3:08

Воизлик 113

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азиз мухлисларимиз билан радио орқали бўлсада учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Азизлар, эсингизда бўлса, сизлар билан эшиттиришларимизнинг бирида Масиҳнинг тўккан қони ҳақида суҳбатлашган эдик.

Бугун ҳам сизлар билан шу мавзу ҳақида бироз суҳбат олиб борсак. Чунки, азизлар, Раббимиз Исо Масиҳ биз учун Ўз жонини қурбон қилди ва Муқаддас қонини тўкиб, ҳар биримизни жуда қиммат нарх эвазига сотиб олди. Азизлар, шу тўкилган қон бизларни нафақат гуноҳдан озод қилди. Шу тўкилган қон эвазига биз виждон азобидан ҳам қутилишимиз мумкин экан.

Ибронийларга мактубининг 10 боби 22 оятида шундай ёзилган: “Шундай қилиб, дилларимиз ёмон виждондан покланган, баданимиз эса тоза сув билан ювилган бўлиб, биз энди тўла ишонч ва эътиқод билан, чин қалбдан Худога яқинлашайлик”. Азиз радио тингловчилар, бу фикр жуда муҳим бўлгани учун, бир оз шу масалага ойдинлик киритсак.

Қаранг, оятда Рабимиз Исо Масиҳнинг қони юракларимизни тозалайди деб ёзилган эмас. Баъзида биродарларимиз: ”Раббим Исо Масиҳ, мени юрагимни Ўз қонинг билан ювиб тозалагин”, деб дуо қилишади. Бундай одамлар Масиҳ қонининг таъсир доирасини нима эканлигини тушунмаган бўлса керак. Худован Ўз сўзида бизларнинг юракларимиз жуда ёмон эканлигини айтади.

Еремиё 17 боб 9 оят. Азиз тингловчилар, ҳозирги замонавий сўз билан айтадиган бўлсак, бизларнинг юракларимиз ремонт қилишга эмас, янгиланишга муҳтож. Шундай экан, Отамиз Худованд ҳар биримизга янги юрак беришни хоҳлайди. Оддий бир мисол билан айтадиган бўлсак, увадаси чиққан, учоққа ташланадиган кийимларни биз яна олиб ювиб дазмоллаб киймаймиз.

Аксинча, бироз маблағ тўплаб янги, ўзимизга ярашадиган чиройли кийим сотиб оламиз. Шундай экан азизлар, бизнинг эски ўзлигимиз, энди йўқ қилинишдан бошқа ҳеч нарсага ярамайди. Эски ўзлигимизни энди хочга михлаш керак. Худованд энди ҳар биримизни янги инсон қилиб яратсин. Худованд айтади, Мен сизларга янги руҳ ва янги юрак бераман деб.

Муқадас Китобда бирон жойда қон бизларни юракларимизни тозалайди деган оятни учратдингизми? Азизлар, ахир Масиҳнинг қони биринчи навбатда Худованд учун тўкилди. Тўғри, ибронийларга мактубида қон бизларни юракларимизни тозалаши ҳақида айтилган. Лекин қон бизнинг юрагимизни фақат ёмон виждондан тозалайди.

Худованд билан бирга юриш учун юракнинг гуноҳ ҳиссидан озод бўлиши жуда муҳимлигини ҳар биримиз яхши билишимиз керак. Ҳурматли радио тингловчилар, сизлар билан хайрлашар эканмиз, оилангизга тинчлик, марҳамат ва Худованднинг баракасини сўраймиз. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top