Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радоио тингловчи дўстларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бениҳоят миннатдормиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳар бир инсон ўз ҳаёти давомида кўп маротаба ҳалоллик ҳақида эшитган бўлса керак.
Айниқса ота-онамиз, қолаверса ўзимиздан катта ёшдагилар нима учундир ҳалол ҳаёт кечиришимиз кераклиги ҳақида тез-тез гапириб туришади. Кўпчилигимиз ушбу гапларнинг маъносини чуқурроқ тушунишга ҳаракат қиламиз, лекин кимдир эса бу гапларга ҳам эътиборсиз бўлиб қарайди. Натижада эса ҳаёти давомида кўп қийинчиликларга дуч келиши муқаррар.
Ҳазрати Исо соф ва ҳалол яшади. У Ўз Отаси бўлмиш Худованднинг қонунларига Ўз ҳаёти орқали итоатли эди. Исо Масиҳ ҳеч кимга ўхшамаган таълимни берди ва мўъжизали равишда ҳар бир иллат ва касалликни даволади. У туғилишидан гуноҳсиз эди ва буюк таълимотчи бўлиши олдиндан кутилганди. Ҳар бир инсон шуни англаб етиши керакки, Худо билан ҳеч нарса имконсиз эмас.
Муқаддас Китобнинг Матто Хушхабар китоби 12 боб 19 ҳамда 20 оятларида шундай деб ёзилган: “У талашмас, тортишмас ҳам, кўча-кўйда сира бақирмас. Синдирмагай букик қамишни, ўчирмагай тутаётган пиликни-да, то адлу инсофни ўрнига қўйгунча”. Раббимизнинг ер юзига ташриф буюришидан асосий мақсади бошқача эди. Тўғри, У барча муҳтожларга шифо берди. Кўрларни кўзларини очди.
Моховларни соғайтирди ва ўз оилаларига қайтишлари учун имкон яратди. Лекин энг асосийси Раббимиз инсонларга абадий ҳаёт бериш учун келган эди. Кўплаб инсонлар анашу ҳаётга эга бўлдилар, ҳозир ҳам эга бўлишмоқда. Раббимиз Исо Масиҳ шундай ажойиб равишда ҳаёт кечирдики, ҳаммани ҳаваси келарди.
У ер юзидаги ҳаёти давомида бирон марта гуноҳ қилмади. Кўп маротаба шайтон Раббимизни йўлдан оздириш учун ҳаракат қилиб кўрди. Лекин Раббимиз ер юзидаги хизматидан ва Отаси нима учун ер юзига юборганидан доимо хабардор эди. Азиз тингловчи, сиз айтишингиз мумкин У Худо эди, шунинг учун ҳам У гуноҳга қарши тура олади-да, деб. Шундай-куя, лекин азизлар Раббимиз инсон қиёфасида эди.
Шу билан бирга шайтон Исо Масиҳни йўлдан уриш учун ўзининг бутун бор кучини Унга қарши қилиб қўйган эди. Ўйлайманки, агар шайтон бор кучи билан оддий инсонга шундай ҳужум қилса инсон зоти бир зум бўлса ҳам шайтонга қаршилик кўрсатиши қийин бўлса керак. Шунинг учун ҳам Раббимиз Исо Масиҳ ер юзидаги қисқа ҳаёти давомида ажойиб тарзда ҳаёт кечирди.
Гуноҳсиз бўлгани учун ҳам Отамиз Худованд Уни ўликлардан қайта тирилтирди. Албатта ўша даврдаги оддий инсонлар Раббимизнинг бу ажойиб гуноҳсиз ҳаётини кўриб ҳасад кўзлари билан Унга боқишар эди. Ушбу ҳасад эса вақти келганда Раббимиз Исо Масиҳни хочгача олиб борди. Азизлар, келинг Раббимиз Масиҳдек ажойиб ҳаёт кечиришга ҳаракат қилиб кўрайлик. Хайр саломат бўлинглар.