3:20

Руҳий ғалаба 3

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сизлар билан радио эфир орқали ғойибона бўлсада учрашаётганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Спортчи доимо кимгадир рақиб бўлганида унда битта мақсад бўлади, яъни рақибидан устун келиб ғалаба қилиш.

Шунга ўхшаб бизнинг ҳам олдимиздаги битта мақсад — шайтон устидан Худовандимиз хоҳлаганидек ғалаба қилишдир. «Шайтон» сўзи Худо ва инсониятнинг энг катта рақиби ёки душмани деган маънони билдиради. Бу иблиснинг асл исмидир. Баъзи бир одамлар шайтон деган душманнинг борлигига унча ҳам ишонавермайдилар.

Аммо унинг борлиги ва ҳатти-ҳаракати кўплаб ёвузлик ва азоб-уқубат муаммоларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Муқаддас Калом ҳам шайтон ҳақиқатан ҳам бор ва унинг қиладиган иши Худо бошқарувига одамлар орқали қаршилик кўрсатиш, деб аниқ айтади. Шу сабабдан ҳам дунёда ўғирлик, зўрлаш, одам ўлдириш, бировга туҳмат қилиш ва шунга ўхшаш кўплаб Худовандга қарши бўлган, ва айни пайтда Худованд шу каби гуноҳлардан огоҳлантирганлиги маълум.

Худо ёвузликнинг инъикоси бўлган шайтонни нима сабабдан бутунлай йўқ қилиб юбормасдан, аксинча, унга йўл бераётганлиги кўпчиликни ҳайрон қолдириши аниқ. Айниқса бу саволни эндигина Масиҳни таниб билган биродарларимиздан кўп марта эшитган бўлсак ажаб эмас. Бу саволга ҳозирги кунгача қониқарли жавоб топилгани йўқ. Эҳтимол, Раббимиз бу йўл билан ёвузлик ва гуноҳ ҳеч қачон биз излаётган ҳаётнинг асл маъносини очиб беролмаслигини кўрсатмоқчидир.

Балки Худованд биз инсонлар орқали шайтонни енгишни хоҳлаётгандир. Бу бизга қоронғу. «Шайтон» сўзи қадимий грекча сўз бўлиб, баъзан инсоннинг душманларига нисбатан ишлатилади. Масалан, Забур Китобининг 108 саноси 6 бобини ўқиб кўришингиз мумкин. Каломнинг бир парчасида бу сўз Валаамга қаршилик қилган Худо фариштасига нисбатан қўлланилган.

Бироқ Таврот, Пайғамбарлар Китоблари ва Забурнинг қаерида учрамасин, бу сўз Худонинг, одамларнинг ва ҳар қандай эзгуликнинг энг катта илоҳий душманига нисбатан айтилади. Шунингдек, Янги Аҳдда ҳам бу сўзни тез-тез учратишимиз мумкин бўлади. Шайтоннинг Янги Аҳдда кенг тарқалган исми ― «иблис» бўлиб, «туҳматчи» ёки «сохта айбловчи» деган маъноларни билдиради.

Қуйида эса шайтоннинг Янги Аҳдда келадиган бир қанча исмларини келтирамиз: “Васвасачи”, Баалзабул”,“Маккор”,“Бу дунёнинг ҳокими”, “Бу дунёнинг тангриси”,

“Алайҳилаъна”, “Фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким”, “Биродарларимизнинг туҳматчиси”. Биргина шайтоннинг шунча исми бор экан. Унинг биз Масиҳга ишонган инсонлар учун тайёрлаган қанча ҳийласи бўлиши мумкин. Шундай экан, ҳурматли радио тингловчи биродар, доимо ҳаётдаги содир бўладиган руҳий жангга тайёр бўлмоғимиз ва, албатта, шу жангда руҳий ғалабага эришмоғимиз зарур. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top