3:27

Воизлик 94

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Азизлар, яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳар бир Масиҳга ишонган киши доимо руҳий озиқланиб туриши лозим. Азизлар, шундай экан бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар билан Худованднинг Каломидан бўлишмоқчимиз.

Биринчи Бутрус мактубининг 2:1 ҳамда 2 оятларини ўқиб кўрсак. Жумладан у ерда шундай ёзилганини кўришимиз мумкин: “Бунинг учун ҳар қандай ёмон ният, хийла-найранг, ҳар турли иккиюзламачилик, рашк-ҳасад, ғийбатчиликни бир четга суриб қўйинглар. Янги туғилган чақалоқ соф она сутини тусагандай, Худо каломини орзу қилинглар, токи у калом билан озиқланиб, ўсиб бориб, нажотга эришинглар”.

Азиз биродарлар, мана шу оятларда ёзилган гаплар ҳар биримизнинг эски ҳаётимизда мавжуд эди. Худованд айтадики, эй Ўғлим, энди сен Менга тегишлисан, энди барча гуноҳ ишларингни бир четга суриб қўй, янги ҳаётда яшагин, деб. Азиз биродар, Худованд бизга янги абадий ҳаётни берганида бизлар умуман янги ижодга айланамиз, хатто чақалоқ энди дунёга келганидек янги ҳаётни бошлаймиз. Фараз қилинг чақалоқ туғилди, у ҳали кўп нарсадан хабари йўқ.

Унга кимдир яшашни ўргатади. Йўл кўрсатади. Бизлар ҳам шундай. Бизнинг йўл кўрсатувчимиз Худованддир, Унинг каломидир. Чақалоқ сутни қанчалик севиб озиқланса у аста ўсиб боради. Биз эса азизлар Худованднинг каломи орқали ўсиб борамиз. Отамиз Худованд ҳар биримизни тўғри йўлга бошлаб боради. Агар чақалоқ она сути билан озиқланмаса у ўлиши мумкин. Масиҳий ҳаётни ҳам шундай тасвирлашимиз мумкин.

Шунинг учун ҳам кундалик ибодатимиз ва каломни ўқиб ўрганиб боришимиз ҳар биримиз учун овқатдек муҳимдир. Худованднинг каломи бизлар учун маслаҳатчидир. Агар Муқаддас китобни асл таржимасини кўрсак, Библия сўзи грек тилида Библиос деб айтилган. Бу дегани, Китоблар тўплами деганидир. Яъни ҳозирги замонавий тилда айтсак Библиотека деганидир. Муқаддас китоб ўз ичига 66 та китобни олади.

Демак ҳаётимизда учраб турадиган саволлар бўладими, кимгадир маслаҳат бўладими, ҳаммаси шу китобларда мавжуддир. Энг муҳими, рухан ўсишимиз учун энг яхши маслаҳатчимиздир. Шунинг учун ҳам Худованднинг каломини охиригача яхши ўрганишни орзу қилиб, яшамоғимиз лозим. Шайтон доимо Худованднинг каломидан нафратланган, доимо уни йўқ қилиш учун ҳаракат қилган, лекин Отамиз Худованд бунга асло йўл қўймайди. Унинг каломи асрлар давомида яшаб келмоқда.

Азизлар, дунёда қанчадан қанча атеист инсонлар яшаб ўтишди. Улардан бири Вальтер исмли бир инсондир. У шундай деган эди: “Мен яшаб ҳаётим поёнига етган пайтда Францияда биронта ҳам Муқаддас китоб ўқийдиган инсон қолмайди “. Минг афсус, у ўйлагандек бўлмади.Аксинча Худованднинг каломи кундан кунга ёйилиб ер юзини эгаллаб бормоқда. Худованд Ўз каломини ҳимоя қилишга қодирдир. У буюк Худованддир . Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз нихоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top