Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна эфир орқали сизлар билан учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Кўпчилик ота-оналарга ўз фарзандлари билан очиқча гаплашиш бирмунча қийинчилиқларни туғдириши мумкин. Айниқса болалар ўсмир ёшида бўлсалар. Чунки ҳар бир ота-она ўз фарзандини севади ва суҳбат давомида айрим болаларда учрайдиган камчиликларни уларга тўғридан тўғри айтишдан, болаларига бошқача таъсир қилишларидан бироз чўчийдилар. Яна бир муҳим нарса,бу айниқса масиҳий оилаларда тез-тез бўлиши мумкин. Сабаби ота-она суҳбат давомида баъзи бир чегарани сақлашлари керак. Масалан болада доимо иккиланиш ва юрагининг тубида қандайдир мустаҳкам пойдевор мавжуд бўлмаганида нима қилиш лозим?
Ҳар бир ота-она ўз фарзандига қандайдир ёрдам бергиси келади. Шундай вақтда ўғил бола билан ота, қиз бола билан она гаплашиши маъқул деб биламиз. Кўпинча бола ўзида кечираётган туйғулар билан камдан-кам бўлишади, айниқса ота-оналар билан. Лекин шундай иккиланишлар болада бўлмаслиги учун олдиндан болаларни шу бўлиши керак бўлган суҳбатга тайёрлаш лозим.
Қандай қилиб деган савол пайдо бўлиши аниқ. Болалар хали ёшлигидан бошлаб ота- онага ўз муаммолари ҳақида очиқ гапиришни ўргатиш керак. Бунинг учун эса фақатгина болаларда қандайдир муаммолар бўлишини кутиш шарт эмас. Оддий ҳолларда ҳам бола билан суҳбатлашиш керак. Бола билан яқиндан дўстлашиш лозим.
Ҳар қандай инсон ҳам ўзида бўлаётган муаммолар билан дўстлари орқали кўпроқ бўлишишлари мумкин. Бола оилада соғлом турмуш тарзини кўриши лозим. Айниқса отанинг роли бу жойда муҳим. Болангизда қандайдир муаммо бўлганини кўрсангиз, у билан суҳбатлашиш учун қулай вақтни танлаганингиз маъқул. Айтмоқчимизки бундай пайтларда болаларнинг кайфияти ҳам муҳим.
Бола суҳбатга тайёр бўлиши ҳақида ибодат қилинг. Болани бирон нарса гапиришга ҳеч қачон мажбур қилманг. Акс ҳолда бола кўп ёлғон гапларни сизга айтиши мумкин. Суҳбатлашишдан олдин Худованддан донолик ва яхши атмосфера ҳақида ибодат орқали сўранг. Ўйлаймизки суҳбат учун болалар билан қаергадир бориб гаплашиш яхши натижа беради.
Масалан табиат қўйнига, парк ёки ҳайвонат боғига бориб суҳбатлашинг. Суҳбатни яни мақсадингизни бирданига айтиб қўйманг. Аввал ён атрофни томоша қилинг, умуман суҳбатлашиш учун қулай фурсатни топинг. Агар шунда ҳам болани суҳбат учун тайёр эмаслигига амин бўлсангиз, яхшиси кейинроққа қолдиринг. Лекин шу дамда суҳбат жуда зарур бўлса , суҳбатлашишга ҳаракат қилиб кўринг. Бир ота шундай воқеани сўзлаб берган эди. Боласининг юриш туришида ўзгариш сезган ота бола билан суҳбатлашишни мақул топади. Бундан олдин бола билан оддий бир тангани олиб ўйнашга ҳаракат қилиб кўради. Хурсанд бўлиб, ўйинга қизиқиб кетган бола, мактабда ўз дўстлари билан қимор ўйнашини ва жуда кўп маротаба омади келганини ўз отасига маълум қилади. Албатта боланинг муаммосига яқинроқ ўйин,ёки бошқа нарса уларнинг тезроқ очилиши учун имкон беради. Бу эса суҳбатни янада осонлаштирар экан. Хайр саломат бўлинглар.