3:01

Амалсиз имон

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи. Сизлар билан яна ғойибона учрашиб турганимиз учун Отамиз Худовандга чексиз миннатдормиз. Мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Дунёда теория ва практика деган сўзлар мавжуд. Агар шу икки сўзга қисқача изоҳ бериб ўтадиган бўлсак, улар шундай таърифланади: теория — бу ўрганаётган нарсангиз хақида эшитиш ва кўпроқ билимга эга бўлишдир.

Практика дегани эса, ўша эшитган нарсаларингизни энди амалда қўллашдир. Масиҳийлик ҳаётига шу икки сўзни қўллаб кўрсак. Биз ҳар биримиз Раббимиз ҳақида ва У бюурганлари ҳақида кўп билимга эга бўлишимиз мумкин. Лекин шу билганларимизни амалда қўлламасак, барчаси беҳудадир. Амалсиз имон ўликдир. Масалан, айримларимиз шундай ўйлашимиз мумкин:

Мен ўзим қийналиб юрибман-ку, бошқаларга қандай қилиб ёрдам бераман? Азиз биродар, Худованд бундай фикрдан рози эмас ва қабул қилмайди. Қўлдан келгунича биродарларга, қўни –қўшниларга ва қийналаётганларга ёрдам бериш — бу ҳақиқий имондан дарак. Бошқаларга муҳаббат кўрсатиш ва яхшилик қилишнинг баҳоси йўқдир.

Мухаббат ва бошқаларга яхшилик қилиш, худди чироқ каби хар тарафга нур сочиб туради. Ёқуб мактубининг иккинчи боби ўн тўртинчи ояти шундай деб ўргатади: “ Эй биродарларим, агар бирор киши имони борлигини айтса-ю, хайрли ишлар қилмаса, нима фойдаси бор?Бундай имон уни қутқарармикин”? Азиз радио тингловчи биродар.

Масиҳ бизга шуни амр этадики, доимо бошқаларга кўмаклашайлик. Ҳозирги кунда дунёда оч нахор инсонлар кўплаб топилади. Улар ҳам Худованд томонидан яратилган. Айрим сабабларга кўра улар шу аҳволга тушганлар холос. Балки кимнингдир ёрдами ила шу инсонни ҳаёти ҳам ўзгариши ва Масиҳни таниб билиши мумкин. Мен ўзим телевизор орқали бир воқеани гувоҳи бўлдим.

Бир аёл кўчада ҳеч вақога эга бўлмаган кишини ўз уйига олиб бориб, ювиб, тараб, овқатлантиради. Қарасаки, туппа-тузук инсон экан. Ҳатто ўқимишли кишилиги маълум бўлади. Фақатгина айрим муаммолар туфайли шу аҳволда қолганлигини шу аёлга гапириб беради. Кейинчалик эса улар бир-бирига кўнгил қўйиб турмуш қуришади.

Ҳозирги кунда эса жуда бахтли оилалар сафидан ўрин олишган. Мана бу амалда ўз имонини ва севгисини бошқалар билан бўлишиш демакдир. Азизлар, биз фақатгина ўз яқинларимиз ёки дўстларимизни эмас, ҳатто душманларимизни ҳам сева олишимиз керак. Худованд шуни истайди. Азиз тингловчи, агар кимдадир бошқаларга нисбатан севги бўлмаса, ёки ҳали амалда Худованд учун ҳеч нарса қилмаган бўлса, вақти келди.

Дунёдаги одамлар сизни ҳақиқий имон эгаси эканлигингизни кўрсинлар. Шу орқали Худовандга ўзларининг гуноҳкорлиги ҳақида айтиб тавбага қилсинлар. Хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top