3:09

Иштирок этиш

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио муҳлисларимиз. Яна азизлар сиз билан ҳаво тўлқинлари орқали учрашиб турибмиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Ҳар биримиз ўз ибодатхонамизда ёки қатнашаётган уй гуруҳларимизда доимо Худовандга қандай хизмат қилишим керак деб ўйлаб кўришимиз керак.

Ҳар бир қатнашувчи гуруҳнинг фаолиятида иштирок этса, гуруҳ соғлом бўлади ва қатнашувчиларнинг имони янада мустаҳкам бўлади. Ҳар бир имонли бошқа одамларга нисбатан Худованднинг хизматчиси бўлсин. 1 Бутрус мактубининг 2 боб 5 ва 9 оятларида айнан шу ҳақида гапирилади. Соғлом баданнинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини бажаргани каби, жамоатнинг аъзолари ҳам уй гуруҳларидаги вазифаларда иштирок этсалар, гуруҳ янада соғлом бўлади. Римликларга мактуби 12 боб 4 ва 8 оятлар.

Акс ҳолда, агар олиб борувчи ўзи ҳамма вазифаларни бажарса, гуруҳда қатнашувчиларнинг руҳий ўсиши кескин секинлашиб қолади. Шунинг учун нафақат олиб борувчилар, балки уй гуруҳининг ҳар бир аъзоси ҳам ўз вазифасини бажарсинлар. Уй гуруҳи аъзолари йиғилган пайтларда хизмат турлари ҳам жуда кўп бўлади.

Масалан, аъзолар орасида кимдир жуда чиройли қилиб Каломдан Забур саноларини ўқиб бериши мумкин. Яна кимдир эса келаётган меҳмонларга хизмат кўрсатиши мумкин. Масалан, уларни кутиб олиш, ўтқазиш, керак бўлса чой дамлаб бериш, умуман шунга ўхшаш хизматлар. Бундан ташқари гуруҳда кимдир жуда гапга чечан бўлиши мумкин.

Шундай биродарлар хафта давомида бошқа биродарларнинг уйларига бориб анча мунча далда бериши мумкин. Чўпон шундай қилиши керакки, агар кимдир руҳан яхши ўсиб келаётган бўлса, майли, бошқаларни ўзига шогирд қилиб олиши ва уларга руҳан ўсишлари учун ёрдам бериши ҳам мумкин. Хуллас ҳурматли чўпонлар, гуруҳингизда барчасига Худованд учун хизмат қилишига имкон берсангиз яхши бўларди.

Шахсан мен ибодатхонага қатнай бошлаганимда, хизматчи биродарларимини кўриб. ҳавас қилар эдим. Ҳатто мен билан бирга жамоатга қатнай бошлаган биродарларимни хизматчи бўлганини кўриб ич-ичимда уларга ўхшай олмаганим учун дўстларимга нисбатан ҳасад ҳам қилар эдим. Худога шукур, вақт ўтиши билан Худованд менга ҳам, ўзимга яраша хизмат берди.

Айтмоқчиманки, ҳар бир биродар хизматчи бўлгиси келади. Агар сиз гуруҳингизда шундай биродарларни кўраётган бўлсангиз улар билан биргаликда ибодат қилишингиз ҳам мумкин. Шу билан бирга Худованд унга бермоқчи бўлган буюк хизмати ҳақида унга билдириб, у ҳам шу ҳақида ибодат қилишини сўранг. Азиз радио тингловчи мухлислар, ўзингиздаги саволар ва таклифларни бизнинг интернет сайтимиз орқали бизга йўллашингиз мумкин. Бизнинг манзил: www.najot.com Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top