3:26

Бахтли болалик

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна азизлар, сиз билан радио тўлқинлари орқали биргамиз. Шундай имконият учун Худовандимизга миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали Муқаддас китобдан Ибтидо 37 боб 1 оятдан то 11 оятгача бўлган жойларни ўрганиб чиқсак.

Худованд Исроил деб исм берган Ёқуб узоқ йиллар давомида ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб ҳамда оғир синовлардан сўнг ниҳоят, Худованд унинг бобоси Иброҳимга, отаси Исҳоққа ва унинг ўзига мулк қилиб ваъда берган ерга келди. Худованд бу ерни Иброҳим авлодига абадий қилиб берган экан, бу ер Ёқубнинг ҳам юрти, ҳам Ватани бўлиб қолиши керак эди.

Ёқуб бу ерда ўз уйида, ўз ерида эканлигини билган ҳолда тинчгина ўз подасини боқиши мумкин эди. Шундай қилиб, оғир кунлардан сўнг ниҳоят ёруғ кунлар келди.

Кексайиб қолган Ёқубнинг энг катта қувончи унинг севимли ўғли Юсуф эди. Юсуфнинг — ташқи кўриниши ёқимли, кўнгилчан ҳамда ўзгача қобилиятли бола эди. Унинг отаси совға қилган ранг-баранг кийимига гўёки шоҳона тож етишмаётгандек эди.

Азиз радио тингловчилар эслатиб ўтамиз, Шарқда ранг-баранг матодан тикилган кийимни бирон-бир одамни бошқалардан алоҳида хуш кўришнинг рамзи сифатида берилган. Юсуф акалари билан пода боқишга бормасдан, одатда отасига ёрдам бериб, уни зериктирмаслик учун отаси ёнида қолар эди. Ҳурматли радио мухлислар, тасаввур қилайлик, кун ботаётган пайтда ота ўз ўғли билан чодир олдида ўтиришибди.

Ёқубнинг эса сочлари оқарган бўлиб, ажинларга тўла юзи эса унинг узоқ ҳамда оғир ҳаётини акс эттираётгандек эди. Унинг оёқлари остида эса чиройли қўйкўзли бола жингалак бошини қўлига тираган ҳолда отасига ҳавас билан боқар ва уни диққат билан тинглар эди. Отаси бир қанча йиллар олдин ажойиб, кўркам ерда жаннат — Адан боғи бўлганлиги ва бу боғда икки бахтли инсон яшаганлиги ҳақида сўзлар эди.

Бироқ, улар Худовандга қулоқ солмай гуноҳ қилдилар, натижада жаннатдан абадий ҳайдалган эдилар. Болакай ана шу ажойиб боғни бир маротаба бўлса ҳам кўришни жудаям хоҳларди! Шунингдек, отаси бутун инсониятнинг ота-онаси бўлмиш Одам Ато ва Момо Ҳавода икки ўғил туғилгани ҳақида сўзлаб берарди. Тўнғич ўғил, Қобил, ҳасадгўй, қайсар ва мағрур бўлиб ўсди. Кичик ўғил, Ҳобил эса мулойим ва ювош бўлиб вояга етди.

Азизлар, балки ота ўз фарзандига ака укалар орасидаги муаммолар нималарга олиб келиши мумкинлигини айнан шу ҳикоя орқали кўрсатмоқчи бўлгандир. Кейинчалик Қобил ҳасад қилиб Ҳобилни ўлдирди ва бу билан бечора ота-онасининг юрагини қайғуга тўлдирди. Нима бўлганида ҳам Ёқуб ўз фарзандларини биз каби севганлигига ҳеч ҳам шубҳамиз йўқ. Азиз радио тингловчи биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимизга шу жойда якун ясаб, сизлар билан хайрлашамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top