3:24

Яҳё Чўмдирувчи

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Суҳбатимизни бошлашдан олдин Муқаддас Каломда келтирилган баъзи оятларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. “Зиндонда ётган Яҳё эса Масиҳнинг қилаётган ишларини эшитгач, ўз шогирдларидан иккитасини Унинг олдига юбориб: “Келадиган Қутқарувчи Сенмисан, ёки биз бошқасини кутайликми?” деб ундан сўратди.” Жуда қизиқ, Масиҳнинг келишига одамларни тайёрлаган, “Унинг чориқларини кўтаришга ҳам арзимайман” деган одам нега Унинг Масиҳлигига шубҳаланди? Каломда у шундай дейди: “Мен сизларни тавбага чақириш учун сувга чўмдириб юрибман. Лекин менинг кетимдан Келаётган мендан қудратлидир. Мен Унинг чориқларини кўтаришга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради.” (Мат 3:11) Худованд уни Масиҳдан олдин инсонлар қалбини Худовандга тайёрлаш учун юборган эди.

Narrator 2 Ишаё пайғамбар Яҳё чўмдирувчи ҳақида шундай башорат қилган: “Мана, чўлда нидо янграмоқда: Худованд йўлини тайёрлангиз, равон айлангиз сўқмоқларин!, дея. ” Унинг туғилиши ҳам бошқача бўлган. У чиндан ҳам Худованд танлаган пайғамбар эди. Унинг отаси Закариё маъбадга кирганида фаришта унга: “Закариё қўрқма, чунки сенинг илтижоларинг ижобат бўлди. Хотининг Элисабет сенга бир ўғил туғиб беради ва унинг исмини Яҳё қўясан. У сенга шодлик ва бахт келтиради, унинг туғилганидан кўплар қувонади. У Худованд назарида улуғ киши бўлади… Онаси қорнидан Муқаддас Руҳга тўлиб тушади. Исроил фарзандларидан кўпларини у ўзларининг Эгаси Худовандга қайтариб қўяди. У Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудрати ила Раббимиз олдида юриб келади.” (Лука 1:13,17)

Narrator 1 У Муқаддас Руҳга тўлган одам бўлган эди. Исо Масиҳ сувга чўмиш учун унинг олдига келганида Муқаддас Руҳ орқали уни таниб, “Мен Сенинг ҳузурингда имон келтиришим керак эди. Сен бўлсанг, менинг олдимга келяпсанми? — деди. Исо унга жавоб бериб: Энди рози бўл, чунки биз шу йўсинда илоҳий амрни тўла бажаришимиз ўринлидир.” деди. (Мат 3:14,15) Аммо нега қамоқда ётганида Масиҳнинг Масиҳлигига шубҳаланди? Бунинг учун Исроил халқи Масиҳни қандай тасаввур қилганлиги ва У келганида Унинг нималар қилишини кутганлари ҳақида билиш лозим бўлади. Ўша пайтда одамлар башоратларда айтилганидек, Худо халқини қулликдан қутқаради, Довуд ҳонадонидан Шоҳ бўлиб келади, деб кутишган эди. Масиҳ келди, бироқ халқи Уни танимади. У чиндан ҳам халқни ва инсониятни шайтоннинг қуллигидан қутқарди, У Довуд авлодидан эди. Халқ ҳам Яҳё ҳам Масиҳнинг халқни Римликлар қўли остидан озод қилади, деб кутди.

Narrator 2 Бироқ Масиҳнинг мақсади кўзга кўринадиган душмандан эмас, кўзга кўринмайдиган Шайтоннинг ҳукми остидан ҳалос қилиш эди. Қамоқда қийналган Яҳё Унинг римликларга қарши ҳеч нима қилмаётганидан, Масиҳлигидан шубҳаланди. У пайғамбар бўлиши билан бирга сиз билан биздек инсон эди. Масиҳ унинг саволига шундай жавоб берди: “Боринглар, эшитиб кўраётганларингизни Яҳёга билдиринглар: кўрлар кўраяпти, чўлоқлар юраяпти, моховлар тузалаяпти, карлар эшитаяпти, ўликлар тирилаяпти ва бечораларга Хушҳабар эълон қилиняпти. Мени деб васвасага тушмаган бахтлидир. (Мат 11:4,6) Исо Масиҳ Яҳё пайғамбарни аёл зотидан туғилганлар орасида энг буюги, деб атайди, бироқ Осмон Шохлигида ҳатто энг кичик, деб ҳисоблангани ҳам ундан каттадир, дейди. Чунки Яҳё Исо Масиҳнинг нажотини кўрмади. Чунки у тириклигида Масиҳнинг чиндан Масиҳлигига шубҳаланди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top