқинлашади. Ҳар биримизнинг ҳаёлимизда доимо Худованд бизларга энг яқин дўстимиз бўлишни хоҳлаётганлиги бўлиши лозим. Бу ҳақиқатдан амалга ошиши учун эса биз кўпроқ вақтимизни У билан ўтқазмоғимиз керак. Буни эса ибодат орқали ва Унинг каломини ўқиб ўрганиш орқали амалга ошириш мумкин.

Албатта ўзимиздан каттароқ ва тажрибалироқ бўлган биродарларимиз ва чўпонларимизнинг маслаҳатлари ҳам жуда мухим роль ўйнайди. Ибодат қилган пайтларимизда албатта ўзимиздаги камчиликларимиз ва шу камчиликлардан воз кечмоқчи эканлигимизни Отамизга ибодат орқали айтишимиз мумкин. Берган абадий ҳаёти учун Унга доимо миннатдорчилик билдиришимиз мумкин.

Агар Худовандга қайсидир жойда қулоқ солмаган бўлсак албатта Ундан кечирим сўраш муҳим. Шу билан бирга азиз тингловчи, Худовандга янада яқин бўлишимизда ибодатхонага бориб биродарлар билан Уни олқишлашимиз ҳам жуда муҳим. Аслида ибодатхонадаги ўтқазиладиган йиғилишлардан биринчи мақсад ҳам шу яъни барча инсонлар Худовандга яқинроқ бўлишидир.

Доимо ёдимизда бўлсин азизлар, агар биз чин юракдан Худовандга яқин бўлишни истасак албатта Худованд ҳам бизга яқинлашади. Худовандга яқин бўлган инсон Ундан узоқроқ кетишга қўрқади. Чунки Худованд билан бирга яшаш шунчалик ажойибки, ўша инсондан бошқалар буни тасаввур қилиши қийин. Азизлар, Худованд бизга буюрганларини бажариш орқали Отамиз Худовандга янада яқинроқ бўла олмаймиз.

Шахсан мен ишонаман, агар Отамиздан шу пайтда ёрдам сўрасак албатта У ўзиниг қўлини бизга узатади. Азиз тингловчи, ўзингизда бўлган саволлар ва таклифларни интернетдаги сайтимизга йўлланг. Унинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. www.najot.com Азизлар, сизлар билан яна радио орқали учрашгунча хайрлашиб қоламиз. Омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top